Русланбек Давлетов Президент Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди
Адлия вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Русланбек Давлетов Ўзбекистон Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

2016 йил сентябрдан адлия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган Русланбек Давлетов Ўзбекистон Президенти Давлат маслаҳатчисининг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Мазкур ўзгариш Президент Шавкат Мирзиёевнинг 4 январдаги қарорида ўз аксини топди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Давлетов тўртта олий таълим муассасаси, хусусан, Буюк Британиядаги Варвик университетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2001 йилда Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида етакчи мутахассис сифатида бошлаган. Кейинроқ мазкур қўмитада бош мутахассис, бўлим бошлиғи вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган.

2004−2012 йилларда Вазирлар Маҳкамаси Ҳуқуқий экспертиза ва халқаро шартномалар бошқармаси бош мутахассиси, 2012−2014 йилларда Олий суд ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш, суд тизими мустақиллигини таъминлаш тадқиқот маркази директори ўринбосари ва директор в.б, 2014−2016 йилларда — Президент Девонида сектор мудири лавозимларида фаолият олиб борган.

Биография

Давлетов Русланбек Қуролтаевич 1980 йил 1 июнда Хоразм вилояти Шовот туманида туғилган. Маълумоти — олий, ҳуқуқшунос, иқтисодчи. 2001 йил Буюк Британиянинг Варвик университети, 2003 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (магистратура), 2007 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва 2010 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2001 йилда Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг етакчи мутахассиси лавозимидан бошлаган. Кейинчалик мазкур қўмитанинг бош мутахассиси, бўлим бошлиғи вазифасини бажарувчиси лавозимида фаолият юритган.

2004−2012 йилларда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Ҳуқуқий экспертиза ва халқаро шартномалар бошқармасининг етакчи мутахассиси, бош мутахассиси, 2012−2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича Тадқиқот маркази директори ўринбосари, директор вазифасини бажарувчиси, 2014−2016 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Олий Мажлис, сиёсий ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш хизмати Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси тузилмалари билан фаолиятни мувофиқлаштириш шуъбасининг мудири лавозимларида фаолият кўрсатган.

2016 йил 21 сентябрь Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг биринчи ўринбосари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 январдаги Фармони билан Давлетов Русланбек Қуролтаевич Ўзбекистон Республикаси Президентининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР