Сотим Нурматов ва унинг издошлари
Хивалик оддий сувоқчи уста Нурмат отанинг тўнғич ўғли Сотимбойнинг ёшлик йиллари оғир меҳнатда ўтди. У отаси билан турли шаҳар ва қишлоқларда юриб сувоқчилик, печка қуриш, пахса девор кўтариш билан шуғулланди.

15 ёшга ҳам етмасдан Ашхобод шаҳри яқинидаги сержантлар тайёрлаш билим юртида Қорақум-Небит доғ яқинидаги ҳарбий полигонларда тажриба орттирди. 3-Белоруссия фронти таркибидаги 43-армия-нинг 51-батальонида душманга қарши жанг қилди. Кенигсберг энг мустаҳкам қалқон сифатида 1945 йилнинг апрел ойигача таслим бўлмаган эди. Сотим Нурматов бошлиқ отрядга тунда муздек дарё сувини кечиб ўтиб қарши томоннинг ДЗОТ ини портлатишдек шарафли вазифа топширилди. У бу вазифани шараф билан бажариб қаҳрамонлик унвонига мушарраф бўлди.

Хоразмнинг урушга кетган йигитларидан чиққан биринчи қаҳрамонини кутиб олиш катта байрамга айланди.

1945 йил 24 июнда Москвада бўлиб ўтган Ғалаба парадида қатнашиш бахтига муяссар бўлган уруш қаҳрамони Сотимбой Нурматовнинг Хоразмда кутиб олиниши ва унинг оилавий ҳаёти, ўқиши ҳамда турли масъулиятли вазифаларда ишлаганлиги ҳақида “Тўмарис авлоди” (Тошкент, “Истиқлол” нашриёти, 2008-йил 496-497-бетлар) тўпламида чоп этилган мақолада қуйидаги сатрлар берилган:

“Қаҳрамон алп йигитларни кимлар орзу қилмайди, дейсиз. Ён қўшни қизнинг ота-она, қариндошлари Сотимбойдек йигит куёв бўлишини истаб турган эканми, тез орада тўй ҳам бўлиб ўтди. Замонанинг зайлига қараб, икки ёшни ўқишга жўнатишди. Сотимбой олий фирқа мактабига, Холидахон эса Ўрта Осиё Дав-латуниверситетининг тил ва адабиёт факультетига ўқишга кирдилар. Ҳа демай талабалик йиллари ҳам ортда қолди. 1950 йил ёш оила учун қўша-қўша қувончлар йили бўлди. Шу йили тўнғич фарзанд Дилором дунёга келди. Сотим акани Ҳазорасп туман ижроия қўмитаси раиси вазифасига, Холидахонни А.С.Пушкин номли мактабга ишга тайинлашди.

Йиллар кетидан йиллар ўтди. Сотимбой Нурматов Қашқадарё вилоятининг Китоб туман партия комитетининг биринчи котиби вазифасига тавсия этилди. Ёш, тиришқоқ раҳбар бу ерда кўплаб хайрли ишларга қўл урди. Туман иқтисодини ривожлантириш, маданияти ва санъатини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшди.

Нотаниш одамлар орасида, узоқ юртларда ишлаш ва яшашнинг ўзи бўлмайди. Бунинг устига Китоб тоғолди чорвадорлар, пахтакорлар тумани эмасми, саркотибнинг иши бошидан ошиб ётарди. Гоҳ у ерда, гоҳ бу ерда кутилмаган тошқин муаммоларини ечишга тўғри келарди. Баъзан Сотимбой акани 3-4 кунлаб дашт-тоққа чорвадорлар олдига чиқиб кетар, гоҳ Қарши, гоҳ Тошкентга мажлисларга чақиртиришарди.

Холидахон оиласи ва фарзандларининг бахтли келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олиб болаларнинг ўқишларига катта эътибор қаратди. Натижада фарзандларининг ҳаммаси ақлли, олий маълумотли бўлиб вояга етишди. Дилором, Гавҳар, Сайёра ва Рустамлар она касбини эгаллаб педагог бўлишди. Қаҳрамон тажрибали ҳуқуқ ходими – прокурор, Шуҳрат вилоят халқ таълими бошқармаси ходими вазифасида фаолият кўрсатишди. Келинлари ва куёвлари ҳам олий маълумотли, обрў-эътиборли кишилар бўлиб етишишди.

Сотим Нурматов 1960 йилда Хоразм саноат корхоналарининг илк қалдирғочи Урганч ёғ-мой заводига раҳбар этиб тайинланди. Сотим ака гарданида корхонани бутунлай таъмирлашдек оғир ва масъулиятли вазифа турар эди. У бундай оғир ишнинг уддасидан чиқди. Янгидан 4 та корпус қурилди. Дастгоҳлар янгиланди, ишчилар сони 480 нафарга етказилди.

Энг аввало собиқ аскар-қўмондон эмасми, корхонада темирдек мустаҳкам интизом ўрнатди. Турдош ташкилотлар тажрибасини ўрганди, юқори ташкилотлар ҳамда вазирликлар билан самимий алоқаларни ўрнатди.

Халқимизда яхшидан боғ қолади деган ҳикматли мақол бор. Кези келганда завод директори С.Нурматов билан Ўзбекистон партия ташкилотининг бош раҳбари Шароф Рашидовнинг қуролдош дўст, маслакдош эканлигини эслатиб ўтиш зарур. Бундай дўстона муносабат ўзининг ажойиб самарасини бериши табиий.

Маълумки, 1963 йилда Бухоро гази Хоразмга етиб келди. Ўша йили завод узлуксиз табиий газга уланди. Шу муносабат билан завод биноси олдида Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов иштирокида митинг бўлиб ўтди.

Удумга кўра ўша куни меҳмонларга дастурхон ёзилди. Сотим оға Шароф Рашидовга катта миннатдорчилик сўзларини айтиб хон замонидан қолган заводни янгилаш, имкон топилса уни шаҳар чеккасига кўчириш, янги дастгоҳлар билан жиҳозлаш таклифини ўртага қўйди. Шароф Рашидов ушбу масалани албатта ҳал этишга ваъда берди.

Сотим Нурматов уруш кўрган, дунё таниган раҳбар эмасми ишни корхонада узоқ йиллардан буён ишлаб келаётган фахрийлар билан маслаҳатлашиш ва республикадаги пешқадам Андижон, Каттақўрғон ва Қўқон ёғ-мой комбинатлари билан яқиндан алоқалар ўрнатилиб улар билан тажриба алмашишдан бошлади. Ташкил қилинган ўзаро мусобақаларда ишчилардан 6 нафари М.Рўзметов, И.Убодуллаев, Р.Сигбатуллина, смена муҳандиси Амит Умаровлар ғолиб деб топилди ва рағбатлантирилди. Бундан ташқари ишлаб чиқариш илғорларидан Матрасул Ёқубов, Эгам Қурёзов, Ражаб Давлатов, Раиса Сигбатуллина, Саид Тожибоев ва бошқа ишчи ва хизматчилар ўз ишининг усталари бўлган фидойиларга моддий ёрдам уюштирилди. Шу даврда илғор бригадаларда ишлаб келган Валентина Гагамова ва Эгам Исоқов каби иш усталари қолоқ бўлган бригадаларга ўтиб ишлаб, иш унумдорлигини оширдилар. Натижада заводда 1961 йилда ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш кўрсаткичлари муддатидан олдин бажарилиб, пландан ташқари 542 минг сўмлик маҳсулот етказиб берилди.

Бундан ташқари келгусида хўжаликда экиш учун мўлжалланган чигит уруғини алоҳида саралаш чоралари кўрилди. Юмшоқ фильтрловчи дастгоҳлар ўрнатилди. Ишлаб чиқаришга янги техникани жорий қилиш учун давлат банкидан 77 минг сўм кредит олинди. Ана шу тадбир сабабли 1962 йилда ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 103,5 фоизга бажарилган. Натижада пландан ташқари 128 тонна қора мой, 18,3 тонна оқ ёғ, 394 тонна хўжалик совуни, 566 тонна кунжара ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

Завод ишлаб чиқаришида фидокорона меҳнат қилган ва мусобақа ғолиблари деб топилган смена муҳандиси Курагина Таисия Ивановна, слесар Саъдулла Ибодуллаев, электр пайвандчи Уткина, жаровшик Т.Мадаминов, штампловчи Марям Қўчқорова, слесар Чурилкин, прессловчи Саид Арзимуродов ва бошқа фидойилар фахр билан тилга олинди.

