Крафтлар фожиаси (қисқача тарихий маълумот)
XIX аср охири ва XX бошларида Европада донг таратган “пахта қироли” ака-ука Крафтлар сулоласининг беҳисоб бойликлари, Ўрта Осиё, Россия ва Германиядаги заводлари, савдо уйлари “Октябр тўнтариши” натижасида қўлдан кетади деб ҳеч ким ўйламаган эди.

XIX аср бошларида собиқ Ревеле (ҳозирги Таллин) шаҳридан Москвага кўчиб келган ака-ука Иоганн ва Генрих Крафтлар қарийб бир аср Россияни полиграфия, саноат, текстил ва пахта тозалаш корхоналари маҳсулотлари билан таъминлаб турарди. 1885 йилдан эътиборан улар кўтара пахта савдоси билан шуғулланиб, Ўрта Осиё ҳудудларида (Қўқон, Хива) банк хизмати, савдо-саноат капиталини киритиш орқали пахта ва ёғ заводларидан катта даромад олдилар.

Тадбиркорлик ва ишбилармонлик отадан болага мерос тарзида ўтиб, уларнинг савдо бозорлари географияси Туркия, АҚШ, Франция, Германия, Кипр ва бошқа республикаларга кенг қулоч ёйган. Таомилга кўра Крафтлар ёз ойларида Германия, Белгия курортларида хордиқ чиқарар, йўл-йўлакай турли шаҳарларда пахта, қоғоз, тўқимачилик корхоналари нарх-навоси ҳақида маълумот тўплардилар. Ана шундай саёҳат ва тижорат кунларининг бирида Александр Крафт катта бой Бернес исмли тадбиркорнинг қизи Эмма билан танишади. Уларнинг никох тўйи 1901 йилинг 20 январ куни бўлиб ўтади. Александр билан Эмма асал ойини Италиянинг Рим, Флоренция шаҳарларида нишонлайдилар. Кексайиб қолган Генрих келин-куёвларга Москва яқинидаги “Кастино” боғ-ҳовлисини ҳадя этади. Шундан сўнг ака-ука Крафтлар олтин банк тизими, “Большая Ярославская мануфактура” фабрикаси, Нижний Новгород ва Москва савдо ярмаркаларида қизғин фаолият билан шуғулланадилар. Сўнгра Фарғона водийсининг гавжум савдо шаҳри Қўқонда отаси ва амакиси очган “Братья Крафт” савдо уйида бошлиқ ўринбосари, приказчик вазифасида билим ва кўникмаларини ошириб мустақил ишлашга ўрганадилар.

1903 йилда Русско-Азиатский банкининг янги Урганч филиалини очадилар. 1910 йилда “Большая Ярославская мануфактура”сига қарашли пахта заводини сотиб оладилар ва уни Германия ва АҚШдан олиб келинган замонавий дастгоҳлар билан жиҳозлайдилар. Бахтга қарши 1914 йил 1 августда бошланган 1-жаҳон уруши яхшиликка олиб бормаслигини олдиндан пайқаган Крафтлар заводларини Мануйловга сотиб Москвага кўчиб кетадилар.

Улар оз нарсани деб кўп бойликдан Реутово, Воскресенский, Богороденко ҳамда “Каспийское товарищество” ширкатидаги мол-мулкидан ажралишни истамасдилар. Ўйлаганларидек, 1917 йилда шўролар ҳукумати уларнинг мол-мулки, завод-фабрикаларини мусодара этди.

Катта Крафт Москва пахтачилик депортаменти бошлиғининг ўринбосари вазифасига ишга жойлашади. Бехавотир яшаш учун “Кастино” дала-ҳовли саройига кўчиб келганларида ВЧК ходимлари Александрни ҳибсга олади. Сал вақт ўтмасдан Крафтларга тегишли ушбу манзил большевиклар йўлбошчиси В.Ульянов (Ленин) даволанадиган оромгоҳга айлантирилади. Айбсиз айбдорга айланган Крафтлар тергов қилинади. Яхшиямки, ота-боболаридан қолган тарихий ҳужжатлар туфайли Крафтлар муқаррар ўлим жазосидан қутиладилар. Энди уларга Россияни тарк этишдан бошқа имкон қолмаганди.

Йўлдаги текширув-тинтувлар, сарсон-саргардонликларга бардош беролмаган укаси Константин вафот этади. Александр Крафт Берлин яқинидаги Фрейбург шаҳридан уй сотиб олади. Бахтиёр кунлар узоққа чўзилмайди. 1927 йили хотини Эмма 3 ўғил-қизни етим қолдириб оламдан ўтади. Шу зайлда нафақат Россияда, балки бутун Европада ҳам энг бой кишилардан бири ҳисобланган Александр Крафт ёлғизлик, ғам-ғуссага тўла кексалик, айрилиқ азоб-уқубатларини бошидан кечиради.

Унга энди ҳаётнинг қизиғи қолмаганди, асабий ҳолатда 1935 йили автомобиль ҳалокатига учраб вафот этади. Ўлими олдидан дўст-биродар, яқинлари билан видолашаркан қўлдан кетган беҳисоб бойликлар, уй-жой, завод-фабрикаларини тилга олмай, жасадини ота ва онасининг хоки қўйилган рус тупроғига кўмишларини илтимос қилади. Чунки у бутун ҳаёти илғор рус маданияти, Л.Н.Толстой, Н.В.Гогол, А.С.Пушкин, А.Глинка, Достоевский қаҳрамонлари руҳида тарбияланган замонавий немис фарзанди эди.

Шу тариқа Россия, Кавказ, Ўрта Осиёнинг гўзал Фарғона водийси ва Хоразмнинг турли жойларида юзлаб савдо шохобчалари, завод ва фабрикалар очиб дунёга танилган миллиардер Крафтлар сулоласи барҳам топди.

Шу нарса маълумки, ибратли ва савоб ишлар ҳеч қачон изсиз йўқолиб кетмайди. Москва шаҳри яқинидаги “Костино” оромгоҳида Крафтлар қурган тарихий бино ўлкашунослик музейига айлантирилган, Қўқон шаҳрининг “Истиқлол” проспектидаги (собиқ Розенбах) муҳташам сарой ҳамон савлат тўкиб турибди. Хивадаги Нуруллабой саройи, 1913 йилда қуриб фойдаланишга топширилган почта, телеграф, касалхона ва яқин-яқинларгача Урганчда сақланиб келган Рус-Осиё банки биноси, пахта тозалаш ва ёғ-мой заводи бинолари ака-ука Крафтлардан қолган ўзига хос ёдгорлик эди.

1903 йил 8 сентябрда Янги Урганчдан “Қўқон” шаҳридаги савдо уйи раҳбари ака-ука Крафтларга йўлланган ҳужжатнинг фото нусхаси.

© К.Нуржонов. “Хоразм саноатининг тўнғичи”

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР