Хоразм фан оламига кўпгина мутафаккирларни етказиб бера олган диёр бўлиб, бу ҳақида хоразмшунос олим С.П.Толстов шундай дейди: “Қадимий Хоразм фанининг Шарқ фани тарихидаги ўрни жуда муҳим. Хоразмнинг исломгача бўлган антик ва африғий даврини озгина биламиз. Аммо маданий ва моддий ёдгорликларни астойдир таҳлил қилиб айта оламизки, Хоразмда аниқ фанлар – геометрия, тиригонометрия, астрономия, топография, химия, минерология ва табий фанлар ўша даврдаёқ юксак даражада тараққий этган... Хоразм кейинчалик араб халифалиги таркибига киритилгач, хоразмлик олимлар тез орада шуҳрат қозонганлар ва “араб фани” деб аталган фаннинг яратувчилари орасида энг илғор ўринни эгаллаганлар”.
Бўлғуси олим болалик ва ўсмирлик йилларида бошланғич таълимни ватанида олиб, араб, форс, ҳинд ва юнон тилларини қунт билан ўрганди, бу тиллардаги китобларни мутолаа қилди ва эл назарига тушиб олим бўлиб етишди.
Бағдод халифаси Ҳорун ар-Рашид ўғли ал-Маъмунни 808 йилда халифаликнинг шарқдаги ноиби қилиб тайинлайди, шаҳзода ал-Маъмун ноибликни пойтахти Марв (ҳозирги Мари)га келиб тезликда унга бўйсунувчи ўлкалар (Хуросон ва Мовароуннаҳр)да яшовчи олимлар ва шоирларни ўз саройида тўплаб “Мари олимлари йиғини”ни ташкил қилади. Кўпгина олимлар қатори ал-Хоразмий ҳам Марвга келади ва ўзининг самарали ижодига айнан шу ерда тамал тошини қўяди. Олим бу масканда замонасининг кўпгина олиму фузолалари билан танишади.
Ал-Маъмун отаси ўлимидан кейин 813 йилда ўзини халифа деб эълон қилди, Бағдодга қўшин юбориб ўз акаси халифа ал-Аминни тахтдан туширди. 819 йилда бир гуруҳ сарой аҳли ва Марвда тўпланган олимлар билан Бағдодга халифаликни марказига келиб ўз давлатини мустаҳкамлаб, бошлаган хайрли ишларидан бири “Донишмандлик уйи” (“Байт ул-ҳикма”)ни қайта ташкил қилиш ва кенгайтиришга катта эътибор берди. Бу илмий марказ қошида улкан кутубхона мавжуд бўлиб, унга халифаликнинг ҳамма жойидан фақат араб тилидаги қўлёзмалар эмас, балки юнон, форс, ҳинд, сурёний ва бошқа тилларда ёзилган қўлёзмалар ҳам келтирилар эди. Халифа ал-Маъмуннинг тиришқоқлиги ва олимларнинг сайъи-ҳаракатлари билан уларни асосий қисми араб тилига таржима қилинди ва йирик расадхона қурилиши бошлаб юборилди. Дунёнинг турли бурчакларига илмий экспедициялар ташкил қилинди, ал-Маъмун бу илмий марказда ва халифаликдаги барча фанлар раҳбари қилиб ватандошимиз Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмийни тайинлади.
VIII-IX асрларда араб халифалигининг пойтахти Бағдод –тарихий Мадинат ас-Салом ободонлашган, юксалган ва савдо-сотиқ ривожланган шаҳар ҳисобланган. Ал-Хоразмийнинг илмий фаолияти ана шу Бағдод шаҳрида ва Бағдод халифалари –ал- Маъмун (813-833), ал-Муътасим (833-842) ҳамда ал-Восиқ (842-847) даврларига тўғри келади. “Байт ал-ҳикма”да ал-Хоразмий билан бирга Марказий осиёлик машҳур олимлар ал-Фарғоний, Ҳабаш ал-Ҳасиб, Холид ибн Абдумалик ал- Марваррудий, Яҳё ибн Абу Мансур, Аббос ибн Сайид Жавҳарий, Аҳмад ибн Абдулло Марвазий, Муҳаммад ибн Мусо ибн Шокир ва бошқалар ҳамда халифаликнинг барча вилоятларидан чақирилган энг яхши олим ва таржимонлар ҳам ишлаганлар.
Ал-Хоразмий математика, геометрия, астрономия, тарих, география ва бошқа фанларга доир кўплаб рисолалар ёзган.бизгача алломанинг 20-га яқин асари етиб келган. Уларни қуйида санаб ўтамиз:
– “Ал-китоб ал-мухтасар фи ҳисоб ал-жабр вал-муқобала” (“Алжабр ва алмуқобала ҳисоби ҳақида қисқача китоб”) ал-Хоразмийнинг бу асари номидан “алгебра” атамаси пайдо бўлган. Рисола XII асрдаёқ лотин тилига таржима қилиниб, “Algorithmi” рисоласи номи билан бутун Европага тарқалган.
– “Китоб фи ҳисоб ал-ҳинд” (“Ҳинд ҳисоби ҳақида китоб”) Хоразмийнинг арифметикага оид ушбу рисоласини фақат биргина нусхаси лотин ча таржимаси сақланган. Ушбу рисолада ҳозир биз ишлатадиган бирдан тўққизгача бўлган рақамлар ва нолъ ёрдамида исталган сонни ёзиш, улар билан арифметик тўрт амални бажариш, ўша рақамлар билан ифодаланган сонлардан квадрат илдиз чиқариш қоидаларини изоҳлаб берилган.
– “Китоб ал-жамъ ва-т-тафриқ” (“Қўшиш ва айириш ҳақида китоб”) ал-Хоразмийнинг иккинчи арифметик рисоласи мисрлик математик Абу Комил (850-930) қўлида сақланган ва ўзининг алгебраик рисоласида бир парчасини тўлалигича келтирган.
– “Зиж ал- Хоразмий” ёки “Кичик Синдҳинд” Хоразмийнинг астрономик асари. Европа мамлакатларида “Астрономик жадваллар” номи билан машҳурдир. Асарни лотин тилига 1126 йилда Аделард Бат таржима қилган.
“Китаб сурат ал-арз” “Ернинг сурати” ёки “География”) Хоразмийнинг географик асари, яратилишига шу даврда Боғдод халифалигида ўтказилган бир қатор географик ишлар, жумладан, Хоразмий бошлиқ 70 нафар олим 840 йилда яратган “Маъмун дунё харитаси” номли атласнинг тузилиши ҳамда кўпгина юнон олимларининг шу мавзуга оид асарларининг таржима қилиниши каби омиллар сабаб бўлган.
– “Китоб ал-амал ал-астурлаб” (“ Астурлоб ясаш ҳақида китоб”).
– “Зара иф мин амал Муҳаммад ибн Муса ал Хуаризми ма рифа ас-самт би-л-астурлаб” (“Муҳаммад ибн Мусо ал Хоразмийнинг астурлоб ёрдамида азимутни аниқлаш ҳақида ажойиб ишлари”.
– “Амал асса ат фи басит-ар-рухама” (“Мармар тахта юзасида соатларни ясаш ҳақида рисола”).
– “Ма рифа тақвим самт ал-қибла аййи баладин шита” (“Хоҳлаган шаҳар қибласи азимутнинг йўналишини аниқлаш ҳақида”).
– “Тулуъ азимутини аниқлаш ва соат квадранти ҳақида рисола”).
– “Рисала фи ма рифа авқат ас-салат” (“Намоз вақтларини аниқлаш ҳақида рисола”).
– “Мукҳула, туғир, бинкам ва дулаб деб аталувчи соат асбоблари ҳақида рисола”.
– “Рисала фи мар и ҳилал” (“ Ҳилол кўриниши ҳақида рисола”).
– “Мақала фи-истихраж та рих ал-йаҳуд ва а йадиҳим” (“Яҳудийлар календари ва байрамларини аниқлаш ҳақида рисола”.
– “Китаб ат-та рих” (“Тарих китоби”) ўз давридан олдинги вақтларда битилган тарих китобларининг йиғиндиси ва ўз даври тарихи билан мужассамлаштирилган рисола.
Буюк математик ватандошимиз ал-Хоразмий 850 йилда ўз ижод маскани бўлмиш Бағдод шаҳрида оламдан ўтган. Унинг илмий асарлари юнон, лотин, немис, инглиз, голланд, рус тилларига қайта -қайта таржима қилинган, ал-Хоразмийнинг илмий фаолиятига буюк олим Абу Райҳон Беруний, шоир ва математик Умар Хайём юксак баҳо берганлар. Олимнинг илмий мероси ҳамон ўз қимматини сақлаб, авлодлар олқишига сазовор бўлиб келмоқда. Олимнинг 1200 йиллик тўйи жаҳон жамоатчилиги билан биргаликда Хива шаҳрида 1983 йилда нишонланди. Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги бир талай илмий ўқув даргоҳлари, кўчалар олимнинг номи билан аталади.
© Д.Бобожонов, М.Абдурасулов “Абадият фарзандлари” 2009.
© Хоразм Маъмун академияси нашриёти,2009.