Фаоллар йиғилиши
Президентимизнинг 2012 йил 22 ноябрдаги “2013-2015 йилларда Хоразм вилояти саноати салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида қўшимча лойиҳалар билан бирга қиймати қарийб 271 миллион долларга тенг 274 лойиҳа амалга оширилди.

Мазкур дастур доирасида шу кунга қадар 36 мингдан ортиқ “Damas”, 3 мингга яқин “Orlando” русумли автомобиль, 119 экскаватор ва 54 бульдозер ишлаб чиқарилди. Шунингдек, маиший газ баллони, музлаткич, металл арматуралар, спорт инвентарлари ҳамда кир ювиш кукуни, юқори кучланишли аппаратлар каби янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Хоразмда 2015 йилнинг биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва галдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган фаоллар йиғилишида шулар хусусида сўз юритилиб, иқтисодиётни модернизация қилиш, янги қувватларни ишга тушириш, мақсадли дастурлар ижросини таъминлаш, туризмни ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли натижаларга эришилгани таъкидланди.

Вилоят ҳокими П.Бобожонов бошқарган йиғилишда ҳисобот даврида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 11,1, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 30,8, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,2, қурилиш-монтаж ишлари 3,9 фоизга ўсгани қайд этилди.

Маҳаллий товар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш натижасида истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 40,2, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар 2,5, чакана товар айланмаси 14,5, хизматлар кўрсатиш 12,4 фоизга ўсиши таъминланди.

Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган 767 лойиҳа ўрнига 932 лойиҳа амалга оширилиб, 251 миллиард сўм миқдорида инвестициялар киритилди ва қарийб 5 мингта янги иш ўрни яратилди.

Президентимизнинг 2012 йил 6 декабрдаги “Хоразм вилоятининг ободончилик ва аҳоли сув таъминотини тубдан яхшилаш, Урганч шаҳар бош режасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ҳисобот даврида 1 триллион сўмликдан ортиқ қурилиш ишлари амалга оширилди.

Туризм соҳасида 45,3 миллион долларлик 99 лойиҳа амалга оширилди. Ҳудудий корхоналар томонидан 19 миллион доллар миқдорида маҳсулот экспорт қилинди.

Йиғилишда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва йилнинг иккинчи ярмида энг муҳим устувор вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлашга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов сўзга чиқди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР