Бироқ араблар келтирган бундай зиён Ўрта Осиё халқлари маданиятини тўлиқ ҳалокатга олиб келолмади. Аста-секин қишлоқ ҳўжалиги, савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик тиклана бошлади. IХ асрдаёқ Ўрта Осиёда маданий ҳаёт гуллай бошлади.
Дамашқ, Қоҳира, Бағдод, Куфа, Басра ва бошқа шунинг сингари катта шаҳарларда Моварауннахр ва Хоразмдан бориб, фан, маданият тараққиётига ўз ҳиссасини қўшган авлод-аждодларимиз сони борган сайин кўпайиб борди.
Хусусан, бу борада Бағдод шаҳри Шарқнинг илм-маърифат маркази сифатида катта аҳамият касб этди. IХ асрда бу шаҳарда Байт-ул-Ҳикма (Донишмандлар уйи)-шарқнинг фанлар академияси ташкил этилди.
Хоразмда ҳам подшо Маъмун ибн Маъмун даврида Донишмандлар уйи ташкил этилди. Урганчда ташкил этилган бу Байт-ул-Ҳикма-Маъмун академияси (Хоразм академияси) деб номланади. Боғдод ва Урганчдаги Донишмандлар уйида ўз вақтида номлари дунёга машхур улуғ аллома ва мутафаккирлар таҳсил кўрганлар. Улар орасида Ахмад Фарғаний, Ал Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Ибн ал-Ҳаммор, Абу Сахл Масихий, ибн Ироқ каби улуғ ва буюк зотларнинг номлари бор.
Моварауннахр ва Хуросонда IХ-ХII асрларда ижтимоий-иқтисодий ва маданий тараққиётда юз берган ижобий ютуқлар ва муваффаиятларнинг асосий омили ва сабабчиси бу ерда марказлашган мустақил давлатларнинг вужудга келганлиги эканлигини алоҳида таъкидлаш зарур.
Ўз мавқеи ва тутган ўрни жиҳатидан халқаро майдонда катта эътибор ва нуфузга эга бўлган Марказий Осиёдаги самонийлар, қорахонийлар, ғазнавийлар, салжқийлар ва хоразм шохлар давлатлари даврида мамлакатда давлат ҳокимнияти мустаҳкамланди, нисбатан тинчлик, осойишталик ва баркорорлик вужудга келди. Натижада моддий ишлаб чиқариш ривож топди, ҳунармандчилик ва савдо тараққий этди, маданият гуркираб ўсди. Бухоро, Самарқанд, Урганч, Қиет, Кеш, Нақшаб, Ғазна, Панжикент, Бинокент, Шош, Термиз, Кува, Кабадиен, Бойкент ва бошқа шаҳарлар савдо-тижорат, хунармандчилик ва маданият марказлари сифатида донг таратганлар. Сомонийлар пойтахти Бухоро дунёда иккинчи Макка ҳисобланган. Хуллас, араблар истилосидан сўнг IХ-ХII асрларда маҳаллий ҳукмдорлар бошчилигида вужудга келган марказлашган давлатлар даврида мамлакатда вужудга келган ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маданий қулай вазият шундай муҳитни яратдики, натижада бу минтақадан ўз қобилиятлари, эркин ва бетакрор ижодлари, улкан маданий-маърифий дурдоналари билан жаҳон маданияти цивилизацияси хазинасига бебахо ҳисса қўшган ажойиб алломалар, фан ва маданият соҳиблари, олиму донишмандлар, мумтоз адабиёт даҳолари камолотга етдилар.
Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий (783-850) асли Хива шахридан бўлиб у дастлабки таълимни хусусий муаллимдан олди ва сўнгра Марвда мадрасада ўқиди. Халифа Хорун ар-Рашиднинг ўғли Маъмун халифалик тахтига ўтиргач (813) Муҳаммад Мусо ал-Хоразмийни ўзи билан бирга Бағдодга олиб кетди ва у ерда ташкил этилган Бойтун-ул-Ҳикма (Донишмандлар уйи) га бошлиқ этиб тайинлади.
Хоразмий математика, геометрия, астрономия, география, тарих илми ва бошқа фанлар соҳасида баракали ижод қилди. Унинг Ал-Жабр Вал Муқобала) (Тенгламалар ва қарашлантириш), Хисоб Ал-Ҳинд) (Ҳинд ҳисоби), Китоб сурат ал-Арз (Ер сурати ҳақида китоби) Китоб ат тарих (тарих китоби), Китоб ал амал Бил Устурлабат (Устурлаб билан ишлаш ҳақида китоб) (Устурлоб-юлдузларнинг ҳаракати ва ҳолатини кузатадиган асбоб) каби асарлари илм-фанда олимга жаҳоншумул шуҳрат келтирди.
Хоразмий Ал-жабр Ал-муқабала асари билан математика тарихида биринчи бўлиб алгебра фанига асос солди.
Олимнинг Китоб ат -тариз (Тарих китоби) асарида Хуросон, Кичик Осиё ва Моварауннахрнинг VIII-IХ асрлардаги тарихига оид қисқа ва аниқ маълумотлар ўз ифодасини топган. Хоразмийнинг Зиж (Астрономик жадвал), Қуёш соати ҳақида рисола асарлари фалаккиётшунослик фанининг ривожланиш траққиётига катта ҳисса қўшди.
Она тупроғимиз, Ўзбекистон номини фаҳр ва ғурур ҳис-туйғуси билан узоқ-узоқ авлодларга кўз-кўз қилишга арзугулик улуғ сиймо ва алломалардан бири Ахмад Фарғонийдир. Тахмин қилинишига қараганда у 861 йилда вафот этган. Ахмад Фарғоний математика, география, астрономия, тарих сохаларида ижод этиб, бу фанларнинг ривожланишига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшди. У мусулмон Шарқида Хисоб яъни математика лақабини олган. Шундай бўлсада у астрономия, география сохаларидаги ишлари билан шухрат қозонган. Унинг бу фан соҳаларидаги қилган ишлари ХI асрлардаёқ Испанияда лотин тилига таржима қилинган ва ундан арб олимлари ўзларининг илмий изланишларида кенг фойдаландилар. Ахмад Фарғоний ўз асарларини араб тилида ёзган ва шунинг учун арб олимлари уни биринчи араб астрономи деб ҳисоблайдилар.
Ахмад Фарғонийнинг олим Муҳаммад ибн Мусо билан, улуғ мутафаккир олим Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий раҳбарлигида фаолият кўрсатган Байтун-Ҳиқма билан боғлиқдир. У Бағдод ва Дамашқдаги расадхоналар қурилишига шахсан қатнашди.
Ахмад Фарғонийнинг 812 йилда Қуёш тутилиши олдидан башорат қилиши, Ернинг думолоқ шар шаклида эканлигини очганлиги олимга шухрат келтирди. Кейинроқ Мисрда яшаган чоғида нил дарёси сувини ўлчайдиган асбоб ясаган.
Ахмад Фарғонийнинг фалакиётга оид йирик илми асарларидан бири Сановий ҳаракатлар ва юлдузлар фанининг мажмуаси ҳақида китобдир. Бу асар Астрономия негизлари деб ҳам юритилади.
Аҳмад Фарғонийнинг асарлари ХII асрдаёқ лотин тилига таржима қилинган.
Марказий Осиёнинг йирик қомусий олимларидан бири, Шарқ фалсафасининг отаси Абу наср Муҳаммад ибн Муҳаммад Фаробийдир. У 873 йилда Фароб яқинидаги Васиж шаҳарчасида таваллуд кўрган ва 951 йили Дамашқда вафот этган.
Фаробийнинг фалсафа, тилшунослик, мантиқ, риёзиёт, мусиқа назарияси борасида олиб борган илмий ишлари унга катта шухрат келтирди ва дунё фани тарихида номига боқийлик бахш этди.
Фаробий бошланғич сабоқни Фаробда олди. Сўнгра Шош, Самарқанд, Бухоро ва Эроннинг бир неча шаҳарларида бўлиб, ўз билимларини мукаммаллаштирди ва турли тилларни ўрганди. Сўнг Бағдодга келиб ўз билимларини янада чуқурлаштирди.
Боғдод ва Дамашқ шаҳарларида яшаб ўз илмий даражасини оширган, деярли фаннинг барча соҳаларини эгаллаб 160 дан ортиқ асарлар ижод қилган. У ёзган Аристотел (Арасту) нинг Метафизика асари мақсадлари ҳақида, Тирик мавжудот аъзолари ҳақида, Мусиқа китоби Бахт-саодатга эришув ҳақида Сиёсат ал-Мадония (Шаҳарлар устида сиёсат юргизиш, Фозил одамлар шахри Масалалар моҳияти Қонунлар ҳақида китоб, Тафаккур юритиш мазмуни ҳақида, Мантиқа кириш ҳақида китоб фалсафанинг моҳияти ҳақида китоб ва бошқалар буюк олимнинг илм ва дунёқараш доирасининг беқиёс даражада кенглиги ва чуқурлигидан далолат беради.
Фаробий эллин маданияти донишмандлигининг хадсиз билимдони эди. Агар илм-фан ривожидаги ўзининг қўшган буюк хизматлари учун Аристотел биринчи муаллим унвонига сазовар бўлган бўлса, Фаробий эллин донишмандлигини, Аристотелни яхши билганлиги, қомусий ақли ва илм-фан тараққиётига катта ҳисса қўшганлиги учун Ал-Муаллим ас-Соний Иккинчи муаллим Шарқ Аристотели деган мўтабар унвон олди.
Фаробий Илмларнинг келиб чиқиши ҳақида, Илмларнинг таснифи ҳақида ва бошқа рисолаларида ўша даврда маълум бўлган 30 га яқин илм соҳасининг тартиби, таснифи ва тафсилотини беради.
Шарқнинг буюк алламоларидан, қомусий олимлардан яна бири Абу Али Хусайн ин Абдуллох ибн Синодир. У шарқ фан оламида Шайх ул-раис тахаллусини олган. Европада бу олим Авицена номи билан маълум. Ибн Сино 980 йилда Бухоро яқинидаги Афшона қишлоғида туғилган.
Ибн Синонинг илмий қарашлари икки йўналишда: тиббиёт ва фалсафий соҳаларида ривожланди. 17 ёшидаёқ олим сифатида шаклланди, катта нуфузли шифокор бўлиб етишди. Ибн Сино саройга таклиф қилинди ва бу ерда бемор ётган сомонийларнинг амири Нух ибн Мансурни даволади. Бунинг эвазига Ибн Синога сомонийлар саройига жойлашган кутубхонадан фойдаланишга рухсат берилди.
1002 йилда Ибн Сино Хоразмга боради ва Урганичдаги Маъмун академиясида фаоллик кўрсатади. У ерда файласуф Абусахл Масаҳий, атоқли табиб Абулхайр Ҳаммор, ХI асрнинг энг йирик олими, қомусий билимлар соҳиби Абу Райхон Берунийлар бор эди.
Хоразмни Махмуд Ғазнавий эгаллагач, Ибн Сино Гургон амирлигига, у ердан Рай, Казвин шаҳарларига ўтиб, сўнг Ҳамадон ҳукумдори Шамс ад-Давла хизматига киради. Умрининг охирги йилларини Исфахонда ўтказган.
Ибн Синонинг шох асарларидан бири, тиббиётга, бағишланган Ал қонун фи-т-тиб (Тиб қомунлари) асаридир. Бу асар ўзига хос тиббий қомуснома бўлиб, беш қисмдан иборат. Китоб ХIII асрдиёқ лотин, форс ва бошқа тилларга таржима қилинган. Бу китоб то XVIII асрнинг охирларига қадар “Ғарбий Европанинг тиббий ўқув юртларида асосий ўқув қўлланмаси бўлиб хизмат қилган.
Ибн Синонинг яна бир қомусий асари китоб уш-шифа (Даволаш китоби) бўлиб, у 18 қисмдан иборат. Китоб фалсафанинг турли соҳаларига, мантиққа, математика, геометрия, метафизика билан боғлиқ масалаларга бағишланган.
Ўрта асрларда Хоразмда ташкил этилган Маъмун академиясининг порлоқ юлдузларидан бири, буюк олим ва мутафаккир Абу Райхон ибн Ахмад Берунийдир. У 973 шаҳридан 120 км наридаги қадимги Кат (ҳозирги Беруний) шаҳри яқинида туғилган. Дастлабки таълимни Урганчда олган. Тақдир тақозаси билан Шарқнинг кўпгина шаҳарларида бўлган. Анча вақт Гургонда турган, сўнгра Маъмун академиясида катта илмий иш олиб борган. Махмуд Ғазнавий Хорезмни эгаллагач (1017й). Беруний ўз илмий фаолиятини Ғазна шаҳрида давом эттирган. У Махмуд Ғазнавий билан биргаликда Ҳиндистонда бир неча бор сафарда бўлган. Улуғ мутафаккир 1048 йилда Ғазна шаҳрида вафот этган.
Бернуний ўзининг 45 дан ортиқ фалакиётга оид асарларида Коперникдан қарийб беш аср илгари оламнинг маркази Ер эмас, Куёшдир деган хулоса чиқарди. Ернинг Куёш атрофида айланишини биринчи бор ўртага қўйди.
IХ-ХII асрларда диний билимлар ҳам кенг ривожланди.
ХIV-ХV асрларда, яъни Темур ва темурийлар даврида Ўрта Осиёда илмий-маданий ҳаётнинг янада гуркираб ривожланганлигини кўрамиз. Амир Темур тиббиёт, математика, астрономия, тарих, адабиёт, тилшунослик, диний илмларга катта эътибор берди. Темур даврида Самарқандда Бибихоним масжиди, Шохизинда мақбараси, Шахрисабзда Оқсарой ва мақбаралар, Туркистонда Ахмад Яссавий мабқараси, Тошкентда Зангиота мақбараси барпо этилди.
Улуғбек даврида фан ва маданиятга ҳомийлик қилиш янада авж олди. Улуғбек Самарқанд, Бухоро, Гиждувон ва Шахрисабзда масжид ва мадрасалар қурдирди. Тарихий фанлар соҳасида ҳам кўпгигна ишлар қилинди. Бу даврда адабиёт соҳасида ҳам самарали ишлар қилинди. Бу жараёнда шоир ва давлат арбоби бўлган Алишер Навоийнинг хизматлари катта бўлди. Жомий, Лутфий, Саккокий кабилар ўлмас асарлар яратдилар Камолоддин Беҳзоднинг рассомлик фаолияти ривожланди.