Серқуёш юртингизга ҳавасим келди
Халқимиз энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллигимизнинг 24 йиллигини кенг нишонлашга қизғин тайёргарлик кўраётган шу кунларда шаҳарларимизда кўплаб хорижлик сайёҳларни учратиш мумкин. Хоразм вилоятидаги мухбиримиз улардан айримларининг таасуротлари билан қизиқди.

Оде Леваллоис (Франция):

– Менда Ўзбекистонга келиш нияти “The Huffington Post” интернет нашрида Самарқанд инсон ўз умри давомида ҳеч бўлмаганда бир марта бориб кўриши албатта шарт бўлган дунёдаги 50 шаҳардан бири сифатида эътироф этилганини ўқиганимдаёқ пайдо бўлди. Ўшандан буён Ўзбекистоннинг тарихи ва бугунги ҳаёти билан қизиқа бошладим. Бу юрт мени ўзига ром этди. Ватанингиз мустақиллиги халқингиз учун нақадар азиз эканини чуқур англадим. Урганч жуда чиройли ва замонавий шаҳар экан. Хива эртакнамо шаҳар десам, адашмасам керак. Неча асрлар тарихи шундай кўз ўнгингизда намоён бўлади. Бундай муқаддас замин ва олижаноб халқнинг истиқболи буюк бўлишига ишонаман.

Долорес Паррамон (Испания):

– Саёҳат давомида Хива шаҳрида ўтказилган “Қовунлар сайли” тадбирида қатнашдим. Бизда ҳам қовун бор. Аммо бу ердаги каби ширин, йирик ва турли навдаги қовунни ҳали тотиб кўрмагандим. Ёз ойларида қуёш тафтида пишган полиз маҳсулотини жазирамада сув ўрнида бемалол тановул қилиш мумкин. Ери серҳосил, осмони серқуёш Ўзбекистонга, бағрикенг ва очиқ кўнгил халқингизга ҳавасим келди.

Анна Мария Майкутевич (Польша):

– Хоразмга келган сайёҳ бетакрор ва унутилмас таассуротлар билан қайтади. Муқаддас қадамжолар, тарихий масканларга бой бу заминда дунё илм-фани ва тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломалар яшаб, ижод этган. Самарқанд, Бухоро, Хива ҳақида китобларда ўқигандим. Ичан қалъа мажмуасига кирдиму неча минг йиллик тарих тасаввуримда жонлангандай бўлди. Бу обидалар орасида юрган киши худди эртаклар оламига тушиб қолгандек бўлади. Халқингизнинг меҳмондўстлиги, миллий таомлар, урф-одат ва анъаналар кишини ҳайратга солади. Фурсатдан фойдаланиб, жаннатмонанд юртда яшаётган ўзбек халқини Мустақиллик байрами билан табриклайман.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР