Президентимиз раҳнамолигида аҳоли, хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси аёлларга оид давлат сиёсатини кенг жамоатчиликка етказиш, унинг давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, опа-сингилларимизнинг ижтимоий фаоллигига доир янги ғоя ва ташаббусларни илгари суриш, ижтимоий аҳамиятга молик дастур ҳамда ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Йиғилишда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини таҳлил ва сарҳисоб қилиш, келгусидаги режаларни белгилаб олиш, ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, қуйи тизим фаолиятига янгича йўналишлар бериш, тажриба алмашиш, аёллар ўртасида учраётган турли муаммоларни бартараф этиш, улар бандлигини таъминлаш каби долзарб масалалар муҳокама этилди.
– Қўмитанинг навбатдаги бошқарув йиғилиши Хоразмда ўтказилиши алоҳида аҳамият касб этди, – дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маъруфова. – Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган қўмита аъзолари вилоят хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини ўрганиб, ўзаро тажриба алмашди. Вилоятнинг иккита туманида бўлиб, у ерда Президентимиз фармонининг бажарилиши, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлларни иш билан таъминлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва хотин-қизлар спортини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Хонқа ва Ҳазорасп туманларидаги ногирон ва эҳтиёжманд оилаларга аравача ва реабилитация воситалари берилди. Ушбу туманлар хотин-қизлар қўмиталарига “Spark” хизмат автомашинаси топширилди.
– Ушбу тадбирлар давлат ташкилотлари ва ҳокимликларнинг хотин-қизлар қўмитасини қўллаб-қувватлаш борасидаги ташаббускорлигини ошириши билан аҳамиятлидир, – дейди Фарғона вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси Тўлқиной Тожиева. – Бугун Хонқа туманидаги Ойдин ҳаёт маҳалласида бўлганимизда қўмитамиз ташаббуси билан ташкил этилган фуқаролар йиғинига кўмаклашувчи бешта сектор фаолияти билан танишиб, мазкур лойиҳанинг маҳалла ҳаётида муҳим аҳамият касб этаётганини кўрдик.
Аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда “Аёллар ижтимоий мослашув марказлари” муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу марказлар аёлларни турли вазиятларга тушиб қолганида руҳий ва психологик ёрдам кўрсатади. Бундан ташқари “Аёллар маслаҳат маркази”, “Аёллар ва болаларни ижтимоий ҳимоялаш” марказларининг ташкил этилгани хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Зотан, мазкур марказлар хотин-қизлар ўртасида тиббий маданиятни ошириш, уларнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, оила институтини ривожлантириш каби эзгу мақсадларга хизмат қилаётир.
Марказларда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, хотин-қизларни турли ёт иллатлар таъсиридан асраш, қизларни миллий қадриятларимизга таянган ҳолда тўғри тарбиялаш, яқин қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳнинг салбий оқибатларига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.
Аҳмаджон Шокиров, Шоназар Қориев (сурат), ЎзА