Урганч ёғ-мой корхона йилномаси
1889 йил, декабр. Хоразмда илк саноат корхона ишга туширилди. Унинг дастгоҳлари кема ва темир йўллар орқали АҚШдан келтирилган.

1888 йил, март. “Большая Ярославская Мануфактура”сининг агенти Д.Кузин Хива хони Муҳаммад Раҳимхондан (Янги) Урганчда пахта тозалаш заводи қуриш учун рухсатнома олди.

1889 йил, декабр. Хоразмда илк саноат корхона ишга туширилди. Унинг дастгоҳлари кема ва темир йўллар орқали АҚШдан келтирилган.

1890-1900 йиллар. Завод йилига 350-400 минг рублга тенг (тилло пул ҳисобида) маҳсулот ишлаб чиқара бошлади.

1903 йил. Ака-ука Крафтлар Янги Урганчда Русско-Азиатский банк бўлимини очдилар ва заводда шерикчилик (компаньонлик) асосида иш олиб бордилар.

1905 йил. Январ ойида Санкт-Петербургда содир бўлган қонли якшанба таъсирида корхона ишчилари орасида норозилик кайфияти қўзғолди.

1910 йил. Ака-ука Крафтлар завод корпусларини янгидан қурдилар ва уни пахта-мой корхонасига айлантириб, тўла хўжайини бўлдилар.

1919 йил декабр. Жунаидхон босқини сабабли заводда ёнғин чиқди. Ишчилар ўз корхонасини ҳимоя этиш учун 10 кун курашдилар.

1920-1922 йиллар. Завод таъмирланиб ишга туширилди. Унга И.А.Черезов директор этиб тайинланди.

1923-1925 йиллар. Завод ишчи-хизматчилари сони 150 нафарга етди. Улар орасида 22 рус, 9 татар, 17 ўзбек ва бошқа миллат вакиллари бор эди.

1925 йил. Завод бир йилда 524 тонна ўсимлик ёғи ва совун ишлаб чиқаришни 90 тоннага етказди.

1930 йил. Янги пахта заводи ишга туширилди. Заводлар ўртасида юргизиладиган “Поезд” ишга тушди. Темир йўлнинг узунлиги 1,5 километр эди.

1932 йил. Завод янгидан реконструкция этилди ва бир кеча кундузи: 3885 кг. қора мой, 3334 кг. ўсимлик ёғи, 590 кг. совун ишлаб чиқариш қувватига эга бўлди.

1940 йил. Заводнинг электр-энергия ишлаб чиқариш қуввати 400 от кучига тенг келтирилди. Корхонанинг малакали ходимлари Хива, Ҳазорасп, Манғит, Хўжайли, Хонқа заводларига ёрдамга бордилар.

1941-1945 йиллар. Заводнинг 465 нафар ишчи, инженер-техник ходими фронтга жўнаб кетди. Уларнинг учдан бир қисми қайтиб келмади.

1950-1960 йиллар. Заводда 4 та цех 8 смена ишлади. У ўз маҳсулотларини АҚШ, Дания, ГДР, Польша, Миср каби 12 давлатга экспорт қилиб турди.

1959-1963 йиллар. Корхона Тахиатош электр энергияси ва Бухоро газига узлуксиз уланди.

1965-1980 йиллар. Урганч ёғ-мой заводига Сотим Нурматов раҳбарлик қилди.

1964-1977 йиллар. Урганч шаҳрида замонавий ёғ-мой комбинати қуриш ва смета лойиҳаларини тайёрлаш 15 йилга чўзилди.

1977 йил 28 октябр. Ўрта Осиёда энг улкан (гигант) Урганч ёғ-мой экстракция комбинатининг биринчи босқичи ишга туширилди.

1979-1999 йиллар. Корхонага моҳир ташкилотчи Тельман Раззоқович Мусаев раҳбарлик этди.

1990 йил декабр. Корхонанинг 100 йиллик юбилей тўйи ўтказилди.

1991 йил 31 август. Ўзбекистон Мустақиллиги куни корхонада катта шодиёнага айланди.

1994 йил. Комбинат давлат тасарруфидан чиқарилиб корпоратив бошқаришга асосланган очиқ акциядорлик жамиятига айлантирилди.

1991-2000 йиллар. Комбинат йилига 40-42 минг тонна ўсимлик ёғи, 36 минг тонна тозаланган ёғ, 15 минг тонна хўжалик совуни ишлаб чиқариб, жами маҳсулотлар 40 миллион сўмни ташкил этди. 1999 йилда ялпи маҳсулотнинг йиллик қиймати 5,4 миллиард сўмдан ошди.

2007-2011 йиллар. Республика Президентининг ёғ-мой саноати корхоналарини модернизация этиш ва техник, технологик қайта жиҳозлаш Давлат дастурини бажаришга киришилди. Корхона цехлари хориждан келтирилган “Б6-Т МЭМ-400”, “ЕТР-20,16”, “SKET”, “MT3-80”, гидрогенизация цехи каби ўнлаб дастгоҳлар билан жиҳозлантирилди.

2010-2013 йиллар. Корхона ишчи-хизматчилари сони 1029 кишини ташкил этиб, улар 22 цех ва бўлимларда самарали меҳнат қилмоқдалар. 17 мамлакат билан иқтисодий алоқалар ўрнатилган.

Урганч ёғ-мой очиқ акциядорлик жамияти Жаҳон пахтачилик кенгашининг сертификати ва халқаро нуфузли “Олтин юлдуз” ва “Янги эра” нишонлари билан тақдирланди. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ассортименти 15 тага етказилди.

2012-2015 йилларга мўлжалланган Хоразм вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини тубдан яхшилаш Давлат дастурига кўра Урганч шаҳридаги “Ёшлар кўли” мажмуаси бунёд этишда ҳамда “Тинчлик” кўчасини ободонлаштиришга ҳомийлик ёрдам уюштириш бўйича бир ярим миллиард сўм харажат этиш режалаштирилди.

2014 йил. Урганч ёғ-мой ОАЖ жамоаси Хоразм воҳасида ёғ-мой саноатига асос солинганлигининг 125 йиллиги муносиб кутиб олинди.

© К.Нуржонов. “Хоразм саноатининг тўнғичи”

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР