Хоразмга бориш учун 10 сабаб
Хоразм ўзининг қадимий обидалари, муқаддас зиёратгоҳлари, хушманзара табиати, бетакрор қадрият ва анъаналари билан жаҳон сайёҳларини ўзига ром этиб келмоқда.




“Ичан-Қалъа”давлат музей-қўриқхонаси

Ичан қалъа — Ўрта Осиёдаги йирик ва ноёб меъморий ёдгорлик. Хиванинг ички қалъа (Шаҳристон) қисми. Ичан қалъа шаҳарнинг Дишан қалъа (ташқи қалъа) қисмидан кунгурадор девор билан ажратилган. У Хива работи (Дишан қалъа)дан баланд қўрғонтепага ўхшаб кўринади. Ичан қалъага 4 дарвоза (Боғча дарвоза, Полвон дарвоза, Тош дарвоза, Ота дарвоза)дан кирилади.

Девор айланасининг узунлиги қарийиб 2200 метргача, баландлиги 7–8 метрга, пойдеворининг қалинлиги эса 5–6 метрга тенг. Ичан қалъа тўғри тўртбурчак шаклида қурилган бўлиб, узунлиги 650 метр, эни 400 метр, яъни 26 гектар майдонни эгаллайди.

Хоразм халқ меъморлигининг ажойиб обидалари: мадраса, масжид, сарой ва миноралар, асосан, Ичан қалъада.

Ичан қалъа ансамбли меъморий ёдгорлик сифатида муҳофазага олиниб, музейга айлантирилган (1961). 1990 йилдан Ичан қалъа Бутун жаҳон ёдгорликлари рўйхатига киритилган.


Муҳаммад Аминхон мадрасаси ва минораси

Хива шаҳрида 64 та мадраса мавжуд бўлиб, шулар ичида энг йириги ва чиройлиси Хива хони Муҳаммад Аминхон томонидан қурилган мадраса ҳисобланади.

Мадраса Ичан қалъанинг ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, шаҳарнинг бош дарвозаси Ота дарвозадан кириб келганда, ўнг томонда жойлашган. Бу меъморчилик обидаси ўз даврига хос услубда энг катта ва ҳашаматли қилиб қурилган. Мадраса пишиқ ғиштдан қурилиб, унинг деворларининг қалинлиги 1,5 метрга етади. Мадраса 130 ҳужрадан иборат. Деразаларда ганчдан ишланган панжаралар қурилган.

Муҳаммад Аминхон минораси: Хивада қурилган машҳур миноралардан бири ниҳоясига етказилмаган Муҳаммад Аминхон минорасидир.

Минора ҳозирги пайтда кесик конус шаклида бўлиб ҳозирни ўзида ҳам ҳайбатли кўринишга эга. Динамик қисқаришига қараб хулоса қилинадиган бўлса, битганидан сўнг унинг баландлиги 100 метрга яқин бўлиб Ўрта Осиёда энг катта ва баланд минора бўлиши мумкин эди. Минора қанча вақт ўтган бўлса ҳам худди янги қурилгандай сақланиб турибди. Минора 1853 йилда Муҳаммад Аминхон томонидан қурила бошланган ва 1855 йил Шимолий Эронга юриш пайтида хоннинг ўлдирилиши ва Абдуллахоннинг тахтга ўтириши билан қурилиш ишлари тўхтаб қолган.

Бу минора ҳақида халқ ичида айрим ривоятлар ҳам мавжуд: Эмишки, Хива хони шаҳарда жуда улкан ва баланд минора қуришни буюради. Унинг тепасидан “Бухоройи азим кўриниб турсин” деб кўрсатма берган. Бундан хабар топган Бухоро амири минорани бунёд этаётган меъмор билан яширин режа тузадики, унга кўра минора битиши билан меъмор Бухорода бундан ҳам юксак минора қуриши керак эди. Хон буни сезиб қолиб минора битиши биланёқ устани ўлдиришга аҳд қилади. Шу ниятдан огоҳ топган yста минорани чала қолдириб ғойиб бўлган. Шу боис халқ бу ҳакда “Мадаминхон мадрасаси битди, минораси битмади, Мадаминхон муродига етмади”, деб байт тўқишган.


Паҳлавон Маҳмуд мақбараси

Паҳлавон Маҳмуд мақбараси XIV асрда кичик гўрхона шаклида қурилган бўлиб, унда ўз даврининг катта “Пири” – Паҳлавон Маҳмуд жасади кўмилган. Паҳлавон Маҳмуд 1247 йилда Хива шаҳрида пўстиндўз оиласида туғилган. Ёшлик йилларда ота касби пўстиндўзлик билан шуғулланган, сўнгра хат-савод чиқариб, буюк шоир, файласуф даражасига эришган. У жуда ҳам забардаст паҳлавон бўлиб 79 йиллик ҳаётида бирон марта кураги ерга тегмаган. Паҳлавон Маҳмуд мақбараси вақт ўтиши билан кўпгина хукмдорлар томонидан азиз саналиб обод қилинган. Тарихий манбаларда мақбарага Амир Темур томонидан эшик ўрнатилгани ёзилади.

Мақбара 3 та қисмдан иборат: қабрхона, хонақо ва йўлак. Мақбаранинг ғарбий қисмида жойлашган хонага Паҳлавон Маҳмуд дафн қилинган.

Ҳозирги вақтда бинода Ўзбекистон Мусулмонларнинг диний идораси, “Паҳлавон Маҳмуд жамғармаси” фаолият кўрсатмоқда. Иншоотнинг айрим жойлари таъмирталаб бўлганлиги учун 2007 йилда, айвон устунлари, йўлаклар, қудуқ атрофи ва унинг тепасидаги чиройли ошёнли ёғоч гумбаз, пештоқнинг баъзи тушиб кетган сирли кошинлари қайта таъмирланди.


Нуруллабой саройи

Хивадаги Нуруллабой саройи энг ҳашаматли, энг жозибали, энг кўркам ва мафтункорлиги билан бошқа саройлардан ажралиб туради. Муҳаммад Раҳимхон II (1864-1910) хивалик савдогар бой Нуруллабойдан боғини сотишини сўрайди. Нуруллабой хонга, у аввалдан халқ ўртасида бўлиб келган Нуруллабой боғи номини ўзгартирмаса сотишини айтади. Хон розилик билдиради ва боғни сотиб олади. Шундай қилиб Нуруллабой номи сақланиб қолади. Муҳаммад Раҳимхон II Нуруллабой боғи ичида ўғли Исфандиёрхон учун катта бир сарой қурдиради. Бу ички сарой 1896-1904 йилларда қурилган бўлиб, баланд девор билан ўраб олинган. Саройдаги Исфандиёр тўра учун мўлжаланган хоналарга Россиядан келтирилган чинни печкалар ўрнатилган. Шифтлардаги Европа усулида ясалган гуллар ва фаришталар расмини рус рассомлари ясашган.

Бинода кейинги даврларда Маориф уйи ва музей биноси сифатида фойдаланилган, ҳозирги кунларимизда сарой қайта таъмирланиб, асл ҳолига келтирилган.


“Ёшлар кўли” дам олиш маскани

Ушбу маскан Мустақиллигимизнинг 22 йиллик байрамида Урганч шаҳрига совға бўлди. “Ёшлар кўли” дам олиш масканининг умумий майдони 15,5 гектар бўлиб, аҳоли, айниқса, ёшлар, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар дам олиши учун мўлжалланган маданий-меъморий мажмуа ҳисобланади. Мазкур маскан фақат сув ҳавзасидан иборат бўлмай, айни пайтда ўзига хос “очиқ осмон остидаги музей”ни ифода этади. Махсус меъморий лойиҳа асосида бу ерда Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби қадимий шаҳарларимиздаги тарихий обидалар – Регистон майдони, Минораи Калон, Калта Минор ва бошқа ёдгорликларнинг макетлари ўрнатилган.


“Сулаймон қалъа”

“Сулаймон қалъа” қадимий Хоразмнинг энг кўҳна қалъаларидан биридир. Тарихий обида Хазорасп туманида жойлашган. Хазораспнинг тарихи эрамиздан олдинги V асрга тааллуқлидир, калъа ўша замонларда яшаган хукмдорларнинг қароргоҳи бўлган. Қалъа деворлари хозирги кунга қадар сақланиб қолган. Қалъа хавфсизлигини таъминлаш мақсадида обида кўл билан ўралган. Маҳаллий аҳоли бу кўлни Ойдин кўл деб атайди. Унинг ўзига хос жиҳати шундаки, кўл чучук сув билан тўйинтирилади. Тарихий манбаларга кўра, кўл остида ер ости йўли жойлашган. Қалъанинг энг юқори тепалигидан астрономик кузатувлар учун фойдаланилган.


Чўгирма

Чўгирмаи - Хоразмнинг миллий бош кийими саналади. У қоракўл терисидан тайёрланади ва қишда совуқдан, ёзда эса қуёш тафтидан сақлашга хизмат қилади. Чўгирмани асосан хон, вазир каби бадавлат кишилар кийишган. Чўгирма эркаклар бош кийими бўлгани учун Хоразм воҳасида у билан боғлиқ бир удум сақланган. Унга кўра, уйланиш ниятини билдирган йигитга қиз томон чўгирмани куч билан отишган, агар йигит йиқилиб тушса, унга турмушга чиқишдан қайтишган. Хоразмда чўгирамни ёш тоифасига қараб кийишган: кексалар оқ, ўрта ёшлилар кулранг, ёшлар эса ранглиларини.


Юмурта барак

Юмурта, яъни тухум барак Хоразмнинг қадимий таомидир. Мазкур таом пархез таом ҳисобланиб, инсон организмининг хазм қилиш органлари касалликларида жуда фойдали. Бу таом чучварага ўхшаб кетади. Фақат хамир ичига гўшт эмас, балки тухум,сут,ёғ аралашмаси солинади.

Шунингдек, Шивит оши ҳам Хоразмнинг ўзига хос, севиб истеъмол қилинадиган миллий таомларидан бири.Уни тайёрлаш учун сувга кўкат қўшиб бир соатга тиндирилиб қўйилади. Кўкатни сиқиб,суви олиниб хамир қорилади. Хамир кесиб, қайнатиб олинади. Устига қайла тайёрланади ва дастурхонга тортилади.


Авесто монументи

Ўзбекистон ҳукуматининг ташаббуси билан ЮНЕСКО Бош конференцияси 30-сессияси “Авесто” яратилганининг 2700 йиллигини дунё миқёсида нишонлаш ҳақида қарор қабул қилди. “Авесто”нинг 2700 йиллигини нишонлаш тадбирларини белгилади. Хоразмнинг Урганч шаҳрида боғ ва “Авесто” монументи барпо қилинди. 2001 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда “Авесто”га бағишланган халқаро илмий конференция ва тантанали байрам тадбирлари ўтказилди.

Монументда “Авесто” китобининг катталаштирилган нусхаси бўлиб, унда оқ ва қизил ранглардан фойдаланилган. Қизил ранг – Авесто ёнмайдиган олов ва томирларлардаги қон рамзи бўлса, оқ ранг – нур, ёруғлик рамзидир.


“Хива қоракўл” сайёҳлик маркази

Сайёҳлик маркази “Хива қоракўл” фермер хўжалиги қошида ташкил этилган. Сайёҳлик марказига тегишли биноларда Хиванинг “Ичанқалъа” ва “Дишанқалъа”сидаги тарихий обидалар кўринишини акс эттиришга ҳаракат қилинган. Шунингдек, баландлиги 36 метр бўлган минора, миллий услубда безатилган ва барча қулайликларга эга ўтовлар мавжуд. Бу ерда сайёҳларга туя ва отда Қизилқум чўли бўйлаб сайр қилиш, марказ ёнидаги кўл узра қайиқларда сузиш, балиқ овлаш, миллий таомлар, қўчқор ва хўроз уриштириш томошаси ва бошқа хизматлар таклиф этилади.

uz24.uz

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР