Ўрта асрларда Хоразмда маданий ҳаёт ва унинг хориж сайёҳлари асарларида акс этиши
Хоразмшоҳлар даврида илм-фан ва санъат ривожланди. Салжуқийлар давридаёқ империянинг муҳим маданий ва сиёсий марказларида илм ва адабий фаолият жонланган эди.

1153 йилда содир бўлган ўғузлар исёни бу соҳада бироз турғунликка олиб келди. 1157 йилда Султон Санжар вафот этганларидан сўнг то Хоразмшоҳлар 1197 йилда Ироқ салжуқийлари давлатини тугатгунларигача бўлган давр ичида ғурий ва қорахитойларга қарши олиб борган урушлари Хуросон ва Хоразм шаҳарларининг моддий жиҳатдан зарар кўришларига сабаб бўлди. Бироқ, шунга қарамай, XII асрнинг иккинчи ярмида ҳам илм-фан ва адабиёт ривожланди. Хусусан, Жалолиддин даврига қадар, яъни 1220 йилгачаёқ Хоразмшоҳлар пойтахти Гурганж моддий жиҳатдан ниҳоятда гуллаб-яшнагани сингари, илм-фан ва санъат маркази сифатида ҳам Хуросоннинг буюк шаҳарларини анча ортда қолдириб кетди.

Султон Санжарнинг пойтахти бўлгани учун гуллаб-яшнаган Марв Хоразмшоҳлар даврида ҳам ўз мавқеини сақлаб қолди. Бироқ, мўғул истилоси оқибатида бу шаҳар таназзулга юз тутиб, орқада қолди. Мўғул истилосидан бироз олдин бу ердан чиқиб кетган Ёқут Ҳамавий шаҳарда ўша вақтда ўнта кутубхона бўлганлиги тўғрисида ёзган эди. Жоме масжиди кутубхонасида 12 минг жилд китоб бўлган. Шаҳардаги барча кутубхоналардан фойдалангани ва шу туфайлигина асарларини ёза олганини эътироф этган. Ёқут Марвда лозим бўлган асар нусхалари ҳам кўп бўлганлигини, асосий эътибори билан дунёнинг бирор шаҳридаги кутубхона Марв билан беллаша олмаслигини қайд қилган эди. Бу Хоразмшоҳлар даврида Маврнинг буюк бир маданият марказига айланганлигидан далолат

беради. Сомонийлар давридан эътиборан, Хуросоннинг энг катта шаҳрига айланган Нишопур ҳам Хоразмшоҳлар даврида ўз мавқесини сақлаб қолди. Карвон йўллари устида жойлашган бу шаҳар айни вақтда ҳунармандчилик маркази ҳам эди. Хоразмшоҳлар пойтахти Гурганж XII асрда гуллаб-яшнаб, дунёнинг энг муҳим маданият марказларидан бирига айланди. Хоразм ҳукмдори Отсиз 1142 йилда Хуросон юришидан қайтганда, бу ерга жуда кўп олимларни олиб келган эди. Санжар вафот этгач ва давлат империя сифатида шаклланганидан сўнг, Гурганжга кўплаб олиму уламолар кўчиб келдилар.

Хоразмшоҳларнинг иншо девонига ҳар доим даврнинг энг машҳур муншийлари раҳбарлик қилган. Такиш даврида бу вазифада машҳур Баҳоуддин Боғдодий ишлаган бўлса, Жалолиддин замонида Насавий хизмат қилган. Улардан ташқари, Замаҳшарий, Рашидиддин Ватвот, Фахриддин Розий каби олим ва шоирлар Хоразмда яшаб ижод қилганлар. Илмий муассасалар бой вақфларга эга бўлган. Бу ерда олимлар турли соҳаларда тадқиқот ишларини олиб боришган. Ҳукмдорларнинг катта илтифотига сазовор бўлган бу машҳур олимлар халқ ўртасида катта обрў қозонган эдилар. Фахриддин Розий ва Шиҳобиддин Хивақий каби олимлар шаънига ёзилган қасидалар бунинг ёрқин далилидир. Хоразмдаги кутубхоналар ҳақида Насавий берган хабарни, тарихчи Ибн Исфандиёрнинг шаҳарда китоб тижорати билан шуғулланган саҳҳофларнинг махсус бозори бўлганлиги тўғрисидаги фикрини эътиборга олсак, пойтахтнинг ўлкан илм- фан ва маданият марказига айланганлиги маълум бўлади.

Хоразмшоҳлар даврида илмий, адабий ва диний асарлар араб тилида ёзилган. Маълумки, ўша вақтда Ғарбда лотин тили ҳудди шундай ролни ўйнаётган эди. Фақат олимларгина эмас, балки ўша даврнинг зиёлилари ҳам арабчани яхши билган. XII асрда айрим илм соҳаларида она тили туркий ёки форс тили бўлган ўрта синф зиёлилари орасида бироз осонлиги учун форс тили ҳам қўлланилган.

Айни чоғда асарларининг бутун ислом оламига тарқалишини хоҳлаган олимлар ўз асарларини араб тилида ёзар эдилар. Ҳатто, улар маҳаллий эҳтиёжга кўра форсча ёзган асарларини арабчага таржима қилардилар. Бу асарда ҳар икки тилни билган муаллифларнинг таъсири остида кўпгина араб калималари форсча калималар ўрнини эгаллаган, араб тилига хос баъзи услубий хусусиятлар ҳам форсчага ўтган. Ўзлари яшаган муҳит тақозосига кўра, арабчадан кўра форсчани яхшироқ билган Хоразмшоҳлар ўз буюртмаларига мувофиқ ёзилган асарлар форсча бўлишини истар эдилар. Худди шунингдек, девон ишларида ҳам давлатнинг расмий тили сифатида форс тили ишлатилган, фармонлар шу тилда ёзилган. Араб ва форс тилларини бирдек яхши билган Насавий Жалолиддиннинг ҳаёти тўғрисидаги асарини араб тилида битган. Бундан у Жалолиддин тарихини бутун ислом оламига танитиш мақсадини кўзлаган эди. Насавийнинг асари ўша даврдаёқ форсчага таржима қилинган.

Хоразмшоҳлар даврида форс тили илм тили сифатида араб тилидан устунроқ мавқега эришди ва бу аҳвол XII асрда янада кучайди. Авваллари арабча ёзилган илмий ва тарихий асарлар бу даврда форсчага ўгирилди. Эрон шеъриятининг ривожида ҳам ўзгаришлар бўлиб, қадимги Хуросон мактабига хос адабий анъаналар ўзгаришга учради. Ироқ, Аррон, Форс вилоятларида етишган буюк шоирларнинг таъсири остида Ироқ мактаби вужудга кела бошлади. Салжуқийлар давридаги адабиёт тараққийси Хоразмшоҳлар даврида янада юқори даражага кўтарилди.

Хоразм тили сўзлашув ёки ёзув тили сифатида араб ва форс тили қаторида ўз аҳамиятини XIII аср охирларигача сақлаб қолган. А.А.Фрейманнинг кўрсатишига қараганда, Хоразм тили XIII-XIV асрлардан кейин тамомила турклашади.

XII-XIII асрларда қўшни давлатларни ўзига бирлаштирган Хоразм ўта кучли империяга айланди. Натижада, “Маъмун Академияси”дан 100 йил кейин Қутбиддин Муҳаммад I ибн Ануштагин ва унинг ўғли ал-Малик Абу Музаффар Алоуддин Жалолиддин Отсиз томонидан “Маъмун Академияси”га ўхшаган Академия ташкил этилди. Қутбиддин Муҳаммад ва Отсиз ҳукмдорлик қилган даврларда Хоразмга Арабистон, Ҳиндистон, Эрон ва бошқа юртлардан йирик олимлар таклиф қилинди. Исмоил Журжоний, Абу Бакр Абулқаҳр ибн Абдураҳмон Журжоний, Ҳаким Азракий, Абдураҳмон Ҳасан Алкутаний Марвазий, Абул Маҳасин, Муҳаммад ибн Умар ал-Ҳусайн, Абу Абдулла Фахриддин ар-Розий, Маҳмуд ибн Муҳаммад Умар ал-Чағминий шулар жумласидандир.

“Маъмун Академияси” 17 йил фаолият кўрсатган бўлса, бу Академияда камолга етган олимлар 60 йил фан ва маданият равнақига хизмат қилишди. Шарқшунос олим В.В. Бартольднинг фикрича, Отсиз ҳукмронлик қилган даврда Хоразмнинг нуфузи Каспий денгиздан тортиб, Сирдарёнинг қуйи ва ўрта қисмларигача бўлган ерларга ёйилган. Ўша даврда Хоразмни зиёрат қилган араб сайёҳи Абу Хомид ал-Ғарнотий (1080-1169) ўзининг “Туҳфат ал-албоб ва нуҳбат ал-аъжоб” (Оқиллар туҳфаси ва ажойиботлар сараси) номли асарида шундай ёзади: “... Хоразмда мен ўзим зиёрат қилган ҳеч бир ўлкада кўрмаган мевалар ўсади. Унинг аҳли эса - фозил олимлару шоирлар ва олижаноб кишилардир”.

Хоразмшоҳларнинг ҳаммаси билимли киши сифатида шуҳрат қозонишган, илм-фан ва маданият тараққиётини таъминлаганлар. Қутбиддин Муҳаммад отаси Ануштагин даврида Хуросон пойтахти Марвда яхши маърифат олган адаб ва дин илмларини ўрганган эди. У Хоразм ҳукмдори бўлгач, қобилиятли раҳбар сифатида уломаларга ва дин арбобларига ҳомийлик қилди. У ҳар томонлама истеъдодли одам эди. Олимлар ва дин арбоблари уни яхши кўришар, у ҳам уларни иззат-ҳурмат қилар эди. (Қутбиддин Муҳаммад) фуқароларига адолатли бўлиб, улар ҳам уни яхши кўриб, унинг номини азиз тутар эдилар.

Улар ҳам дунёвий, ҳам диний билимларни эгаллаганлар. Масалан, Отсиз қасидалар, рубоийлар ёзган, кўплаб назм намуналарини ёддан айтиб бера олган, санъат ва илмга катта ихлос билан қараган. Айрим маълумотларга кўра, уд мусиқа асбобини чалишда ўз даврида шоҳ Алоуддин Такишга тенг келадиган киши бўлмаган. Шу билан бирга у иқтидорли адиб бўлиб, араб ва форс тилларда ижод ҳам қилган. Хоразмда ал-Ҳанафия мазҳабидаги илм толиблари учун мадраса қурдиргани унинг маърифатпарварлигига ишончли бир далилдир. Алоуддин Такиш ҳукмдорлик қилган даврда илм-фан ва адабиёт шу тариқа равнақ топади.

Такишнинг илм толибларини билимли ва маърифатли қилиш мақсадида кўплаб мадрасалар, масжидлар, кутубхона (дор ул-кутуб)лар ва жамоат бинолари қурдиргани, ҳатто баъзи мадраса талабаларини пул ва озиқ-овқат, кийим-кечак билан ҳам таъминлаб тургани тарихдан маълумдир. Ўша даврда йирик илмий ва маданий марказлардан бирига айланган Гурганж ва Катда маънавиятнинг бундай ривожида маҳаллий олиму-адиблар, шоирлар билан бир қаторда хорижий юртлардан Хоразмга келиб яшаб, ижод қилган олиму фозиллар ва шоирларнинг ҳам ҳиссаси катта бўлган, албатта.

Андалузиялик олим ва сайёҳ Абу Ҳамид ал-Ғарнотий (1080 - 1168) Ибн Анийн номи билан танилган шомлик машҳур шоир Шарафиддин Муҳаммад ибн Наср (1144-1232), шунингдек, 1153 йилда Хоразмга келган жандлик шоир ал-қози Ёқуб ибн ал-Жандий, Хуросоннинг Нисо шаҳридан келган Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Али ибн Аҳмад ан-Насавий, ал-Қассоб номи билан машҳур Сарийъ ул-Каас лақабли нишопурлик адиб Муҳаммад ибн ал-Ҳусайн, машҳур балхлик шоир ва адиб, машҳур котиб Муҳаммад ибн Абдужалил ал-Умарий Рашидиддин ал-Ватвот каби ўнлаб олиму фозиллар тил ва адабиёт, фалсафа, мантиқ фалакиёт, физика, химия, табобат, жўғрофия, тарих ва бошқа фанларни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшганлар.

Хоразм мадрасаларига мударрислар ва имомлар бевосита Султоннинг ёки ҳокимнинг махсус кўрсатмаси билан тайинланган. Хоразмшоҳлар давлатида кўзга кўринган машҳур давлат арбоби, маърифатпарвар мударрис Султон Алоуддин Муҳаммаднинг энг яқин маслаҳатчиси Шиҳобиддин Абу Саъд ибн Имрон ал-Хивақий бешта мадрасада фиқҳдан дарс берган. Муфти Шиҳобиддин Хоразмда биринчи бўлиб, масжид қошида кутубхона қурдирган. Бу кутубхона жуда ҳам нодир китоблар билан бойитилган.

Ёқут ал-Ҳамавий таъкидлашича, Абу Мадар Маҳмуд Шариф ал- Исфахоний тилшунослик соҳасида, айниқса наҳву сарфда беқиёс ном қозонган. Унинг илмий қобилияти ва фазилатлари ҳақида халқ орасида турли хил афсоналар, ривоятлар тарқалган. Ал-Исфахоний теран билими ва заковати, нуфузи катталиги туфайли муътазилий мазҳабини хоразмликлар ўртасида кенг ёйишга эришади.

Хоразмшоҳлар саройида хизмат қилган балхлик Рашидуддин Муҳаммад ибн Абдужалил ал-Умарий (1094-1191) котиблик санъатида катта обрў қозонади. У умрининг охиригача Хоразмда яшаб, араб ва форс тилларида йигирмадан ортиқ асарлар яратгани тарихдан маълум. Унинг “Ҳадоиқ ас-сеҳр фи дақоиқ аш-шеър” (“Шеърият нафосатида сеҳрли бўстонлар”) асари алоҳида аҳамиятга молик. Хоразмшоҳ Отсизнинг набираси Султоншоҳ Маҳмудга (1172-1193) бағишланган. “Мажмуат ар-расоил” (“Мактублар тўплами”) асари эса икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисми халифалар, султонлар, хоқонлар, вазиру амирлар, ҳокимлар, қози ва муфтилар номига жўнатилган турли-туман мактублардан таркиб топган. “Мактублар”нинг иккинчи қисмида эса, юқори мансабли амалдорлар, машҳур шахслар, шоиру- адибларга ва муаллифнинг ўз дўсту биродарларига йўллаган мактублари жамланган.

Рашидиддин ал-Ватвот мактублари орқали Хоразмда ўша пайтда тинчлик ва осойишталик ҳукм сурганини англаймиз. Шу боисдан Хоразмга хорижий элу юртлардан кўчиб келувчилар кўп бўлган. Хоразм шу даражага бориб етдики, - деб ёзади Рашидиддин ал-Ватвот, - у қўрққан ва хавф-хатарга тушганлар учун бехатар макон, элма-эл кезиб юрадиганларга манзилгоҳ, дарвишлар учун паноҳжой бўлиб қолди. Одамлар Хоразмга ҳар тарафдан ўз кулфату мусибатларидан изтиробга тушиб, ҳасрату надоматлардан қалблари куйиб-ёниб нажот излаб келадилару, бу жойда барча иллатлари шифо топган, дарду аламлари бартараф бўлган, жамики юмушу ташвишларидан қутилган ҳолда қайтадилар. Оллойи таолога бу ўлкага кенг қўламда бундай улуғлигу бу даражадаги олий ҳимматни муяссар кўрганлиги учун беҳад ҳамду санолар бўлсин”. Шунингдек, ал-Ватвот мактубларидан ўша пайтда Хоразмда яшаган олимлар, шоир ва адиблар ўртасида уюштирилган илмий мунозаралар ҳақида ҳам бой тасаввурга эга бўламиз.

Шуниси диққатга сазоворки, хорижий мамлакатларда яшаб, фаолият кўрсатган хоразмликлар ҳам бошқа халқларнинг илм-фан ва маданияти ривожига ўзларининг катта ҳиссаларини қўшдилар. Шулардан бири Мисрда

яшаган Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Хоразмий эди. Мисрлик тарихнавис, ёзувчи Жалолиддин Абдураҳмон ас-Суютийнинг (1344-1405) ёзишича, “ўзининг теран билими билан Аҳмад ал-Хоразмий ўша даврда Миср мафкуравий ғояларининг ўсишига муайян даражада ҳисса қўшган”.

Арабистонга бориб қолган Хоразмлик етук шоир ва адиб Сайфи Саройи Искандария шаҳрининг маликаларидан бири бўлмиш Тайхосбекка ёзган шеърий мактубида илмий-маданий ва дўстлик алоқалари мустаҳкамлани- шини таъкидлайди:

Бошим силадинг: “Юртдан жудо” деб,
Менам сўзинг этурман “жон фидо” деб.
Бу қул бирла, маликлар бирлигидур,
Бу бир элнинг у элга ҳурлигидур.
Ғариб кўнглим уйин обод қилдинг,
Элим номин минг-минг ёд қилдинг.

Демак, бу даврда илм-фан ва маданиятнинг тараққиёти Хоразмда ҳунармандчилик, деҳқончилик, меъморчилик, ташқи ва ички савдонинг ривожи билан уйғунлашиб кетади. Иқтисодий-ижтимоий, маданий ҳаётдаги ижобий силжишлар мамлакат шаҳарларининг, айниқса, Гурганжнинг гуллаб- яшнашига замин ҳозирлайди. Ҳудди шу олимлар ҳамда Хоразмнинг қулай жўғрофий шароитда жойлашгани Шарқнинг йирик илмий-маданий ва савдо марказларидан бирига айланишида муҳим ўрин тутди. Қадимги Хоразмдан “Ипак йўли”нинг ўтиши, Шарқ билан Ғарбнинг боғланиши воҳанинг иқтисодий ва маданий ривожига таъсир этган, албатта. Биз Қўйқирилганқалъа, Тупроққалъа, Аёзқалъа, Бургутқалъа, Жонбосқалъа, Қирққизқалъа, Норинжонқалъа, Элликқалъадан археологик қазиш пайтида топилган воҳа антик даври мданияти ва санъатига оид ёдгорликларга ҳамда қадимий қўлёзмалардаги фикрларга асосланиб, шуни айтиб ўтмоғимиз керакки, Хоразм ҳамма даврларда жаҳоннинг энг йирик марказларидан бири саналган. Бу қадимий маданият ҳатто бугунги кунда Европада антик дунё деб аталиб келаётган Юнон ва Рим маданияти билан бир қаторда туради. Зотан, Хоразмдан ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Ироқ, Умар аз- Замахшарий, Умар Чағминий, Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Ҳайдар Хоразмий, Ҳофиз Хоразмий, Мунис Хоразмий, Огаҳий каби олиму фозилларнинг, шоиру адибларнинг етишиб чиққанлиги бежиз эмасдир. Бинобарин, Олмония тарихчи олими Хердер бу ҳақда шундай деб ёзади: “Овруполик бирорта халқ ўз ёзувини ўзи кашф этган эмас, испанлар ёзуви ҳам Осиёдан олинган; Шимолий ва Ғарбий Оврупо маданияти юнон-румо-араб уруғидан униб чиққандир ... Шарқликлар алгебрани дунёга келтирдилар, инсон қўлига табобат сирларини очмоққа калит тутқаздилар... Физиканинг барча бўлимларини шу калит ёрдамида очдилар ва бу калит асрлар давомида амалда қўлланиб келинмоқда ...”.

Фаннинг ижтимоий соҳалари қаторида табиий ва аниқ фанлар, жумладан, астраномия, математика ва географияга ҳам махсус эътибор қаратилган. Мазкур соҳалар мамлакатнинг амалий эҳтиёжлари, чунончи, турли ўлкалар ва карвон йўллари ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш, халқаро савдо - элчилик ва маданий алоқаларни ривожлантириш, мамлакатда суғориш тармоқлари барпо этиш, ободончилик кўламини кенгайтириш кабилар учун бевосита зарур эди. Ўша даврда Маҳмуд Чағминий астраномия ва математика соҳалари бўйича ҳамда Муҳаммад Нажиб Бакрон географияга оид асарлар ёзиб қолдирганлар. Уларнинг ижодида Абу Райҳон Беруний илмий мактабининг давоми кузатилади. Ануштагинлар – Хоразмшоҳлар давлати маданий ҳаётида ислом ақидаларига ҳам эътибор кучли бўлган.

Ислом дини пешволари - сайидлар, уламолар, машойихларга хоразмшоҳлар жуда катта илтифот кўрсатганлар, элчилик муносабатларида ва турли низоларни тинч йўл билан ҳал қилишда улар билан бамаслаҳат иш тутганлар. Марказлашган йирик сиёсий бирликнинг мавжудлиги, иқтисодиёт, фан ва маданият йўналишларидаги умумий ўсиш ўз навбатида, маънавий маданият тараққиётига ижобий таъсир этди. Хусусан, тасаввуф таълимоти кенг ривожланди. Бу ерда Хуросон тасаввуф мактабининг таъсири кенгайганлиги кузатилади. Абдулла Ансорий (1006-1089), Юсуф Ҳамадоний (1049-1140), Аҳмад Жом (1049-1142) унинг йирик намоёндалари эдилар. Тасаввуфнинг қатор майда тариқатлари: муҳосибия, қассория, тайфурия, жунайдия, нурия, саҳлия, ҳакимия, харрозия, хафифия, сайёрия ва бошқалар юзага келди. Ягона сиёсий бирлик заминида Хуросон тасаввуф мактаби бевосита Мовароуннаҳрда тасаввуф ривожига сабабчи бўлди. Жумладан, Юсуф Ҳамадоний тасаввуф мактаби асосида яссавия ва хожагон-нақшбандия тариқатлари вужудга келган.

Ануштагинлар – Хоразмшоҳлар давлатида тасаввуф тараққиёти биринчи навбатда хоразмлик йирик мутасаввиф олим Нажмиддин Кубро (1145-1221)

номи билан боғлиқдир. Унинг асли исми Аҳмад ибн Умар ал-Хевақий бўлиб, Хоразмда туғилиб – ўсиб кейин Эронзамин ва Араб мамлакатларига саёҳат қилган; узоқ вақт ўша томонларда йирик тасаввуф машойихларидан таълим олиб, ўзи ҳам етук тасаввуф таълимотчиси даражасига етган ва Нажмиддин Кубро лақаби билан шуҳрат қозонган. Сўнгра у ватанига қайтиб, Муҳаммад Хоразмшоҳ даврида Гурганжда яшаб, тасаввуф таълимотини ривожлантирган, кўплаб шогирдлар орттирган. Жумладан, таниқли шоир ва тасаввуф намоёндаси Фаридиддин Аттор ҳам унинг шогирдларидан эди. Нажмиддин Кубронинг таълимоти тасаввуфда кубравия тариқати номини олган ва машҳурдир. “Кубро тасаввуф тарихида кенг феъллик йўлини тутган шайхлардандир. Чунки, ул зотнинг хонақосида сунний мазҳабли шогирдлар билан бирга шиа мазҳабли муридлар ҳам таълим олаверган”.

Нажмиддин Кубро илмий асарлар ва рубоийлар ёзган. Улардан асосийлари – “Фавоиҳ ал-Жамол ва фотиҳ ал-Жалол”, “Ал-усул ал-ашара”, “Рисолат ал-Хаиф ал-Хаим мин-Лаумон ал-лаим” ва бошқалар.

Чингизхон Нажмиддин Кубро - Аллоҳ раҳмат қилсин – борлигини билиб, унинг ҳақида маълумотга эга бўлгач, қуйидаги мазмунда хабар юборади: “Мен Хоразмни қирғин ва талон-тарож қилмоққа ҳукм этганман. Замоннинг табаррук ул зоти шарифи (хоразмийлар муҳитини тарк этиб, бизга келиб қўшилмоқлари лозим!”. Шайх – уни, Аллоҳ раҳмат қилсин – шундай жавоб қилдилар: “Мана етмиш йилдирки, мен Хоразмда осойишта яшаб, шу халқ билан ҳаётнинг аччиқ–чучугини бирга тотиб келмоқдаман. Эндиликда, фалокат юз берган чоғда, мен уни ташлаб қочсам, бу виждонсизлик ва номардлик бўлади”. (Шаҳар босиб олинганидан) сўнг уни ҳалок бўлганлар ичидан қанчалик ахтармасинлар топа олмадилар. Унга Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин!”.

Нажмиддин Кубро 1221 йили Хоразмда мўғул босқинчиларига қарши жангда 600 дан зиёд мурид издошлари билан иштирок этади. Бу ғазотда оғир яраланган Кубро ўлими олдидан тиғ тутган мўғул аскарига ташланиб, шаҳид бўлади.

Ҳукмдорлар, айниқса, Хоразмшоҳ Отсиз олиму, шоирлар ва адибларга ҳурмат билан қарар, ўзи ҳам истеъдодли маърифатпарвар, адабиётга қизиққан шахс эди. Унинг даврида илм-фан тараққиёти йўлида бир қанча хайрли ишлар амалга оширилган.

Ободончилик ва маданият ривожига эътиборни сўнгги Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди фаолиятида ҳам кузатиш мумкин. У ҳаётининг кейинги ўн йилини она Ватанидан узоқда, турли юртларда ўтказган ва боз устига бирор жойда узоқроқ муддат яшаб қолмаган бўлишига қарамай, шаҳар ва қўрғонлар ободончилиги учун ҳисса қўшганлиги, масжидлар барпо этганлиги ўша давр тарихий манбаларида қайд этилган.

Маълумки, Ўрта Осиёда Ислом тараққий этиб, мустаҳкам қарор топгач, ҳукмдорлар давлатнинг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий бошқарувини Ислом ҳуқуқи асосида ташкил қилдилар. Бунда маҳаллий ҳуқуқшунослар - фақиҳлар муҳим ўрин тутган. Хоразмшоҳлар ҳам ўз салтанатини шу асосда бошқардилар. Натижада бу даврда кўпгина фақиҳлар етишиб чиқди. Жумладан, Муҳаммад аз-Замахшарий (1075-1144), Аҳмад ибн Муҳаммад Муваффиқ-ад-дин хотиб ал-Хоразмий (ҳиж. 484-596), Довуд ибн Исо Абу Бакр ибн Аюб, Абу Муҳаммад Мажид ад-дин Садир ал-Афозил ал-Хоразмий (ҳиж. 555-617), Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Хоразмий ва бошқа кўпгина йирик фуқаҳо ва уламолар етишиб чиққан.

Хоразмшоҳлар давлатида, айниқса, Султон Такиш ва Алоуддин Муҳаммад даврларида маданий ҳаёт равнақ топган. Айниқса, қасидагўй ва достончи шоирлар ижоди гуллаб-яшнаган. Хоразм шеърият мактабининг деярли барча вакиллари сарой шоирлари эдилар.

Шулардан кўзга кўрингани шоир ва олим Рашидиддин Муҳаммад ал- Умарий (1115-1182) эди. У паст бўйли, калбош, кўримсиз бўлгани учун Ватвот – жажжи қуш лақабини олган эди. У Балхда туғилган ва Хоразм мадрасаларида таълим-тарбия олган. Мактублар ёзишда юксак маҳоратга эришгани учун юқори мартабаларга эришиб, уч ҳукмдор - Отсиз, Эл-Арслон ва Такиш султонлар саройида котибул-иншо вазифасини бажарган. Арабий ва форсий номалар битишга моҳирлигидан Хоразм султонларининг арзандаси бўлиб яшади.

Имом Рашидиддин Ватвот мактубларини турли бадиий воситалар, ташбеҳлар, гўзал ўхшатишлар, нозик ва ўткир фикрлар билан безатиб қофияли наср - сажъ усулида ёзарди. У бошқа истеъдодли шоирларга ғамхўрлик қилар, шоирлар ҳам унинг етакчилиги, раҳнамолигини тан олар эдилар. У Хоқоний билан яқин дўст эди, аммо, кейинроқ Ҳоқоний уни хоразмшоҳлар хонадонига қасидагўйлигини масхара қилиб, ижодини буюк

Султон Санжар хонадони қасидагўйи Адиб Собир Термизийнинг ижодидан паст қўядиган бўлгач, уларнинг ораси бузилди. Султон Санжар ўзига тобе Хоразмшоҳ Отсиз саройига доимий элчи-вакил қилиб юборган эди. Аслида Адиб Собир Хоразмшоҳнинг қалтисроқ ишларидан Султон Санжарни огоҳлантириб, мактублар юбориб туриши керак эди. Аммо, Отсиз шоир, Адиб Собирни Султон Санжарга барча гап сўзларни етказиб турувчи жосусдеб ўйлаб, дарёга чўктириб юборди. Бу гумонни хоразмшоҳга Рашидиддин Ватвот айтган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Рашидиддин Ватвот ўзининг шеърият нафосати ҳақидаги “Ҳадойиқ-ус - сеҳр фи дақойиқи аш-шеър”. (“Шеър санъатининг сеҳрли боғлари”) китобини Хоразмшоҳ Отсизга бағишлади. У кўпчилик қасидаларини Табаристон испаҳбоди (чегара вилоят ҳокими) Нусратиддин Абул-Фатҳ Рустамга бағишлар эди. Испаҳбод эса шоирга ҳар йили 500 динор олтин пул, ипак дастор, жубба ва ясатиғли от ҳадя қилар эди.

Юқорида айтиб ўтилганидек, Ватвотнинг “Расоил” (“Номалар”) тўплами жуда қимматли. “Номалар” икки қисмдан иборат: 1. Халифалар, ҳукмдорлар (подшоҳлар), султонлар, вазирлар, амирлар, волийлар, қозилар ва муфтийларга битилган. 2. Уламолар, шайхлар, машҳур кишилар, шоирлар, дўстлар ва бошқаларга ёзилган мактублар. Бу эса даврнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маданий ҳаётини ўрганишда ғоят муҳим аҳамиятга эга. Жамолиддин Муҳаммад ибн Абдураззоқ ва унинг ўғли Камолиддин Исмоил Исфахоний - Исфаҳон шеърияти мактабининг атоқли вакилларидан. Жамолиддин асосан қасида ва ғазаллар ёзарди. Унинг айниқса исфахонлик Саъд ва Хўжандий хонадонларига аталган қасидалари машҳур. 1192 йилда вафот этган. Жамолиддиннинг ўғли - Камолиддин Исмоил (1172-1232) атоқли қасидагўй шоир. У араб ва форс тилларида ғазаллар битган. У 20 ёшида отасининг ўлимига бағишланган машҳур марсиясини ёзди ва бу унга шуҳрат келтиради. Аммо, унинг шуҳратини кўролмаган ҳасадгўйлар сабабли ҳаёти оғирлашади.

Гўзал маъноларни очгани учун Камолиддин “Ҳаллоқи маоний” (“Маънолар яратувчи ижодкор”) лақабини олган. У хоразмшоҳлар Такишга, Алоуддин Муҳаммадга, Жалолиддин Мангубердига, Ғиёсиддин Пиршоҳга, Форс отабеги Саъд ибн Зангий ва унинг ўғли Абу Бакрга атаб қасидалар ёзди. Кейинчалик Камолиддин машҳур шайх авлиё Шиҳобиддин Умар ибн Муҳаммад Суҳравардийнинг таъсирига тушиб, тасаввуфий руҳида шеърлар ёзади.

Мўғуллар Исфахонга босиб келганида (1237 йил 21 декабрь) бир мўғул хазина излаб, шоирни ўлдиради. У сўнгги рубоийсини ўз қони билан ёзди. (Бу пайтда султон Жалолиддин вафот этган, мўғуллар зулми авжига чиққан эди). Моликул - калом Ҳожа Заҳириддин Тоҳир ибн Муҳаммад Фарйобий (1160-1202) истеъдодли шоир, Асириддин, Абул Фазл Муҳаммад ибн Тоҳир Аҳсикатий (ваф. 1184) - Хоразмшоҳлар замонидаги атоқли шоир ва уламолардан бири “Султон ул - фузало” (“Фозиллар султони”), Фарғона вилоятининг Аҳсикат шаҳридан эди.

Хоразмшоҳлардан султон Такиш ва Эл-Арслон замонларида Бухорода яшаб ижод қилган. Малик аш-шуаро ва малик ал-фузало мавлоно Сайфиддин Исфарангий ҳам Аҳсикатийга эргашиб, ғазаллар ва қасидалар ёзган. Мавлоно Сайфиддиннинг девони 12 минг байтдан иборат. У лафзгўйликда Бадриддин Шошийга эргашган... Хоразмшоҳлар замонидаги атоқли шоирлардан яна бири Ғиёсиддин Абул-Мажид Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Иброҳим ал-Жандий эди. Хоразмнинг ўша замондаги машҳур шоир ва адибларидан яна Фахрул-машойих Абул Қосим Али ибн Муҳаммад ибн Али Адиб ал-Хоразмий (вафот 1165), Фахрул-афозал Абу Ҳафз Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Хоразмий, Камолиддин Абул-Фараж Юсуф ибн Маҳмуд ибн Аҳмад Самарқандий, Муаййануд - дин Абу Саъд Иброҳим ибн Форис ибн Рустам Хоразмий ва бошқаларнинг номларини келтирамиз.

Хоразмшоҳлар давлатида бундан ташқари, фан ва маданият, ижтимоий ва сиёсий ҳаётда ёрқин из қолдирган буюк алломалар яшагани манбалардан маълум. Шулардан баъзиларини эслатиб ўтамиз:

1. Ал-Ҳаким Али ибн Муҳаммад ал-Ҳижозий ал-Қоъиний атоқли шифокор, тиббий илмларнинг билимдони. Унинг тиб илми ва амалига оид номалари бор (расоил) энг буюк Султон Санжар шарафига у “Китоб мафохир ул-атрок”, (“Туркларнинг фахрли ишлари ҳақида китоб”) ёзган. Ҳаким Али Ҳижозий “Китоб фи-л-ҳикмат” асарини Хоразмшоҳ Отсиз ибн Муҳаммадга битган. У Умар ал-Хайёмийнинг шогирди бўлган.

2. Файласуф олим Баҳовуддин Абу Муҳаммад Абдул Жаббор ибн Муҳаммад Собит ибн Хорогий - Марв донишмандларидан бири, астраномия ва мантиққа доир асарлар муаллифи. Отсиз унинг илмини қадрлаб Хоразмга чақириб олган. Унинг тарихга оид китоблари ҳам бор.

3. Абул-Мафоҳир Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абдул–Жалил Умарий котиб ал-Бухорий ал-Хоразмшоҳий. Лақабига кўра, Муҳаммад Умарий Хоразмшоҳ Отсиз саройида котиблик қилган.

4. Амир саййид имом Зайниддин Исмоил ибн Ҳасан табиб. “У нодир асарлари билан тиб ва бошқа илмларга жон киритди ... Хоразмшоҳ Отсиз узоқ йиллар давомида унга иззат-ҳурмат кўрсатди. Хоразмда имом Зайниддин қуйидаги асарларини ёзди: “Ат-Тиб ал-мулукий” (“Шоҳлар учун тиб китоби”), “Китоб ул-ағроз” (“Ниятлар китоби”), “Китоб фи радд ул-фалосифа” (“Файласуфларга раддия”), “Китоб тадбир йавм ва лайла” (“Кеча-кундиз тадбири”), “Китоб васфнома” ва бошқалар.

5. Абул-Ҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Али ибн Аҳмад Марвон ал-Хоразмий - адиб, лақаби - Ҳужжатул-афозил саййиддул удабо ва фахрул-машоих (фозиллар ҳужжати, адиблар ҳожати ва шайхлар фахри). Маҳмуд ибн Умар Жориллоҳ Замахшарийга адаб илмидан дарс берган. Шоир сифатида ҳам танилган (ваф. 1164)

6. Абу Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Аббос Арслон Хоразмий (1099-1172) – илоҳиётчи ва тарихчи олим “Кофийул - фиқҳ” ва “Тарихи Хоразм” китобларининг муаллифи.

7. Ал-Ҳаким Абу Жаъфар ибн Муҳаммад Бухорий (ваф. 1156) - қадимги донишмандларнинг илмларини (Афлотун, Арасту, Батлимус асарларини) яхши билган.

8. Абул–Вафо Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Қосим Аҳсикентий – адиб ва шоир, имом ва тил, тарих олими (ваф. 1126).

9. Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Қосим Аҳсикентий – Муҳаммад Аҳсикентийнинг укаси. Адиб ва шоир.

10. Фахриддин Муҳаммад ибн Умар ибн Хусайн ар-Розий (1148-1210) - Хоразмшоҳ Такиш шарафига “Жавомеъ ул-улум” (“Илмлар йиғиндиси”) қомусий асарини ёзган.

11. Шамсиддин Муҳаммад ибн Ашраф ибн Хусайн Самарқандий (ваф.1204) – “Рисола фи адабул баҳс” (“Баҳс одоби ҳақида рисола”) муаллифи.

12. Муҳаммад ибн Умар ибн Холид Муҳаммад ибн Умар ал-Чағминий ал-Хоразмий фалакиёт, астраномия олими “Ал-Мулаххас филҳайъат” (“Астраномиядан мухтасар китоб”) муаллифи. Бу асарида Чағминий сайёраларнинг фазо ва замондаги ҳаракати, Қуёш ва Ой тутилиши, Ер қимирлаши сабаблари, фаслларнинг алмашуви, кеча ва кундуз тенглиги, қутблар, экватор, меридиан чизиқларини аниқлайди.

13. Маликул-уламо Абул-Музаффар Масъуд ибн Муҳаммад ибн Садид Хўжандий - таниқли адиб ва лашкарбоши.

14. Минҳожиддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Бакр ал- Марғилоний - фиқҳ олими.

15. Минҳожиддин Муҳаммад ибн Умар ибн Абул фатх Бухорий - котиб ва муаррих.

16. Фахрул-Хоразм ал-Аллома Жоруллоҳ Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад Хоразмий аз-Замахшарий (1075 й. 18 март – 1114 й. 14 апрель) наҳв - грамматика ва луғат илмларида арабу ажам олимларига устозлиги учун ан-Наҳавий ва ал-Луғавий лақабларини ҳам олган. Ал-Замахшарий талабалик ёшига етгач, Бухорода таҳсил олади ва ўқишни тугатиб, бир неча йил Хоразмшоҳлар хизматида котиблик билан шуғулланади. Аз-Замахшарий қолган умрини фақат илм-фанга бағишлаш мақсадида Марв, Нишопур, Исфахон, Шом, Боғдод, Ҳижоз ва Маккада бўлади. Олим бу ерда илмий ишларини давом эттириб, араб тили грамматикаси ва луғатини, маҳаллий қабилаларнинг лаҳжаларини, мақолларини, урф-одатларини чуқур ўрганди. Бу минтақаларда жуғрофияга оид хилма-хил маълумотларни йиғди. У ҳаётини шогирдларига дарс бериш ва илмий асарлар яратишга бағишлади. Аз-Замахшарий Макка шаҳридан ватани Хоразмга қайтиб келиб бир неча йил яшайди ва ҳижрий 538 йили Арафа кечаси (1144 й. 14 апрел)да вафот этади.

Олим араб тили грамматикаси, луғатшунослик, адабиёт, аруз илми, жуғрофия, тарих, тафсир, ҳадис ва фиқхга доир 50 дан ортиқ асарлар яратган, уларнинг баъзилари бизгача етиб келган. Жумладан, араб тили грамматикасини ўрганишда йирик қўлланма ҳисобланган “Ал-Муфассал”, “Шарҳ тобиат китоб Сибавайҳ” – “Сибавайҳнинг (таниқли араб тилшуноси) китобига ёзилган мукаммал шарҳ”, Хоразмшоҳ Алоуддавла Абул Музаффар Отсизга бағишлаб ёзилган “Муқаддимат ул-адаб”, жуғрофияга оид “Китоб ал-жибал ва –л- амакин ва – л-мийах” (“Тоғлар, жойлар ва сувлар ҳақида китоб”), “Асос ал-балоғат”, “Ал- Қустос фил аруз”, мусулмон оламида машҳур бўлган “Ал-Кашшоф ан-ҳақоиқ ит – танзил ва уйин фи вужуҳ ит-таъвил” (“Қуръон ҳақиқатлари ва уларни шарҳлаш орқали сўзлар кўзини очиш”) ва бошқа кўплаб асарлари мавжуд.

Шунингдек, Абул – Муаййид Муваффақ ибн Аҳмад ал-Маккий шоир ва адиб, Абу Мадор ад-Даббий Хоразмий, Малик Нусратиддин Ҳамза ибн Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳамза ан-Насавий - Нисо шаҳри ҳокими, шоир, башоратчи, Сирожиддин Яъқуб Саккокий - фалакшунос, шоир, илм- фаннинг барча соҳаларида асарлар ёзган, Абдул-Карим ибн Муҳаммад ибн Мансур Абу Саъид ибн Абул - Музаффар ал-Марвозий ас-Самъоний (ваф.1167) - Марвнинг машҳур уламоси, адиб ва тарихчи, Шамсиддин Муҳаммад ибн Қайс ар-Розий - адиб ва олим, Заҳириддин Муҳаммад ибн Умар ибн Муҳаммад Бухорий-Нужободий - илоҳиётчи олим, Таҳо ибн Иброҳим ибн Аҳмад ибн Исҳоқ шайх ёки Фақиҳул-аълам имом Зайниддин Абу Бакр ал-Бухорий (ваф.1252) фақиҳ ва адабиётчи олим, Қосим Абу Муҳаммад Бухорий (1160 йилда туғилган), Мажиддин Насавий - олим ва шоир, Шиҳобиддин Насавий - шоир, тарихчи, давлат арбоби. Хоразмшоҳ султон Жалолиддин девонида муншийлик вазифасида хизмат қилган. Баъзи пайтларда элчилик ҳам қилган, Муҳаммад ибн Нажиб Бакрон - жуғрофийун олим ва бошқа олиму шоирлар хоразмшоҳлар даврида ижод қилганлар.

Мадрасаларнинг имомлари ва мударрислари Султон ёки унинг ноиби томонидан тайинланган ва махсус имтиҳонлардан ўтказилган уламолардан сайланган, султон ўз ноибларига ўзи яхши билган уламоларни тавсия этган. Масалан, Хоразмшоҳ Эл-Арслон 557 йил рамазон (1167 й. сентябрь) ойида Туркистон ҳоқони Абул – Музаффар Тамғач Буғрохон зиммасига бошқа ишлар билан бирга, мадрасаларга муносиб мударрислар тайинлаш вазифасини ҳам юклаган. Хоразмшоҳ Отсизнинг бир фармонида “Фалончининг отаси узоқ йиллар Марвдаги мадрасанинг мударриси эди, бизнинг хонадонга яқин киши эди. Фалончи отасининг вафотидан сўнг саройга таклиф этилиб, Олий мажлисга (аъзо қилиб) сайланган. Энди бу киши отасининг мактабига дарсларга раҳбарлик қилиш (тадрис) учун тайинланади. Мадрасанинг барча вақфлари шу кишининг тасарруфига берилади, бу киши вақф даромадларидан муносиб ишларга, иморатлар қуриш, зироат (экин экиш) учун сарфлайди. Мадрасанинг барча илоҳиётчи, фақиҳ, уламолари, талабалари бу кишини иззат-ҳурмат қилишлари, унинг йиғинларига қатнашлари зарур”.

Хоразмшоҳ Такиш дин уламоси Бадриддин номига бундай фармон чиқарганлар: “Саройда катта ҳурматга сазоавор бўлган Бадриддин яхши хизматлари учун фалон йирик вилоятлардаги мадрасанинг мударриси, имом-хатиби этиб тайинланди. Бадриддин ўз вазифаларини тақводорлик билан, Қуръони мажидга, ҳадиси шарифга, пайғамбар суннатига ва имомлар ибратига мувофиқ ҳолда бажарсин. У жума ва ҳайит намозларида (имомлик қилиб), ваъз, хутбалар ўқишни, Аллоҳга, пайғамбарга, халифалар ва хоразмшоҳларга ҳамду сано айтсин, диний бинолар, иншоотларни таъмирлаш, вақф даромадларини кўпайтириш учун ғамхўрлик қилсин, одамларга сўзда ва амалда ибрат кўрсатсин, ўзига муносиб ўринбосарлар тайинласин ”.

Баъзи мадрасаларга бутун бошли қишлоқлар вақф қилиб берилган. Хоразмшоҳ Такишнинг вазир Насриддин номига чиқарган фармонида мазкур вақфнинг аввалги мутаваллийси лаёқатсиз одам бўлиб чиққанлиги, вақф ерлари даромад келтирмай, зиён келтираётгани кўрсатилган. Вазир Насриддин ана шу мадраса вақф ерларидан келган зарарни қоплаши, янги мутавалли тайинлаши, бўлажак мударрисларни ўқитиш ишларини назорат қилиши зарурлиги айтилган.

Султон Алоуддин Муҳаммад давридаги хоразмшоҳлар давлатининг атоқли арбобларидан Шиҳобиддин Абу Саъд ибн Имрон ал-Хевақий машҳур фақиҳ, шофиъия мазҳабининг муфтийси эди.

Энг зукко ва зийрак одамлар ҳам унга хизматкорликка ярар эди. Султон жуда муҳим ишларда у билан маслаҳатлашарди. Унинг остонасида подшолар, вазирлар, амирлар, навбат кутиб туришар, ул зот эса ўша пайтда имомларга таълим берар эди. Шиҳобиддин Хоразмнинг бешта мадрасасида дарс ўқир, фақат дарслари тамом бўлганидан кейин у Султоннинг ҳожиблари билан турли ишлар ҳақида гаплашар эди. У Хоразмдаги Шофиъия масжиди қошида шундай ажойиб кутубхона очганки, аввал ҳам кейин ҳам унга тенг келадигани бўлмаган.

Бухоронинг машҳур мударрисларидан яна бири Муҳаммад Умар ибн Муҳаммад Қутбиддин ибн Умар ал-Ансорий ал-Ақлий ал-Бухорий эди (ваф. 1220). У Бухородаги энг обрўли шайх-мударрислардан эди. Мадраса мударрислиги обрўли мансаб бўлиб, баъзан истеъфога чиққан юқори мартабали амалдорлар мударрис бўлиб ишлар эдилар. Султон янги мадрасалар қурилишини одатда таниқли дин арбобларига топширар эди. Масалан, Хуросондаги бир мадраса қурилиши муфтий ва имом Азизиддин Алп Балхийга, Нишопурдаги бир мадраса қурилиши – муфтий ва мударрис имом Фахриддин Абу Собит Абдулазиз ибн Абдул- Жаббор Куфийга топширилган.

Хоразмшоҳ Жалолиддин таниқли маърифатпарвар олим Муқаррабиддин Муҳаммад ибн Иброҳим Паҳлавон ал-Хоразмийга (ваф. 1228) Исфахонда отаси Султон Алоуддин Муҳаммад хотираси учун катта мадраса қуришни топширган ва бу ишга 30 минг динор маблағ ажратган. Бу маблағдан ташқари яна Ироқдан келадиган хирожлардан бир қисми “мадраса қурилишини тамомлаш (ва зарур ашёлар, дарсликлар учун) қўшимча маблағлар берилган.

(Кўзалар ва шамдонлар ҳам тилладан бўлган). Муқаррабиддин Исфахонга бориб, мадраса қурилишини бошлади. “Камина (Шиҳобиддин Насавий) тўрт ойдан кейин Исфахонга борганимда мадраса деворлари одам бўйи кўтарилган экан”.

Хоразмшоҳлар даврида Бухоронинг Деҳқон туманида Хизонатул-кутуб Дорул-фуқаро - халқ кутубхонаси очилган бўлиб, бу ерда нодир қўлёзмалар сақланар эди.

Тарихий манбалар ва олиб борилган тадқиқот ишларининг шоҳидлик беришича, даштдан келган кўчманчилар Хоразм ва Хуросон минтақаларида аввалдан яшаб келаётган туркий унсурни янада кучайтирди. Натижада кўчманчилар ўтроқлашиб, шаҳар ва қишлоқларда яшай бошладилар. Шуни таъкидлаш керакки, XII асрнинг иккинчи ярмида қангли-қипчоқлар ҳарбий куч сифатида давлат ҳаётида янада кучлироқ роль ўйнайдилар. Ҳукмрон сулола билан юқори табақа туркий уруғ задогонлари ўртасида қуда- андачилик муносабатлари ўрнатилди. Бунинг натижаси ўлароқ, ижтимоий ҳаётда туркий анъаналар янада ривожланди. Эски туркий унвонларнинг расмий лақаби сифатида қўлланиши, армияда қадимги анъанавий рутбалар (хон каби) жорий этилиши, сулола аъзоларига туркий исмлар берилиши (Мангуберди каби), уруғ ташкилотида мавжуд анъанага кўра, қўшиннинг ўнг ва сўл қанотга бўлиниши қўмондонларни урушга чорлаш учун қизил ўқ юборилиши ҳам ана шундай далиллардандир. Бу уруғчилик анъаналарининг кўпчилиги аввалги хоразмшоҳлардан аввалги туркий давлатларда ҳам, улардан кейинги давлатларда ҳам мавжуд бўлган. Бу ҳодисалар, шунингдек, туркий тил ва адабиётнинг XII асрдан бери ислом маънавияти доирасида равнақ топгани эътиборга олинса, бу жараён Хоразмшоҳлар даврида ҳам давом этгани табиий бир ҳолдир. Бироқ, ғазнавийлар ва салжуқийлар давридаги каби, Хоразмшоҳлар замонида ҳам туркий тил сарой ва армия тили сифатида қўлланилгани, унинг мавқеи ва тараққиёт даражаси манбаларнинг камлиги учун етарли даражада ёритилмаган. XII асрда Қорахонийлар мамлакатида яратилган “Ҳибат ул- ҳақойиқ” асари бир қатор ўзига хос хусусиятларига кўра Қашқар даврига оиддир. Бу эътиборга олинмаган тақдирда ҳам, Аҳмад Яссавий ва издошларининг XII асрда яратган тасаввуф адабиёти бевосита Хоразмшоҳлар даврининг маҳсулидир. Бу адабиёт кўчманчи қабилалар орасида дарвишлик, тасаввуф ғояларини тарғиб қилган. Шу боисдан ҳам у кўпроқ қишлоқ шеърияти анъаналарига боғлиқ эди. Бундан ташқари, Хоразм ва Хуросон шаҳарларида мумтоз форс шеърияти намуналари услубиёти асосида туркийча шеърлар ёзилган, арабча ва форсча асарлар туркийчага таржима қилинган. Бу жараён мўғул истилосидан сўнг ҳам давом этди. Озарбайжон, Аррон ва Онадўлига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Хоразмшоҳлар замонида туркий тил муҳим роль ўйнаганига оид бошқа бир мисол ҳам бор. Муҳаммад ибн Қайс исмли бир муаллиф “Тибян луғат ат-турки ало лисон ал-қангли” номли асар ёзиб, Жалолиддин Хоразмшоҳга туҳфа қилган. Афсуски, бу асар бизгача етиб келмаган. XIV асрда яшаб ўтган адиблардан Ибн Муқанна бу асар тўғрисида маълумот берган. Профессор Фуод Кўпрулу мазкур китобнинг қангли-форсча луғат бўлганлигини, унда грамматикадан ташқари тарихий ва этнографик маълумотлар ҳам бўлганлигини айтиб ўтади. Фуод Кўпрулунинг қайд қилишича, “Ал-Муъжам фи маъойир ашъор ал-Ажам” номли муҳим бир асар ҳам ўша муаллиф томонидан битилган”.

Маъмун академиясига жалб этилган ал-Беруний, ибн Сино, ал- Чағминий, ал-Журжоний каби алломалар Хоразм мақомларини “Дуваздах мақом”, яъни ўн ики мақом шаклида ривожлантириб, йилнинг ҳар бир ойига, ҳар бир куну-тунига бағишлаб куй басталадилар. Буни IX-XIII асрларда Хоразмга келган араб сайёҳлари Ёқут Хамавий, Мақдисий, ибн Руста, ибн ал- Хайсамий ва бошқалар ҳам қайд этганлар. “Журжония эли, - деб ёзади Ёқут Ҳамавий ўзининг “Муъжам ал-булдон” номли асарида, - ўз мақомларини беҳад қадрлайди, мамлакат пойтахти Гурганжда мусиқа асбоблари ясаб тирикчилик қиладиган маҳаллаларни ўз кўзим билан кўрдим”. Ҳақиқатан ҳам Хоразм мақомларининг овозаси етти иқлимга тарқалган эди, бу мақомларни ўз юртини тарк этган ҳофиз ва машшоқлар Бухоро ва Самарқанд, Шош ва Ширвон, Ироқ ва Дамашқ, Рум ва Олтин Ўрдада, Қрим ва Шарқий Туркистон ўлкаларида ижро этиб юрдилар. Улуғ шоир Алишер Навоий “Хамса”сига кирган машҳур “Сабъаи сайёр” достонида мусофир созанда тилидан Хоразм ўлкасининг мусиқа санъатида “илми адвор” фани беқиёс ривожланганлигини қуйидаги мисраларда янада равшанроқ очиб беради:

Чун дуо қилди, деди фарзона,
Ки дей ўз кўрганимдин афсона:
Менки тушмиш буён гузар манга,
Мулки Хоразм эрур диёр манга.
Санъатим анда соз чалмоқ иши,
Билмайин мен киби ишимни киши.
Илми адвору фанни мусиқий,
Мендин ул илм аҳли таҳқиқий.
Элга таълим этмоқ вирдим,
Кимки устоди қавм, шогирдим.
Қилди Хоразм аҳли истиқбол,
Фаҳм қилмоққаким, недур аҳвол.

Шоир айтгандай, Хоразм мақомлари фақатгина мафкуравий йўсинда бўлмай, ўз ватанидан узоқ-узоқларда, подшоҳ саройларида, тўй ва базмларда сайл ва диралишмаларда қайта-қайта ижро этилди. Хоразм халқ мусиқаси тарихидан бунга жуда кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Дарвоқе, Хоразмнинг қадимий шаҳри Ҳозараспдан топилган улкан мусиқа архиви – кўҳна Хоразм ноталарида битилган илк манбалар фикримизнинг тасдиғидир. Бу “Хоразм мусиқа ҳаёти”, яъни нотаси чизиғи XII аср бошларида Хоразмшоҳлар мамлакатида яратилган экан.

Хоразмшоҳлар даврида бугунги мусиқамизнинг асосини ташкил этган мукаммал бир мусиқа бўлганлиги муҳаррардир.

Таниқли мусиқашунос марҳум Хусайн Сададдин Орал 1940 йилларда яратган тадқиқотлари натижасида бугунги турк мусиқасининг Ўрта Осиёдан келиб чиққанлигини исбот этди. Бундан ташқари, у туркий мусиқа араб, Эрон ва Византиядан олинмаганини, балки аксинча туркий мусиқа Миср ва Эрон мусиқасига ва бошқа халқлар мусиқасига катта таъсир ўтказганини ҳам исботлаб берди. У классик ва халқ мусиқаларининг илдизи бирлиги, мақомларда фарқ йўқлиги тўғрисидаги фикрни ўртага ташлаган эди.

Гарчи, XI асрдан олдин битилган назарий китоблар мавжуд бўлса-да, туркий мусиқа ҳақида ёзилган ва бизгача етиб келган бу даврларга оид бирон асар йўқ. Бу назарий китобларда туркий мусиқа алоҳида тадқиқ этилмаган, балки туркий мусиқага асосланган ислом мусиқасининг тараннум хусусиятлари ўрганилган. Шарқ мусиқаси ҳақида илк илмий тадқиқот машҳур олим Форобий томонидан битилган. Фақат у ҳам қадимги юнон мусиқа назариясини Шарққа тадбиқ этган. Туркий мусиқа назариясига оид илк асар Жалолиддин Хоразмшоҳ давлати барпо этилган, Озарбайжонда яратилди. 1224 йилда у Табризни пойтахт қилиб, ўз давлатини барпо этган вақтларда Урмияда туғилган Сафиуддин (1293 йилда вафот этган). “Шарафия” номли бир китоб ёзган. 1247 йилда ёзилган бу асар туркий мусиқа ҳақида бугунгача ёзилган асарлар орасида энг мукаммалидир. У барон Д’ Эрлангер томонидан французчага таржима қилинган. 1975 йилда доктор Аҳмад Бижан Эржиласин томонидан Тил ва Тарих-география факультетининг қўлёзма китоблар бўлимида мазкур асарнинг янги бир нусхаси топилди ва Мурод Бардақчи томонидан тақдимоти ўтказилди. “Шарафия”да ҳатто бугун ҳал этилиши қийин бўлган масалаларнинг бундан 700 йил олдин ечиб берилгани диққатни тортади. Шунга кўра, Сафиуддиннинг асарига ғарб мусиқашунослари “Тушуниши ҳам тушунилмайдиган муаззам бир асар”, деб таъриф берганлар. Китобнинг биринчи саҳифасидаги: “Бу ерда юнон олимлари тилга олмаган маълумотлар ҳақида гап боради”, - деган жумла диққатни жалб қилади. Бундан маълум бўладики, Сафиуддин Форобийнинг асаридан бехабар бўлган. У туркий мусиқанинг бошқача бир техникаси бўлганлигини асарининг бошида таъкидлаган. Сафиуддиннинг асари сингари ниҳоятда қимматли бир китобнинг битилгани бу соҳада ундан олдин ҳам мусиқага оид китоблар ёзилгани ва улардан фойдаланилганини кўрсатади. Афсуски, бу китоблар йўқолиб кетган. Юқорида айтилганлардан келиб чиқиб, Хоразмшоҳлар даврида, ҳатто ундан олдинги салжуқийлар империяси вақтларида туркий мусиқа мукаммал бир даражага кўтарилган деб айтиш мумкин ва бу ҳеч кандай муболағали эмасдир.

Хоразм экспедицияси ер устида яхши сақланиб қолган машҳур обидалардан Тўрабекхоним мақбараси ва унга яқин турган ажойиб Урганч минораси (XI аср), ҳашаматли Такиш ва Фахриддин Розий мақбаралари (XII-XIII асрлар)нинг жанубида жойлашган Тошқалъа номли истеҳком харобаларини қазиб текширди. Бу истеҳкомларнинг шарқий қисмида деворлари майда хом ғиштдан ишланган Оққалъа харобалари сақланиб келган. Тахминан, Тошқалъадан 1,5 км Ғарбда катта пахса девор билан ўралган Хоразмбоғ номли обида киши диққатини тортади. “Карвонсарой дарвозаси” жойлашган ерда катта кўча бўйида ўрнашган шаҳар маҳалласининг харобалари қазиб текширилган. Карвонсарой олдидаги Чорсуда жуда кўп ҳунармандларнинг кўча томон қараб турган дўконлари, бир бурчакда жойлашган чойхона, ошхона ва балиқхона борлиги маълум бўлган. Ошхона олдида катта қозон учун қазилган ўчоқларнинг излари бўлиб, “Чойхона” харобаларидан жуда кўп чойнак синиқлари ва кичик халтачада майда чақалар топилган. Бу ерда катта тандирли нонвойхона, темирчи дўкони, ҳаммом ва унга ўхшаш қурилишларнинг борлиги аниқланган.

Илк ўрта асрга оид минора харобаларини қазиб текшириш ҳам муҳим маълумотларни беради. Минора харобалари ёнида 1900 йил топилган тошга ёзилган хатга қараганда, бу минора 1011 йили, яъни Маъмун академиясида

Абу Али ибн Сино ва Беруний хизмат қилаётган даврда пайдо бўлган. Лекин, бу ёдгорлик мўғул истилоси даврида шаҳарнинг бошқа ёдгорликлари билан бир вақтда йиқилган. Минора қайтадан XIV асрда тикланган бўлиб, Кўҳна Урганчнинг ҳозиргача сақланиб келган минораси, Тўрабекхоним ва шу даврда қурилган бошқа ёдгорликлар билан тенгдош, деб ҳисоблаш мумкин. Минорага қўшилган XI асрга оид жуда катта ҳашаматли масжид харобалари диққатга сазовордир.

Умуман олганда, Ануштагинлар – Хоразмшоҳлар салтанатида бой маданий мерос таркиб топганлигини кўрамиз. Унинг салмоқли қисмини исмлари юқорида санаб ўтилган олимлар ёзиб қолдирган ёзма мерос ташкил этади. Афсуски, мўғуллар босқини йилларида бу маданий ёдгорликларнинг катта қисми йўқ қилинди. Лекин, унинг сақланиб қолган қисми ҳам кейинги асрларда фан ва маданият ривожи учун муҳим омил бўлганлиги маълум.

Чунончи, Чағминий астрномияси, Нажиб Бакрон географияси, Фахриддин Атторнинг тасаввуфга оид асарлари ва тазкирасининг кейинги давр алломалари ижодида алоҳида ўрни бор.

Ануштагин – Хоразмшоҳлар даври маданий ёдгорликлари жумладан, ёзма меросининг бир қисми бизнинг замонамизгача ҳам етиб келган.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР