Ҳудудда кадрларнинг рағбат ва жазоларигача тўлиқ ва аниқ маълумот бера оладиган тизим таҳлили
Хоразм вилояти компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган “УзКадр” ахборот тизими яратилган бўлиб, кадрлар тўғрисидаги тўлиқ ва аниқ маълумотлар банки, дея ҳудудда таъриф берилмоқда.

на русском языке

Бугунги кунда вилоятда кадрлар тўғрисидаги маълумотларни бошқариш ва уларни таҳлил қилишда камчилик ва муаммолар талайгина. Оддий мисол: вилоятда кадрлар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона ва яхлит базаси йўқ ёки юқори ташкилотларнинг худудий бўлимлари ва худудлар бўйича кадрлар ҳисобини юритиш имкони мавжуд эмас. Шунингдек, ташкилотларда кадрлар тўғрисидаги маълумотларни юритишда қоғоз ва соҳа учун мўлжалланмаган турли хил дастур (Microsoft Word, Microsoft Excel ва ҳ.з.) лардан фойдаланиш соҳа ходимларининг иш унумдорлигининг анча пасайишига олиб келаётганлигини ҳам бемалол ўз ечимини кутаётган муаммо сифатида кўрсатиш мумкин.

Фараз қилайлик, қайсидир ишлаб чиқариш ташкилоти кадрлар савиясининг пастлиги, уларнинг ўз соҳалари бўйича кўникмага эга эмаслиги натижасида инқирозга юз тутди. Корхонани зудлик билан “оёққа тиклаш” керак. Бунинг учун мазкур корхонага, энг аввало, қобилиятли раҳбар ва тажрибали ишчи-ходимлар зарур. Хўш, бунинг учун нима қилиш керак? Таниш-билишлар, уларнинг қандайдир асосли ёки асоссиз таклифлари орқали масалани қайсидир маънода ҳал қилиш мумкиндир. Бироқ бу Сиздан қанчалик вақт талаб қилади ёки қай даражада натижадор бўлади, деган саволга жавоб бериш анча қийин. Ана шундай пайтда вилоят бўйича шаклланган яхлит кадрлар тўғрисидаги маълумотлар базасига эҳтиёж туғилади.

Ёки қайсидир юқори ташкилотдан ташкилот ва унинг ҳудудий бўлимларидан муносиб бир кадрни давлат мукофотига номзод сифатида кўрсатиш сўралган бўлиши мумкин. Табиийки, ҳар қандай мукофотнинг ўз мезонлари бор. Бу пайтда мазкур юқори ташкилотда унинг қуйи ташкилотларида фаолият юритаётган кадрлар тўғрисида аниқ ва тўлиқ маълумотнинг йўқлиги биринчи муаммони юзага келтиради. Хўп, маълумотлар ҳам топилди, дейлик. Энди 100-200, керак бўлса 1000 ходим ичидан мукофот талабларига жавоб берадиган муносиб номзодни қандай танлаймиз? Улар ҳақидаги маълумотномаларни бир-бир титкилаш орқалими? Унгача мукофот ўз эгасини топиб кетиши ҳеч гап эмас. Агар Сиз раҳбар сифатида ўзим яхши билган бир кадрнинг номзодини кўрсатиб қўяверардим, дея жавоб берсангиз, бу Сизнинг кадрлар борасида адолатсиз қарор қабул қилишинингиздан далолат беради ва ходимлар ўртасида низолар келиб чиқишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Шу ва шу каби муаммоларга дуч келганингизда “УзКадр” ахборот тизими имкониятларидан фойдаланиш Сизнинг кадрлар тўғрисидаги маълумотларни тез ва аниқ кўринишда олишингиз ва холис қарор қабул қила олишингиз учун яхши танлов бўлиши мумкин. Тизим орқали ҳар бир кадрнинг умумий маълумотлари, паспорт маълумотлари, меҳнат фаолияти, илмий унвонлари тўғрисидаги маълумотлар билан бирга унинг аттестация натижалари, хаттоки, рағбат ва жазоларигача хабардор бўлиш мумкин.

Бундан ташқари, тизим кадрлар бўйича турли хил статистик ҳисоботларни шакллантириш; ходимларнинг туғилган кунларини, паспорт, меҳнат шартномалари муддатларининг тугаётганлигини эслатиб туриш; ходимлар маълумотларини интернет тармоғи орқали ҳимояланган бош серверга жўнатиш; интернет мавжуд бўлмаган ҳудудларда ҳам on-line, ҳам off-line режимда ишлаш; ташкилот кадрларининг йўқотилган ёки шикастланган маълумотларини интернет тармоғи орқали бош сервердан қайта тиклаш каби бир қатор имкониятларни ҳам тақдим қилади.

Қувонч Матқулиева
telegraf.uz

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР