Биринчидан, Хоразм мақомларининг яралиши ва ижро услублари ҳақидаги баҳсларга қулоқ тутмоқ зарур бўлади. Баъзи маълумотларга қараганда, хоразмлик созанда ва бастакор Ниёзжон Хўжа XIX аср бошларида Бухорога бориб «Шашмақом»ни ўрганиб, Хоразмда уни тарғиб қилгани, Хоразм мақомлари «Шашмақом»нинг ўзгинаси эканлиги айтиб ўтилади.
Иккинчи бир манбаларда Хоразм мақомларининг айрим қисмларидаги парчалар тузилиш жиҳатидан ва характер жиҳатидан бир-биридан фарқ қилиниши айтилади. Қандай бўлмасин, Хоразм мақомлари Муҳаммад Раҳимхон Соний - Феруз даврида машҳур шоир ва мусиқашунос Комил Хоразмий ва ўғли Муҳаммад Расул Мирзо ҳамда шогирдлари томонидан Хоразм олти ярим мақоми «Танбур чизиғи»га ноталаштирилганлиги ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд.
Хоннинг ўзи ҳам етук шоир, созанда, бастакор, ҳофиз бўлганлиги, қадимий мақом куйлари асосида «Наво», «Сегоҳ», «Дугоҳ»ларга боғлаб куйлар яратгани, у яратган Феруз I, II, III ижролари халқ ичида машҳур бўлиб кетганлиги айтиб ўтилади. Ҳатто Хоразм мақомларини халқнинг дахлсиз мулки деб эълон қилиб, мақомларни камситган ёки бузиб ижро этганларни қаттиқ жазолаш ҳақида фармони олий чиқарганлиги аниқ манбалар асосида кўрсатилади.
Хоразм мақомларини ноталаштиришга қатор мусиқашунос олимлар қўл уришган. Мулла Бекжон билан машҳур мусиқашунос Матюсуф Девон 1925 йилда Москвада чоп этилган «Хоразм мусиқий тарихчаси» асарида Хоразм мақомларининг тузилиши, шакллари, ижро йўллари ҳақида маълумотлар беришган ва айрим нота кўринишлари билан тўлдиришган. Хоразм мақомлари билан таниқли мусиқашунос Е.Е. Романовская ҳам шуғулланган бўлиб, шундай ёзади:
«Сўнгги хонлар даврида (ХIХ аср) Хивада ижро этиб келинган мақомлар ҳам 1934 йилда Ўзбекистон санъатшунослик илмий текшириш институти экспедицияси ёзиб олган мақомлар аслида Бухоро мақомларидир. Бу мақомларни бундан тахминан 130 йил бурун Ниёзхўжа деган созанда, машшоқ Бухородан Хивага олиб келган».
Бу ҳақда қандай фикрлар айтилмасин, барибир, Хоразм мақомлари ижросида алоҳида услуб ва шаклларга эга бўлган, усул ва ритми жиҳатидан «Шашмақом»дан фарқ қиладиган алоҳида ижро мактабини кузатамиз. Ўз даврида Хоразм ижрочилик мактабининг буюк намоёндалари етишиб чиқдилар. Муҳаммад Ёқуб девон, Бобо буломон, Комил Хоразмий, Муҳаммад Юсуф Баёний, Қуржи ота, Полли дўзчи, Муҳаммад Расул Мирзо, Худойберган Муҳркан, Муҳаммад Юсуф Девон-Чокар, Матпано Худойберганов, Мадраҳим Шерозий, Хожихон Болтаев, Комилжон Отаниёзов сингари улуғ санъаткорлар шулар жумласидандир.
Хоразм мақомларини Матпано ота, Мадраҳим Шерозий, Хожихон Болтаев, Комилжон Отаниёзов ва бошқа устозлардан ўрганиб нотага олган, уни аввал бир жилд, кейин 1980 йилда уч жилдлик этиб чоп қилдирган, яна бир улкан бастакор Матниёз Юсуповдир (1925-1992).
Хоразм мақомлари қуйидаги тартибда келади:
Рост, Бузрук, Наво, Дугоҳ, Сегоҳ, Ироқ, Панжгоҳ.
Хоразм мақомларининг бевосита тузилиши ва ижровий хусусиятларига келсак, аввалда Шашмақом йўлларининг айтим бўлимидаги шўҳбалар сақлаб қолинган. Лекин кейинчалик Хоразм ижрочилик мактабининг тез ривожланиши натижасида ашула йўлларида жуда кўп ўзгарувчанликни кузатамиз.
Баъзи шўҳбаларнинг номланишида ҳам ижро хусусиятларида ҳам ўзгарувчанлик мавжуд. Масалан, тарона қисмлари «Рост» мақомида, «Сувора», «Нақш», «Фарёд»; «Бузрук»да эса «Сайри гулшан», «Наво»да - «Сувора», «Фарёд», «Нақш»; «Дугоҳ»да - «Сувора»; «Сегоҳ»да - «Нақш» ва «Муқаддима» деб номланади. Айтим бўлимларининг бош шўҳбаси бўлган Сараҳборлар Хоразмда мақомлар номи билан - Мақоми Рост, Мақоми Бузрук, Мақоми Наво, Мақоми Сегоҳ, Мақоми Дугоҳ деб номланади. Шундай ҳолат - чертим бўлимларида ҳам кузатилади.
Хоразм мақомларидаги айтим ва чертим бўлимларининг бошланиш қисмидаги бир хиллик бунга сабабдир. Хоразм мақомларида Сараҳборларнинг баъзи тароналари терма ҳолда, авж қўшилиб, йирик шаклдаги ашулага айлантирилган. «Сараҳбори Рост»да учта тарона мавжуд бўлиб, «Тарона», «Сувора», «Нақш» деб номланади.
Сараҳборлар тароналари билан айтилганидан сўнг, талқин шўҳбаларига ўтилади. Улар Талқини Рост, Талқини Бузрук, Талқини Наво, Талқини Сегоҳ деб номланади. Хоразм мақомларида ўн бешта наср йўллари мавжуд бўлиб, «Хоразм мақомлари» китобида саккизта наср шўҳбалари берилади. Улар «Рост» мақомида «Наврўзи сабо», «Бузрук»да Насруллойи, Навода - Фарёд ва Орази Наво, Дугоҳда Чоргоҳ ва Баёт, Сегоҳда - Сабо, Наврўзи Хоро, Насри Ажам деб номланади.
Хоразмда кенг тарқалган айтим ижроларидан бири Сувора йўлларидир. Сувора ибораси тожикча отлиқ, чавандоз маъноларини билдиради. Суворалар шакл жиҳатдан мақом шўҳбалари каби йирикдир ва усуллари Соқийнома ёки Уфар дойра усулларида бўлади. Ҳозирда Сувора йўлларининг турли намуналари кенг тарқалган. Биринчи асосий Катта Сувора «Она Сувора» дейилади ёки «Ўзбек Сувораси» дейилади. Баъзида «Тожик Сувораси» деб аталади. Асосий суворалар қуйидагилардан иборат:
1. Она Сувора (катта Сувора).
2. Чапандози Сувора.
3. Якпарда Сувора.
4. Кажҳанг Сувора.
5. Қўшпарда Сувора.
6. Беш парда Сувора.
7. Калта Сувора.
Савти Суворалар: Савти Сувора I, II, III, IV, V, VI, VII, VIII, IX, X, XI, XII, XIII, XIV, XV ва ҳоказоларга бўлинади.
Мақомдон устоз Хожихон Болтаев савти сувораларни қатор вариантларини яратган. «Уфори савти сувора» I, II ҳамда «Гул уфор савти сувора» йўллари шулар жумласидандир.
Хулоса қилиб айтганда, Шашмақом Хоразм ижрочилик мактаби замирида ўзига хос ўзгариш ва ривожланиш жараёнини касб этди. Чертим йўллари, усуллари ихчамлаштирилди, бастакорлар томонидан қўшимча намуналар киритилди. Хоразм мақомлари ижрочилик нуқтаи-назаридан ўз мустақиллигини сақлаб қолди. Асрлар давомида устоздан шогирдга, авлоддан-авлодга, оғиздан-оғизга ўтиб келаётган Хоразм мақомлари даврлар ўтган сари ўзининг сержило, серқирра кўринишлари билан намоён бўлмоқда. Хоразм мақомат санъати ижрочилиги мусиқий маданиятимизнинг ажралмас бўлаги сифатида ҳамиша ардоқланади.
Хоразм мақомларининг бирин-кетин жойлашиши ва таркибий қисмида фарқлар мавжуд бўлиб, бунга эътиборни қаратиш зарур бўлади. Муҳаммад Юсуф Баёнийнинг «Танбур чизиғи»да мақомлар қуйидаги тартибда жойлашган:
Дугоҳ, Рост, Наво, Ироқ, Сегоҳ, Бузрук ва ўз - ўзидан кўринадики, «Шашмақом»да жойлашган, яъни Бузрук, Рост, Наво, Дугоҳ, Сегоҳ, Ироқ тартибида келмайди.
И.Акбаров таҳрири остида чоп этилган «Хоразм мақомлари»да эса Рост, Бузрук, Наво, Дугоҳ, Сегоҳ, Ироқ тартибида келади.
Матниёз Юсуповнинг 1980 йиллардаги чоп этилган 5 жилдлик «Хоразм мақомлари»да ҳам Рост, Бузрук, Наво, Дугоҳ, Сегоҳ, Ироқ ва Панжгоҳ қўшилган тартибда келади.
Қуйида биз «Хоразм мақомлари» нинг турли даврларда ёзилган вариантларини бериш билан уларнинг бир-бирларидан фарқланишларини кўрсатишга ҳаракат қилдик.