Сўзлари ҳикмат, ҳаёт йўллари ибрат
Бугун умрини халқ таълими равнағига бахшийда қилган, мазкур тизимда ўзига хос таълим-тарбия мактабини яратган бу инсонни нафақат халқ таълими ходимлари, балки воҳа ижтимоий-иқтисодий турмушининг бошқа сохалари вакиллари ҳам яхши билишарди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси ҳайъати йиғилишининг қарори билан унинг номида махсус мукофотлар таъсис этилган, кўплаб тармоқ фидойилари устоз анъаналарини давом эттириб, ана шу мукофотлар га сазовор бўлганлар.

Матрасул Худойберганов 1916 йили Шовот туманида таваллуд топган. 1938 йили педагогика билим юртини, 1941 йили Урганч ўқитувчилар тайёрлаш ўқув муассасасини тугаллади.

Аммо, унга ўз ихтисослиги бўйича мехнат фаолиятини изчил давом эттириш насиб этмади. Барча тенгқурлари қатори Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларига отланди. Курск шаҳри остоналарида, илк бор душман билан рўбарў келди... Беомон уруш шафқат билмайди. Душман билан тўқнаш келганда иккилансанг, ҳаялласанг дайди ўқ қурбонига айланасан. Уруш вақт билан хисоблашмайди: на кечанинг фарқи бўлади ва на кундузнинг. Ўқ ёмғирлари остида тинкани қуритадиган даражадаги юришлар...

Душманга қарши юришларнинг бирида ёнгинасида портлаган мина парчалари ёш аскарни ерга қулатди. У дала госпиталида ҳушига келганидагина бир неча жойидан оғир яраланганлигини билди. 1943 йили тиббиёт комиссияси томонидан ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилгач, она юртига қайтди.

Шундан сўнг Матрасул Худойберганов халқ таълими тизимида, кейинчалик вилоят миқёсидаги қатор раҳбарлик лавозимларида фаолият юритди.

Шунингдек, 1953 йили, кейинчалик 1980-81 йилларда "Хоразм ҳақиқати" газетаси бош муҳаррири ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатди. Ана шу даврий нашрдаги фаолияти мобайнида ижтимоий турмушнинг долзарб масалаларини тезкор равишда илғаб олиб, муштарийлар эътиборига ҳавола этиш, таъсирчан материаллар тайёрлаш каби сифатллари билан ёшларга ибрат кўрсатди. У ижтимоий турмушнинг барча жабҳалари, публицистиканинг ранг-баранг жанрларида бирдай самарали қалам тебратар, ҳаёт кун тартибига қўяётган масалаларни матбуот саҳифаларида дадиллик билан кўтариб чиқар, шу боис унинг ҳар бир материали жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинарди.

Эсимда, 1981 йилнинг ўрталаридаги ижодий йиғилишлардан бирида публицистика жанрининг ўзига хос хусусиятлари, журналист маҳорати ҳақида қизғин гап борди. Ўшанда М.Худойберганов қаламига мансуб "Яшашдан мақсад" сарлавҳали публицистик материал ҳақида ижобий фикрлар билдирилиб, унда воқелик, инсоннинг бурч-масъулияти ҳақидаги масалалар юксак кўтаринкилик билан талқин қилинганлиги мамнуният билан қайд этилди. "Инсонга ҳаёт бир марта берилади. Ва унда муносиб яшаш, ўзидан яхши ном, эл-юрт фаровонлигини ошириш йўлида ёрқин излар қолдириш ҳар бир кишининг чин инсонийлик бурчидир" дея нуқта қўйилади публицистик материалга.

М.Худойберганов чуқур мулоҳаза юритадиган, фикрлаш доираси кенг инсон бўлиб, босиқлик, вазминлик, етти ўлчаб бир кесиш, қўли остидагиларга ғамхўрлик у кишига хос фазилатлар эди.

Қалби дарё инсон ҳаётининг салмоқли қисми халқ таълими тизимида кечди. Устоз муаллимнинг серқирра ҳаёти жўшқин қўшиққа қиёс қилгулик. Ҳамкасблар узоқ йиллар у кишининг раҳбарлиги остида ишлаш жараёнида ундан одамгарчилик, чин инсонийлик, фидойилик "фанларидан" сабоқ олдилар, ўқув-тарбия соҳасининг сир-асрорларини пишиқ-пухта ўргандилар.

Устоз узоқ йиллар вилоят халқ таълими тизимига раҳбарлик вазифасида фаолият кўрсатар экан, диққат-эътиборни тармоқнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқув даргоҳларидаги шарт-шароитларни давр талабларига монад ташкил қилиш, педагоглар сафини юқори малакали, салоҳиятли кадрлар билан мустаҳкамлаш, илғор тажриба ва услублар, замонавий педагогик технологияларни таълим-тарбия жараёнига жорий этишга қаратдилар.

Халқ таълими фидойисининг кўп йиллик самарали фаолияти беиз кетгани йўқ. Унинг кўплаб иқтидорли шогирдлари айни кунда ҳам устоз бошлаган эзгу ишларни садоқат билан давом эттирмоқдалар.

Ха, таваллудининг бир асрлик тўйи нишонланаётган кунларда М.Худойберганов бошлаган, ташаббускори бўлган, ёрқин из қолдирган ибратли ишлар мамнуният билан тилга олиняпти. Улардан кундалик амалий фаолиятда кенг қўлланилаётир. Демак, умрини эл хизматига бахшийда этган фидойи инсон ҳаётдан кўз юмган эсада унинг номи дилларда, тилларда абадий яшамоқда.

Оллаберган РАЖАБОВ

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР