Жалолиддин Мангуберди: Турон қоплони
Жалолиддин Мангубердининг жасоратлари асрлар ўтса ҳамки, ўз қадр-қимматини, аҳамиятини йўқотмайди. У кишида Ватанпарварликдек Олий Туйғуга хизмат қилиш импулсини жўш урдириб туради...

Дунёни, инсониятни ларзага солган Иккинчи жаҳон урушининг ҳал қилувчи, энг ҳаяжонли дамлари... Миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритган Фалокатнинг якуни яқин. Якун нурли бўлиши учун яна неча миллионлаб инсоннинг қўллари дуода... Бундай вазиятда Ватан ҳимоячилари — аскарлар иродасига таъсир этувчи ҳар қандай куч катта аҳамиятга эга. Шундай ўта муҳим пайтда ёзувчимиз Мақсуд Шайхзоданинг «Жалолиддин Мангуберди» тарихий драмаси дунёга келди.

Ўтмишда Чингизхондай қудратли кучга қарши тура олган, мардонавор курашган Ватан тиргаги — Жалолиддин Мангубердининг қаҳрамонликларини жонлантира олган драма Иккинчи жаҳон уруши йилларининг жанговар вазифаларига катта хизмат кўрсатди.

Мазкур асар театрда саҳналаштирилди. Манбаларда кўрсатилишича, Мангубердининг кишида ҳаяжонли фахр туйғусини жунбушга келтира оладиган қаҳрамонликлари акс этган мазкур драма урушга кетаётган аскарларга махсус намойиш этилиб, фронтга жўнатилган экан. Бу эса аскарларда жанговар руҳ ва шижоат уйғотиб, душманга нафратни кучайтирган...

Ана шундай ватанпарварлик туйғусининг кучаювига сабаб бўлгувчи буюк аждодларимиз, хусусан, Жалолиддин Мангубердининг жасоратлари асрлар ўтса ҳамки, ўз қадр-қимматини, аҳамиятини йўқотмайди. У кишида Ватанпарварликдек Олий Туйғуга хизмат қилиш импулсини жўш урдириб туради...

Жалолиддин Мангубердининг яқин аъёнларидан бири бўлган, машҳур тарихчи Шиҳобиддин Муҳаммад ан-Насавий буюк бобомизни шундай тасвирлаган: «...У буғдойранг, ўрта бўйли, туркий қиёфали ва туркийда гапирадиган одам эди, шу билан бирга, форсийда ҳам сўзлаша оларди. Унинг мардлиги, жасурлигига келсак, жанглардаги қаҳрамонликларини эслаб ўтишнинг ўзи кифоя қилади. У шерлар орасида энг зўр шер эди, қўрқмас чавандоз, лашкарлар орасида энг ботир эди. У... жаҳлдор эмасди, ҳақоратомуз сўзларни айтмасди. У ниҳоятда жиддий эди, кулмасди, фақат жилмайиб қўярди, кам гапирарди...»

Машҳур тарихчи Бартолд Мангубердига баҳо берар экан, буни шундай ифода этади: «...Хоразмшоҳ Алоуддин Муҳаммад кейинчалик Жалолиддин кўрсатган ва мумкин бўлган қаршилик ҳаракатининг учқунини ҳам кўрсата олмади». Дарвоқе, шу ўринда Мангубердининг отаси — Хоразмшоҳ Алоуддин Муҳаммад ҳақида турк тарихчи олими Ойдин Тонарий ёзган баъзи бир маълумотларни келтириб ўтсак.

Тарихда буюк из қолдирган хоразмшоҳлар сулоласининг машҳур сиймоларидан бири бўлган Алоуддин Муҳаммад (ҳукмронлик даври 1200 — 1220 й.) даставвал Ғур султонлари Шиҳобиддин ва Ғиёсиддин билан жанг қилди. Ғурийлар Марв, Тус ва Хуросонни қўлга киритиш ниятида эдилар. Алоуддин Муҳаммад Нишопур, Марв, Сарахсни забт этди. Ундан сўнг Хоразмшоҳ кўп жанглар ўтказди, ғурийларни кучсизлантириб, уларнинг кўп ерларини тортиб олди. Бора-бора, бир вақтлар қудратли ҳисобланган ғурийлар давлати Алоуддин Муҳаммаднинг тазйиқи сабаб, парчаланиб кетди...

Алоуддин Хоразмшоҳ бундай натижаларга кўп жиҳатдан қорахитойлар орқали эришди. Бироқ у кейинчалик, қудрат касб этиб бораётганини ҳис қилди, ўзи вассал бўлган қорахитойларга қарши юришлар қилиб, уларни енгди. Ундан кейин Хоразмшоҳ Табаристонда бовандийлар ҳукмронлигини йўқ қилди, Самарқанд султони Усмонни ўлдириб, қорахонийларни тарих саҳнасидан бутунлай чиқариб юборди. Дашти Қипчоқдаги кўчманчи қипчоқларнинг устидан ҳам ғалаба қозонган Алоуддин Муҳаммад 1215 йилда Сиғноқни ўз давлатига қўшиб олди.

Айни пайтда Эрон ва Афғонистонда ҳам обрўси ошиб бораётган Хоразмшоҳ Ғазна ва унинг атрофини босиб олди. Бу ерларни у ўғли Жалолиддин Мангубердига берди. Алоуддин 1217 йилда Форс отабеги Саъд ибн Занги ва Озарбойжон отабеги Ўзбекни енгиб, ўз итоати остига олди.

Шундай қилиб, Хоразмшоҳлар империяси янада кенгайиб, Сирдарёдан Ироқи Арабга чўзилган улкан ҳудудга эга бўлди ва ўша давр Ислом оламининг энг қудратли давлатига айланди.

Бироқ шундай қудратга эга бўлган султон Алоуддин Муҳаммад ўз давлат механизмига тамомила ҳукмрон бўла олмади. Мўғуллар истилоси арафасида хоразмшоҳлар давлатида ўзига хос диархия — иккиҳокимлик тузуми вужудга келган: мутлақ ҳукмдор деб султон Муҳаммад ҳисобланарди, иккинчи тарафдан у ўз онаси Туркон хотуннинг итоатида эди. Туркон хотун эса давлатнинг ички ва ташқи ишларида иккинчи ҳукмдор, айрим масалаларда ҳатто султонга мухолиф ҳам эди. Хоразмшоҳнинг буйруқ ва фармонлари кўпинча қудратли Туркон хотун томонидан бекор қилинар ва ҳеч қандай кучга эга бўлмай қоларди.

Шиҳобиддин ан-Насавий шундай ёзган: «...Хоразмшоҳ онасига қарши чиқолмас эди... кичик ишларда ҳам, жиддийларида ҳам, аҳамиятсизларида ҳам. Бу икки сабабга кўра эди: биринчиси — фарзандлик бурчи бўлса, иккинчи ва энг асосийси, мамлакатнинг барча амирлари онасининг уруғидан эканлиги».

«Жаҳон ҳокими» деган лақабга эга бўлган Туркон хотун фақат султонга ҳукмини ўтказибгина қолмай, балки молия ишларини ҳам бошқарарди ва амирлар, амалдорларга ҳам фармон берарди. Бу ҳолат мўғуллар истилоси арафасида хоразмшоҳлар давлатидаги аҳволнинг барқарорлигини бирмунча йўқотди.

...1218 йилда Мовароуннаҳрга келган Чингизхон элчилари Алоуддин томонидан қабул қилинди. Икки ўртада савдо шартномаси тузилди. Бироқ Чингизхоннинг савдогарлар карвони Ўтрорга келганда шу ернинг ноиби Инолхон уларни қатл этиб, мол-дунёларини тортиб олади. Аслини олганда, қатл этилганлар савдогарлар ниқобидаги жосуслар экани аён бўлса ҳам, аниқ исботлар йўқлиги сабаб, бу ўта жиддий сиёсий хатога айланди. Бу мудҳиш воқеа оқибатда неча-неча минглаб мусулмонларнинг ҳалок бўлишига олиб келди...

Ғазабланган Чингизхон Инолхонни беришни талаб қилиб, Муҳаммад ҳузурига ибн Кафраж Буғра исмли машҳур киши бошчилигидаги элчиларини юборади.

Бироқ Хоразмшоҳ Алоуддин Муҳаммад ўғли Жалолиддин Мангубердининг сўзига кирмай, Инолхонни Чингизхонга бермайди. Бу ҳам етмаганидай, ибн Кафраж Буғра ва унинг йўлдошларини қатл қилиб юборади.

Буғранинг ўлдирилишидан ниҳоятда тушкунликка тушган Чингизхон уч кечаю уч кундуз танҳо ўзи ибодат қилиб, Худога қарата илтижо қилган экан: “Эй Парвардигор, эй тозик ва туркларнинг яратгувчиси, бу жанжални бошлаган мен эмасман, қасос олишга қувват бер!”

Мўғуллар босқини арафасида Хоразмшоҳ ҳарбий кенгаш чақиради. Унда атоқли давлат арбоби Шаҳобиддин Абу Саъд ибн Имрон ал-Хивақий Алоуддинга барча лашкарлар билан (600 минглик!) Чингизхонга қарши чиқиш керак, деган таклифни ўртага ташлайди. (Чингизхоннинг қўшинлари сони Хоразмшоҳникидан 3-4 баробар кам эди!) Мангуберди ҳам фойдали маслаҳат беради. Унинг фикри бўйича, душманни Мовароуннаҳрга киритиб, сўнг маҳаллий ерни душманга нисбатан яхши билганликдан фойдаланиб, уни яксон этиш кўзда тутиларди. Бироқ Алоуддин Муҳаммад бу таклифларни рад этиб, барча қўшинини шаҳар ва қалъаларга бўлиб, парчалади. (Баъзи тарихчилар бу охири яхши ўйланмай қилинган ишга Алоуддин Муҳаммаднинг Чингизхонни менсимагани сабаб бўлган, дейишса, бошқа тарихчилар бу пайтда Хоразмшоҳнинг ўз атрофидаги аъёнларига ишончи сусайгани важ бўлди, деб ёзишади.) Оқибатда, Чингизхонда рақиб кучларини биттама-битта, осонгина қириб ташлаш имкони туғилди ва у буни уддалади ҳам.

...Биринчи зарбани Чингизхон 1219 йилда Ўтрорга берди. Бунинг муҳим сабаби бор эди: Чингизхонннинг ўз ҳисоб-китоби бўлган Инолхон бу шаҳарнинг ноиби эди. Ўтрор беш ой қамал қилиниб, Инолхоннинг одами Ҳожиб Қорача хоинлиги сабаб, ишғол қилинади. Инолхонни Чингизхон ҳузурига олиб келишади. Сўнг эса, Инолхоннинг кўзлари ва қулоқларига кумуш эриттириб, қуйишади...

Ҳожиб Қорачани эса Чингизхоннинг ўғиллари олдига олиб келишганда, улар: «Сен ўз ҳожангга нисбатан хоинлик қилдинг. Ваҳоланки, у сенга кўп яхшиликлар қилган ва сендан миннатдорлик кутишга ҳақли эди. Шунинг учун биз сенинг содиқлигингга ишонмаймиз», деб қатл этадилар...

Вазиятнинг қулайлигидан ва саросимага тушган, ён-атрофидаги аъёнларига шубҳа билан қарайдиган бўлиб қолган Алоуддин Муҳаммаднинг абгор аҳволидан фойдаланган Чингизхон Мовароуннаҳрнинг дастлаб энг йирик шаҳарларини босиб ола бошлади, шундан сўнг, кучсизроқ вилоятларини осонлик билан забт этади. Тарихда мисли кўрилмаган қатлиомлар рўй беради, мусулмонлар қони дарё бўлиб оқади. Тарихчилар айтганидек, “бунда таслим бўлганлар ҳам, қаршилик кўрсатганлар ҳам омон қолмадилар”. Вазият шу даражага етиб келдики, Балхдан Тусга аранг қочган Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ Давлатобод яқинида бўлиб ўтган жангда зўрға жонини қутқариб қолди. Изма-из қувиб келаётган даҳшатли таъқибдан жонсарак бўлиб қолган Муҳаммад Султон Ҳазар(ҳозирги Каспий) денгизининг жануби-шарқ қисмидаги Абискин оролларидан бирига яширинди. У ерда хасталаниб, қашшоқлик ва хор-зорликда 1220 йили вафот этди. Энг фожеалиси, бир вақтлар оламни ларзага келтирган, қудратли империянинг ҳукмдори, беҳисоб бойликлар эгаси Алоуддин Муҳаммадга ҳатто арзирли бир жой ва ҳатто кафанлик ҳам топилмади. Унинг мулозимларидан бири ўз кўйлагини йиртиб, кафанлик қилиб ўрайди...

Султон Алоуддин Муҳаммад ўлимидан бир неча кун олдин ўғиллари Жалолиддин, Оқшоҳ ва Ўзлоқшоҳни ҳузурига чорлаб, “Мангубердидан бошқа ўчимни оладиган, бу ҳаракатни тўхтатадиган ўғлим йўқ. Уни ворис этиб тайинлайман. Унга итоат этингиз” дейди ва қиличини ўз қўли билан катта ўғлининг белига боғлайди. Шу билан айтиш мумкинки, Туркон хотун томонидан тайинлаган султон — Ўзлоқшоҳ ворислиги бекор қилинди. Хуллас, Жалолиддин Мангуберди энг мушкул, таҳликали вазиятда ўзи йўғ-у номигина бор давлатнинг султонига айланди.

Тоғ бағрида гуржилар худди зулмат сингари ёйилиб, Хоразмшоҳни кутиб турардилар. Уларнинг Султонни кўрган заҳоти қилган биринчи қилиқлари — осмонни тешиб юборгудай қичқиришлари бўлди.

Икки томон орасида шиддатли жанг бўлиб ўтди. Оқибат шу бўлдики, гуржилар мағлуб бўлиб, Хоразм қўшинидан аранг қочиб қутулдилар.

Тарихчиларнинг ёзишича, уруш арафасида Шалва (гуржиларнинг энг қудратли лашкарбошиси) рақиб тараф элчисини кутиб олганида йиққан қўшинини пеш қилиб, шундай деган экан: “Мен айни шу пайтда, давримда амир ал-мўъминин Али (ибн Абу Толиб ҳазрат Али, тўртинчи халифа) тирик бўлишини истардим. Шунда мен унга куч қандай бўлишини кўрсатиб қўярдим, у Бадр ва Хайбар жангларини эсдан чиқарарди”. Шалванинг бу мақтанчоқлиги асосида Бадр жанги — 624 йилнинг мартида Муҳаммад (с.а.в.) тарафдорлари томонидан Ислом дини учун кураш жанги назарда тутилган. Бу кураш Арабистон ярим оролида исломнинг кенг тарқалишига йўл очиб берган. Хайбар — Мадина ва Дамашқ оралиғида жойлашган воҳа. 628 йилда Муҳаммад (с.а.в.) томонидан забт этилди. Ривоят қилишларича, ҳазрат Али иккала жангда ҳам ноёб жасорат кўрсатган.

Тарихчиларнинг таъкидлашича, Шалва жуда бақувват, улкан гавдали киши бўлган. У асир олингач, Жалолиддин ҳузурига олиб келинади. Шунда Султон унга шундай дейди: “Қани, сенинг Зулфиқор қиличинг?! (Ҳазрат Алининг шундай машҳур қиличи бўлган.) Қани, бу қиличингнинг ҳаммани ҳайратга солувчи зарблари?” Шу гапдан сўнг, изза бўлган Шалва ислом динини қабул қилган экан...

Хуллас, Жалолиддин Мангуберди Озарбайжондаги отабеклар давлатини тарих саҳнасидан чиқариб юборгач, Ширвон, қудратли Гуржистон империясини қулатди.

Мавқеидан мўғуллар ҳам ҳайиқиб қолган Мангуберди 1227 йилнинг центябрида асосий душман билан тўқнашди. Жанг аёвсиз кечади. Унда, айниқса, мўғуллар кўп талафот кўрадилар. Бироқ жангнинг энг қизғин палласида Жалолиддиннинг укаси Ғиёсиддин Пиршоҳ унга хоинлик қилиб, қўшинлари билан қочиб кетади. Лекин шунда ҳам Жалолиддин зафар қозонади, мўғуллар талафот кўриб, қочишга тушадилар.

Мўғул лашкарбошиларидан бири Тайнал нўён Жалолиддиннинг бу жангдаги жасоратини кўриб, шундай деган экан: “Ҳақиқатан ҳам у ўз даврининг баҳодири ва тенгқурларининг доҳийсидир!”

Жалолиддин Мангубердининг Ватани, миллати ва динининг ғурурини барча нарсадан устун қўйишини тарихчиларнинг ушбу қайдларидан ҳам билса бўлади.

...Ҳилотни қамал қилиш пайтида Жалолиддин синглиси Хонсултондан хат олади, у тақдир тақозоси билан Чингизхоннинг ўғли Жўчининг хотини бўлган эди. Мактубда шундай дейилганди: “Сенинг қудратинг, кучинг ва мулкларингнинг улканлиги ҳақидаги хабар Хоқонга етди. Шунинг учун у сен билан қариндош бўлишга қарор қилиб, мулкларингиз чегарасини Жайҳун дарёси бўйича ўтказиш ҳақида келишиб олмоқчи. Сенга — дарёгача бўлган, унга — дарёдан наридаги ерлар. Шунинг учун агар сен уларга қарши туришга куч йиғолсанг, қасос ол, агар енгсанг, хоҳлаганингча иш тутасан. Агар енгишга кўзинг етмаса, фурсатдан фойдаланиб, уларнинг истаги бўйича сулҳ туз!”

Бироқ Хоразмшоҳ хатга жавоб ҳам ёзмади, уни худди кераксиз матохдай назарга олмади, ниятларидан чалғитувчи ундов деб билди.

Хоразмшоҳнинг атрофидаги давлатлар ҳукмдорлари — Қўниё султони Қайқубод I, Дамашқ ҳокими Ал-Малик ал-Ашраф ва яна бошқа ҳукмдорлар билан муносабатини ижобий деб бўлмасди. Бундан билса бўладики, Жалолиддин дипломатия соҳасида бирмунча қизиққонликка йўл қўйган. Айнан шу омил Мангубердининг асосий душман — мўғуллар олдида яккаланиб қолишига замин яратди.

Хоразмшоҳнинг олдиндан билиб бўлмас, тажовузкор ҳаракатлари олдидаги қўрқув Кўниё султони Алоуддин Қайқубодни унга қарши иттифоқ тузишга олиб келди: бу иттифоққа Дамашқ ҳокими Ал-Малик ал-Ашраф, Ҳилот ҳокими Иброҳим Ширкуҳ, Хартабарт ҳокими Артуҳхон, Ҳалаб ҳокими Савоб, Маёфириқин султони Ал-Азиз Усмонлар кирди. Ал-Ашрафга юборган мактубида Қайқубод I бундай ёзади: “Жалолиддинни қиличсиз тўхтатиб бўлмайди; унга ҳушомадгўйлик қилиб ҳам бир иш чиқазолмаяпмиз. Энди сўзларимиз ва ишларимизни келишувга олиб келсак ва мамлакатларимизни ҳимоя қилсак бас”.

1230 йил 7 августда Арзинжон яқинидаги Ясси Чаман текислигида Алоуддин Қайқубод I ва Хоразмшоҳ ўртасида илк тўқнашув бўлиб ўтди. 700 отлиқ билан душманнинг 3000 кишилик сараланган суворийларига қарши борган Жалолиддин ғолиб бўлди, рақибини яксон қилди. Бироқ Хоразмшоҳ ғалабадан тўлиқ фойдалана олмади: мағлубларни таъқиб этиб ўтирмади ва унинг бу ҳаракати душманни тор-мор бўлишдан халос этди.

Вазиятдан фойдаланиб, ўзини ўнглаб олган иттифоқдошлар 1230 йил 10 августда жанг бошладилар. Оқибатда Мангубердининг лашкари мағлуб бўлади ва тарқатиб юборилади. Жалолиддин аскарларидан ажраб, Ҳилот томонга от солади.

Хоразмшоҳ лашкарининг енгилганига қарамай, иттифоқдошлар ҳаракатларини унинг ерларигача давом эттиролмадилар, чунки улар Султоннинг чекинишини бир ҳийла, деб тушундилар. Уларнинг қалбларини Мангубердидан қўрқув ва эҳтиром шунчалик қамраб олган эдики, уни таъқиб этишга журъат эта олмадилар ва ортга қайтдилар.

Жалолиддиннинг Ясси Чаман яқинида тор-мор этилганини эшитган исмоилийлар мўғулларга Мангубердининг заифлашганини айтишади ва уларни ҳужумга ундайдилар.

Мўғуллар бу хабарни эшитиб, 1230-31 йилларда Озарбайжонга бостириб кирдилар ва султони ҳолдан тойган мамлакатни тезда истило қиладилар. Мағрур, қайсар Жалолиддин Мангуберди ночор аҳволда қолганидан турли мамлакатлар ҳукмдорларидан, ҳаттоки, аввал рақиб бўлган давлат ҳукмронларидан ҳам нажот истаб, ёрдамга чақиришга мажбур бўлади. Аммо ҳеч ким Ислом дунёсининг ягона ҳимоячисига ёрдам қўлини чўзмайди. Бу ҳам етмаганидек, мўғуллар Жалолиддиннинг қишловларга юборилган лашкарлари тўпланмасидан бурун Мангубердига ҳужум қиладилар. Хоразмшоҳ бу аёвсиз ва оғир жангдан базўр қутулиб қолади.…

1231 йил август ойида тушкунликка тушган Султон айш-ишрат ва сархушликка берилади. Шундай кунлардан биридан сўнг Жалолиддин қаттиқ маст бўлиб қолади ва қаттиқ уйқуга кетади. У ҳаттоки, ўрдасини мўғуллар ўраб олганини сезмай қолади. Унинг содиқ амирларидан бири Ўрхон аскарлари билан Мангубердини қийинчилик билан қутқариб қолади, уни мастлигича отга ўтқазиб, чоптириб кетади. Йўлда Султон ўзига келади ва Ўрхонга душман чалғийди, деган ўйда бошқа тарафга кетишни амр қилади-да, ўзи бошқа йўлдан от солади.

...Атрофда юракни маҳзунлаштирадиган, файзсиз жимлик. Фақат Мангуберди ва орқада таъқиб этиб келаётган мўғуллар отлари туёқларининг шиддатли дупури. Бу одимлар Ватанпарварнинг ҳаётини ҳал қиладиган даражада таҳликали... Мана, Султонга иккита душман одами етиб олди. Қилич сермади, йўқ, тегмади. Найза отилди — Султон чап берди. Мангуберди жон ҳолатда бор кучини тўплади ва... орқада келаётган душманлар икки мўғулнинг отдан қулаганини ва Хоразмшоҳнинг ўзларига қарата қиличини ҳавода сермаб, олға кетаётганини кўрдилар...…

...Жалолиддин Мангуберди от чоптириб кетди... Узоқларга...

...Унинг ўлимидан сўнг, мўғуллар бунга кўп йиллар ишонмай, юрак ҳовучлаб юрдилар.

Халқ Жалолиддин бу дунёдан кетганига ишонмади. Хизрни кўрган Мангуберди дарвешлар орасида бир сўфий кийимида Ислом мамлакатларида, халқ ичида кезиб юрибди, деган ишонч билан унинг яна куч тўплаб бизни ҳимоя қилади, деб кутдилар. Улар ҳолдан тойган Ватанпарварнинг бир курд томонидан номардларча ҳалок этилиб қўйилишига ишонгилари келмади.

Бунга ҳатто ҳукмдорлар ҳам ишонгилари келмади. Ироқи Ажам ноиби Шарафуддин Али Мангубердини излатиб ҳам кўрди. Жалолиддин улар учун енгилмас, жисман ҳам ўлмас қаҳрамон эди...…

Уни энди қадди эгик амирлари ҳам соғинч билан ёдга олардилар. Ўлганига ишонгилари келмасди. Бир воқеани унутиб бўлмасди. ...Исфаҳон яқинида беҳисоб мўғуллар лашкари яшириниб келаётганидан ваҳимага тушган хонлар Унинг оёғига бош уришди. Жалолиддин аввалига уларни бир оз куттириб қўйиб, сўнг бамайлихотир ҳузурларига чиқади. Султон хотиржамлик билан амирларига мўғуллар тўғрисида эмас, бошқа масалалардан сўз очади. Мангуберди бу билан душманни назар-писанд қилмаслигини билдирмоқчи ва амирларни тинчлантирмоқчи эди. Ниҳоят, узун суҳбатдан сўнг, Султон ҳозир бўлганларни ўтиришга таклиф этди ва мўғул масаласини муҳокама қилишга киришди...

Мангубердини сеҳр-жоду соҳиби деб, бунга ишонадиганлар ҳам унинг тирик эмаслигига шубҳаланиб қарадилар. Улар салтанатнинг сўнгги даврларида халқнинг иссиқдан ва сувсизликдан қийналаётганини кўриб, яда тоши воситасида ёмғир ёғдиришдек мўъжиза яратган Султоннинг ўлганига ишонмадилар...…

...Ҳаттоки, ҳозир ҳам Мангубердининг тириклигига ишонувчилар топилади. Зеро, Жалолиддиннинг ўзи шундай деган (М.Шайхзоданинг “Жалолиддин Мангуберди” драмасидаги бобомиз образининг сўзлари):

...Мангуликдан жой олган — яшар абадий,
Мен-ку, Мангубердиман, олам билади.
Кўкларданми, сувданми, ё ер тагидан,
Балки саҳро бағридан, тоғ этагидан,
Бир кун пайдо бўламан шу юрт, шу ерда,
Юрт шайдоси кўмилмас ғурбатда – гўрда.
Улуғвор ниятларга кор қилмас ажал,
Ким юртдан ёв қувса –мендурман ўшал...

Жалолиддин Саъдинов

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР