Ўша кезлари Равшан Усмонхўжаев, Равшан Муқимов ва Тўра Шоймардонов томонидан бошқариладиган клуб ҳеч нимага даъво қилмасди. Бу пайтда чемпионатнинг ўз эгалари бўлиб, булар "Пахтакор" ва "Нефтчи" эди. "Насаф" ҳам энди оёққа тураётган пайтлар. "Қизилқум" ва "Машъал" жамоалари бу йил учликка киришга ҳаракат қиларди.
"Учга уч" ва "тотализатор" деган футбол душманлари йўқ пайтлар эди. 2006 йилги мавсумда "Локомотив" тўққизинчи ўринни қўлга киритади. "Хоразм" эса 16-ўринни эгаллаган ҳолда олий лигани яна биринчисига алмаштиради.
Биринчи қаторда турган Сарвар Ибодуллаев икки йил ўтиб фаолиятини "Локомотив" сафида ўтказган эди.
"Локомотив" сардори Саидкомил Акбаров. Ҳозирда "Олмалиқ" шарафини ҳимоя қиляпти. Кўп йиллар давомида "Металлург" сафида ҳаракат қилган. "Хоразм"да эса Сарвар Ибодуллаев.
"Ретро"га айнан шу ўйинни танлаганимнинг сабаби айнан Ибодуллаев бўлди. 2005 йил биринчи лига тўпурари бўлган хоразмлик футболчи 1977 йилда таваллуд топган. 2004 йил 27 ёшида "Хоразм" жамоасида тўп тепадиган дўстини машғулотга ташлаб қўйган кун унинг ҳаётини ўзгартириб юборди. Иккига бўлиниб ўйнаётган "Хоразм" таркибининг бирига ўйинчи етишмаётганди. Шунда мураббий Сарварга қўшилиб ўйнашни таклиф этади. Шу кунгача фақат ишдан ташқари маҳаллада тўп тепиб юрган Ибодуллаев ўйиннинг ўзидаёқ бир нечта гол уради ва уни жамоага таклиф қиладилар. 2005 йил эса биринчи лига тўпурари бўлган ҳужумчи бир йил ўтиб жамоасини олий лигада сардор сифатида майдонга олиб туша бошлайди.
"ЛОКОМОТИВ" - "ХОРАЗМ" 5:1 (2:1)
29.08.2006. 22-тур. "Жар" стадиони . 1200 томошабин.
Бош ҳакам: Рафаэль Ильёсов - 7,4
Голлар: Ўлмас Икромов (8), Марсель Идиатуллин (25, 48), Азиз Ҳайдаров (68), Равшан Бозоров (80) - Сарвар Ибодуллаев (11).
"ЛОКОМОТИВ": Артур Парванов, Ўлмас Икромов (Марат Дилмуҳамедов, 46), Саидкомил Акбаров, Рустам Ёралиев, Тимур Яфаров, Саҳоб Жўраев, Обинна Окафор (Андрей Поваляев, 46), Ғулом Халимтоев, Азиз Ҳайдаров, Марсель Идиатуллин (Ойбек Усманхўжаев, 60), Ровшан Бозоров.
"ХОРАЗМ": Мансур Қурбонов, Мақсуд Каримов, Санжар Ваисов, Аҳмад Эргашев, Ҳамробек Болтаев (Дилмурод Хақбердиев, 52), Шавкат Казакбаев (Шерзод Салаев, 59), Александр Никитков, Ғайрат Шихов, Анвар Раҳимов, Сарвар Ибодуллаев, Рўзмет Рўзметов.
Огоҳлантириш: Санжар Ваисов (57).
Афсуски, "Хоразм" клуби тарихидаги энг омадсиз мавсум 2006 йил бўлди. Жамоа ўз тарихидаги энг йирик мағлубиятларга бирин-кетин "эриша" бошлади.
Биринчи даврада иккита ўйин "Нефтчи" (6:0), "Қизилқум" (5:3). Иккинчи даврада эса жамоа молиявий қийинчиликнинг марказига тушди. Кетма-кет икки турда ўз дарвозасидан 9 тадан гол ўтказди. Сафарда "Насаф"га 3:9 ҳисобида имконият бой берилгач, Хоразмда "Пахтакор" 9:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтди. Кейинги турда "Андижон" 7:1 ҳисобда устун келди. Кўп ўтмай "Нефтчи" 8:2 ҳисобда зафар қучди. "Навбаҳор" эса ҳаммасида ошириб юборди. 28-турда наманганлик мухлислар "Хоразм" дарвозасига киритилган 10та жавобсиз тўпга гувоҳ бўлдилар.
Шундай жамоада ўйнашига қарамай, Ибодуллаев мавсум давомида 9та гол урди. "Нефтчи" дарвозасига дубл қилишга эришди. "Хоразм" эса биронта ўйинда ғалаба қозона олмади. Учта ўйинда дуранг ўйнаб, уч очкони қўлга киритди. 21та гол уриб, 127та ўтказди. Шу йили "Сўғдиёна" ҳам олий лигани тарк этди. Уларнинг очколари 24тани ташкил этганди. Агар сўнгги турда "Металлург" ўз майдонида "Андижон"га, "Нефтчи" эса "Сўғдиёна"га енгилганида жиззахликлар олий лигада қолган бўлардилар. "Локомотив" эса 38 очко билан тўққизинчи ўринни банд этди.
Ёш авлод билмаса керак, Азиз Ҳайдаров ва Саҳоб Жўраев олий лигадаги фаолиятни айнан "Локомотив" сафида бошлаган эдилар. Жўраев 17 ёшида 2005 йил "Локо" сафида дебют қилган. Ҳайдаров эса 2006 йил 21 ёшда бўлган. Унга қадар у иккинчи лига вакили бўлган "Строитель" жамоасида тўп тепган эди. Икки футболчи бир вақтнинг ўзида 2007 йилнинг иккинчи даврасида "Қурувчи" ("Бунёдкор") сафига бориб қўшиладилар. Ёдимда, жамоа "Жар"да кечган учрашувда "Машъал"ни мағлубиятга учрата олмайди. Ўйин тугагач, "ВИП"да ўтирган раҳбарлардан бири Азиз Ҳайдаровга қарата, "биттанг ҳам ўйнашни билмайсанлар", - деб дакки беради. Шунда Азиз бўш келмай, "жамоага пул бермай бақиришдан бошқасини билмайсизлар, ундан кўра молиявий ҳолатни тўғирлаб қўйинглар", - дея ечиниш хонасига кириб кетади. Ҳақиқатдан ҳам ўша йиллари "Локомотив"нинг аҳволи анча танг эди. Бу ерда "Қурувчи" ўз таркибини жанговор ҳолатга келтириш билан банд. Кўп ўтмай мана шу "ўйнашни билмайдиган" Азиз Ҳайдаров "Бунёдкор" сафида Ўзбекистон чемпиони бўлди ва "Ал Шабаб" сафига бориб қўшилди. Осиё Кубогида эса терма жамоамиз жонига оро кирди.
Ўша даврда "Хоразм" жамоасининг молиявий ҳолатини мана шу бутсадан ҳам билиб олсангиз бўлади.
Ровшан Муқимов "Локомотив"ни барча даврларида фаолият олиб борган мутахассис. Айнан у киши Одил Аҳмедовни жамоада олиб қолиш кераклигини айтганида раҳбарият ва мураббийлар штаби "КЕРАК ЭМАС", деган.
Сиз ўйлайсиз авваллари стадионларга қийинчиликсиз кирардикми? Мен ҳам ўша ўйинда шу ёш бола каби стадионга кирган эдим.
Марсель Идиатулин "Локомотив" тарихидаги энг яхши ҳужумчилардан бири бўлган. Ҳозирда у "Локомотив" жамоасининг иккинчи лигадаги жамоасига бош мураббийлик қиляпти.
Нодирхўжа Юлдашев.
championat.asia