1962 йилда завод жамоаси Гурлан туманидаги қолоқ хўжаликлардан учтасига оталиқ ёрдами уюштириб 50 тонна минерал ўғит, 50 тонна шелуха ва кунжара, “ГАЗ-51” машинаси учун эҳтиёт қисмлар етказиб берди.

Урганч ёғ заводининг совун пишириш цехида совунни пресслаб совутиш соҳасидаги оғир қўл меҳнатини енгиллаштириш, оқ ёғ ишлаб чиқаришнинг сифатини тубдан яхшилашни ташкил қилиш учун заводнинг совун пишириш цехи қайта жиҳозлаб таъмирланди. Ўзбекистон ҳукуматининг 18 декабр 1960 йилдаги 22-сонли қарорига асосан заводни таъмирлаб қуйидаги натижаларга эришиш кўзда тутилди:

1. Меҳнат унумдорлигини 312 фоизга кўтариб, 4820 тонна ёғ ишлаб чиқиш, ҳар бир тонна совуннинг нархини 20 фоизга камайтириш.
2. Оғир қўл меҳнатига кетадиган харажатларни камида 2 баробар камайтириш.
3. Цехларда ишлаб чиқариш маданиятини ошириб ишчиларга ишлаш учун қулай шароитлар яратиб бериш.
4. Корхонадаги барча бевосита ва билвосита харажатларни камида 12-20 фоизга камайтириш имкониятларини яратиш кўзда тутилган эди.

Тошкент шаҳридаги “Гидрожир” лойиҳалаш институти тузган смета-молиявий ҳисоблари асосида Урганч ёғ заводининг совун пишириш цехини янгидан реконструкция қилиш учун керак бўлган маблағ жами 75390 сўмни ташкил қиларди. Шу асосда совун пишириш цехини реконструкция қилиш бошлаб юборилди. Оғир қўл кучи асосида бажариладиган, маънавий эскирган барча техника ва механизмлар унумдорлиги юқори бўлган замонавий, “Масоми” маркали технология асосида механизмлар ўрнатилди.

1963 йилнинг кузида завод узлуксиз табиий газ ва электр энергияси билан таъминлангандан кейин цех ва бўлимларда ишлаб чиқариш авж олиб кетди. Натижада план 106,6 фоизга бажарилиб, қўшимча 584 тонна қора ёғ, 420 тонна оқланган ёғ ва 138 тонна хўжалик совуни ишлаб чиқарилди.

Жамоада фан ва техника ривожланиши асосида ишлаб чиқариш кучларидан самарали фойдаланиш, маънавий эскирган техника ва механизмлар ўрнини янги, унумдорлиги юқори бўлган ускуналар билан жиҳозлаш мунтазм олиб борилди. 1965 йилда совун пишириш цехидаги кам қувватли 2 та буғ қозонлари янгисига алмаштирилди. Натижада совун цехида ишлаб чиқариш ҳажми олдинига нисбатан 26 тоннага кўпайди.

Ўз касбини севиб, ихтирочилик таклифлари киритган Н. Федишев, С. Отажонов, М. Маҳмудов, Х. Иброҳимов, М. Перегудов, Й. Мазиков, А. Петешкина, В. Каримов, А. Г. Сорокин каби иқтидорли ишчи-хизматчиларнинг номлари заводнинг фахрий китобига ёзилди.

1. Исмоилов Х. – қозон тозаловчи
2. Урманов Тоир – слесар
3. Машарипов М. – бригада бошлиғи
4. Рўзметов М. – прессловчи
5. Рожкова Варвара – фильтрловчи
6. Машарипов Матрасул – электр монтёр
7. Бурухина Александра – лаборатория ходими
8. Бобожонова Б. – совун цехи ишчиси
9. Решетияк Пелагея – тозаловчи
10. Жуманиёзов Йўлдош – оддий ишчи
11. Лакарева С.Г. – план бўлими бошлиғи
12. Понамаренко Н.В. – боғча тарбиячиси

Уларнинг фидокорона меҳнатлари эвазига 1958-1965 йиллар давомида жами 86198 тонна қора ёғ, 66218 тонна оқланган ёғ, 17148 тонна хўжалик совуни ишлаб чиқарилди. 1965 йилда ҳар ишловчи ҳисобига 36727 сўмлик маҳсулот тўғри келди. Ўртача иш ҳақи 946 сўмни ташкил қилиб, бу кўрсаткич 1960 йилга нисбатан 129 сўмга ёки 11 фоизга кўп эди.

Завод раҳбари Сотим ака узоқни кўзловчи тадбиркор киши эмасми, корхонадаги майда-чуйда ҳолатларни, йиғилиб қолган яроқсиз темир-терсакларни қайта ишлов базасига жўнатиб турарди. Натижада корхона темир-терсак топшириш давлат режасини 2 ҳисса этиб бажарди. Натижада йиғилган темир-терсакдан Мурманск кемасозлик заводида катта кема ясалган. Ушбу ясалган теплоход кемасига “Урганч” номи берилган. Дунё денгизларида сузиб юрувчи “Урганч” теплоход кемасининг жамоаси билан икки ёқлама дўстлик алоқалари ўрнатилган.

1963 йилда Урганч ёғ заводининг ёғ оқлаш цехи бошлиғи Илҳом Абдураҳимов ва смена бошлиғи Озод Алимовлар “Урганч” теплоход жамоасининг меҳмони бўлишди. Улар “Урганч” теплоходи жамоасига Урганч ёғ заводи жамоасининг ишлаб чиқаришда қўлга киритган ютуқлари, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда, жамоатчилик ишларида актив иштирок қилиб келаётганликлари ҳақида гапириб бердилар.

Ўз навбатида теплоход кема жамоаси вакиллари Урганч ёғ заводига меҳмонга келиб кетдилар. Улар орасида “Урганч” теплоход капитани Ю.Дмитриев ўз рафиқаси билан, кема боцмани В.Зеленовлар бор эди. Уларни завод директори С. Нурматов катта эҳтиром ва ҳурмат билан кутиб олди.

Шундай қилиб, Урганч ёғ заводи ва “Урганч” теплоход кемаси жамоалари ўртасидаги дўстлик алоқалари кўп йиллар давом этиб келди.

1965-1970 йилларда корхона маъмурияти ишлаб чиқариш қувватларидан, ички резервлардан унумли фойдаланиш, хом ашё материалларини тежаб-тергаш юзасидан имкониятларни кўриб чиқди. Ишлаб чиқариш илғорлари, цехлар, бригадалар ўртасида мусобақалар ташкил қилинди. Натижада завод жамоаси шу даврга белгиланган ишлаб чиқариш режаларини 1970 йилнинг 1 декабрида бажариб, пландан ташқари 1184 млн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаришга эришди.

Завод маъмурияти ишчилар ўртасида иқтисодий ўқиш ташкил қилиб, ишлаб чиқаришга фан ва техника ютуқларидан 58 та рационализаторлик таклифларини киритиб, хом ашё материалларидан оқилона фойдаланиш эвазига 1966-1970 йилларда меҳнатни илмий асосда ташкил қилдилар.

Илғор ишчи-мутахассислар Ч. Й. Криницин, О.Й. Ёқубов, Х. Матжонов, Й. Мазитов, В. Алимов, А. Абдураҳмонов ва бошқалар ўз ишининг усталари сифатида ҳурмат билан тилга олинадилар.

1967 йилда иқтисодий самарадорликни ошириш юзасидан аниқ тадбирлар тузилди. Ишлаб чиқариш фондларини ташкил қилиш, хом ашёни тежаш, ишлаб чиқаришда таннархни камайтириш, тайёр маҳсулотлар сифатини яхшилаш чоралари белгиланди. Кўрилган чоралар натижасида ишлаб оқланган ёғнинг биринчи ва олий навларининг ҳажми 30-40 фоизга ошди, кунжаранинг сифати яхшиланиб, у чет давлатларга экспорт қилинди.

Биргина 1968 йилда заводда 8 та рационализаторлик таклифлари ишлаб чиқаришга жорий этилди. Рационализаторлардан И. Э. Чаплигин, Х. Й. Отажонов, И. Б. Абдураҳмонов ва бошқаларнинг мавжуд техника-механизмлардан ва ускуналардан фойдаланишни яхшилашга уринишлари натижасида бешта пишириш, совутиш системалари таъмирланди, совунни, кунжара, шелуха ва бошқа маҳсулотларни автомашиналарга юклаш механизациялаштирилди, кунжара омборхонаси янгидан реконструкция қилинди.

Завод тарихида маҳаллий кадрларни тайёрлашдаги кўп йиллик меҳнатлари учун қуйидаги қўли гул усталардан Яков Семенович Лонкин (1924 йилдан), Александр Морозов (1928 йилдан), Сергей Иванович Чулков (1926 й.), Василий Лавочкин (1931 й.), Александр Петрович Гладилин (1940 й.), Иван Яковлевич Кринисим (1946 й.) Зиминский, Приданников ва бошқа усталарнинг номлари завод “Ҳурмат китоби”га олтин ҳарфлар билан битилди.

Урганч ёғ заводи маъмурияти касаба уюшмаси билан ҳамжиҳатликда ишлаб чиқариш ҳажмини ривожлантириб, ишчи-хизматчиларга қулай иш шароити яратиш, транспорт хизмати кўрсатиш, дам олиш, соғломлаштириш, тиббий хизматлар кўрсатиш талаб даражасида йўлга қўйилиб, умумий овқатланиш жойлари ташкил қилинди. Ишчи-хизматчиларнинг фарзандлари учун болалар боғчаси, дам олиш оромгоҳлари қуриш, завод ишчи-хизматчиларини арзон гўшт, сут, гуруч, помидор, лимон, бодринг ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга катта эътибор бериб келинди.

Жумладан, 1968 йилда 100 нафар бола дам оладиган оромгоҳ ишга туширилди, янги боғча қурилди. 150 ўринли ошхона ва савдо хизмати кўрсатиш тармоқлари ташкил қилинди. Шунингдек, завод ишчи-хизматчиларининг маданий дам олиш клуби қурилиб ишга туширилди. Клубда газета ва журналлар, бадиий китоблар ўқиб дам олиш, шахмат-шашка ўйнаш, кино кўрсатиш хоналари ташкил қилинди.

Ўтган асрнинг 70-йилларида корхона суткасига 319-330 тонна, йилига 80-85 минг тоннагача пахта чигитини қайта ишлаб 13,4 минг тонна ўсимлик ёғи, 12,7 тонна оқланган ёғ, 36,4 минг тоннагача кунжара, 30 минг тоннадан кўпроқ шелуха, 5 минг тоннадан кўпроқ хўжалик совуни ишлаб чиқарди.

Сотим Нурматов Урганч ёғ-мой заводидаги 20 йиллик фаолиятида катта-ю кичик янгиликлар яратди, юзлаб шогирдларга устозлик қилди.

Уруш асорати ва югур-югурлар сабабли Сотимбой аканинг соғлиги оғирлашди. Кенигсберг мудофаасидаги жангдан танасида қолган осколка парчаси унинг самарали ишлашига монелик қиларди. Ана шундай дамларда Холида аянинг ташвиши ва изтироблари янада ошар, эрининг тезда соғайиб кетишини Яратгандан тилар, ўзи ҳамширалик қилар, керак бўлиб қолганида туни билан мижжа қоқмай ўтирарди.

Сотимбой ака нафақага чиққанидан сўнг ҳам ёшлар билан учрашиб, ўзи ишлаган завод ва комбинат ишчи-хизматчилари ҳузурида тез-тез бўлиб дилдан суҳбатлашарди.

1994 йил 4 август куни Хоразмнинг мард ўғлони Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Нуржон Ботир, Матмурот Девонбегилар жасоратининг давомчиси, қаҳрамон Сотим Нурматов оламдан ўтди. Эл-юрт уни сўнгги йўлга узатиш учун тўпланди. Видолашув митингги бўлиб ўтди. Орадан кўп ўтмай унинг хотираси абадийлаштирилиб Хивадаги “Ичон қалъа” музейида махсус бўлим ташкил этилди, корхонада ёдгорлик ўрнатишга қарор қилинди.

Шароф Рашидов, Мадиёр Худойберганов янги корхона қурилишини кўздан кечирдилар. (1977 йил)

Асосий юклар кириб-чиқиши учун мўлжалланган дарвоза. (1980 йил)

© К.Нуржонов. “Хоразм саноатининг тўнғичи”

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР