Ҳозирда вилоятимизда ҳам турли хилдаги музқаймоқлар замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилмоқда. Буни Урганч шаҳрида фаолият юритиб келаётган “KHOREZM HOLOD” хусусий корхонаси мисолида айтишимиз мумкин. Корхона томонидан Хитой технологияси асосида аҳолига кунига 3 тонна сутни қайта ишлаб 18 турдаги музқаймоқ етказиб бериш йўлга қўйилган.
- Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 31 октябрдаги “2012-2015 йилларда республика озиқ-овқат саноатини бошқаришни ташкил этишни янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори кенг омма қатори биз учун ҳам муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Хозирда корхонамизда 18 нафар ишчи-хизматчи мехнат қилмоқда, шуларнинг 60 фоизини ёшлар ташкил қилади. Чунки ёшларнинг юксак технологиялар асосида ишлашга қизиқиши кучли ва бу амалиётда ўз исботини топмоқда. Давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шароит ва имкониятлардан ёшларимиз самарали фойдаланишга ҳаракат қилмоқда, улар ишимизнинг давомчилари ахир, шунинг учун ҳар йили уларни хеч иккиланмасдан ишга қабул қиламиз - дейди “KHOREZM HOLOD” хусусий корхонаси иш бошқарувчиси Улуғбек Рахимов.
“KHOREZM HOLOD” музқаймоқлари нафақат вилоятимиз шаҳар ва туманларига балки қўшни Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасига ҳам корхонанинг 6 та мавжуд музлаткичли машинасида сифатли ҳолида етказиб берилади.
Корхона жамоаси айни пайтда харидор таъби ва бозордаги талабни ўрганиб янги турдаги маҳсулотлар тайёрлашнинг янги рецепт ва усулларини ўзлаштириш устида иш олиб бормоқда.
Шоназар Карриев,
Муаллиф олган суратлар.