Янги “Лабо” автомобилини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди
«Ўзавтосаноат» АК матбуот хизматининг раҳбари Рустам Расул-Зоданинг «Тelegraf.uz» Ахборот-таҳлилий порталига берган хабарига кўра, жорий йилнин 27 июль куни «ДжиЭм Ўзбекистан» АЖ томонидан «Лабо» русумли автомобиль ишлаб чиқарилишини йўлга қўйди.

«Лабо» автомобили ишлаб чиқаришини ўзлаштириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 17 ноябрда қабул қилинган «2015 йил учун Ўзбекистон Республикаси инвестициявий дастури тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ амалга оширилди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 5,9 млн. АҚШ долларини ташкил қилади. «Лабо» ишлаб чиқаришининг йиллик қуввати 5 минг донани ташки қилади. «Шевроле Лабо» - 550 кг.гача юк кўтариш қувватига эга бўлган ўртача мини-юк машинадир. «Дамас» русумининг модификацияси ҳисобланган автомобиль очиқ борт кузовига эга бўлиб, қисқа масофаларга шаҳар ва қишлоқ жойларда ташувларни амалга ошириш учун мўлжалланган.

Автомобиль сиғими 0,8 литр, қуввати 38 от кучига тенг уч цилиндрли двигатель, беш босқичли механик узатиш қутиси билан жиҳозланади. Қайд этиш керакки, ушбу модель «Хоразм Авто» янги заводида ишлаб чиқариладиган учинчи автомобиль бўлди. Аввал, бу ерда «Дамас» ва «Орландо» автомобилларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган эди.

Тelegraf.uz

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР