Сиёсат саҳнасидаги сулолабошчи
Мазкур хонликда давлат бошқарувига кўра, иноқ мансаби хон, нақиб ва шайхулисломдан кейинги тўртинчи даража эди. Нақиб, шайхулисломлар давлатдаги энг олий диндор раҳбарлар ҳисобланса, иноқ бутун давлат ишларини ҳукмдор билан бамаслаҳат юритадиган шахс саналган. 17 асрнинг 2-ярмидан 1794 йилгача бўлган давр мобайнида Ўрта Осиё хонликлари орасидаги низо-жанжаллардан, маҳаллийчилик туфайли юзага келган инқироздан фойдаланиб, Муҳаммад Амин иноқ Хива хонлиги жиловини қўлига олди. Беҳисоб олтинлар эвазига у саройда иғво ва фисқ-фасод йўли билан маишатбозлик, айш-ишратдан бўшамайдиган тийиқсиз, ландовур хонларни, амалдору навкарларни ўзига ёллаш орқали тахтдан кўтариб-тушириб юрди. Натижада ана шу эллик йил ичида йигирмадан зиёд хон қисқа фурсатларга тахт соҳиби бўлиб турди.
1794 йилда, отасининг вафотидан сўнг, Аваз иноқ ҳам шу тахлит ўйинлар қилиб, 1804 йилгача иккита хонни тахтга ўтқазди. Хива, Бухоро мадрасаларида ўқиган ўғли Элтузар иноқ эса бундай ўйинларга чек қўйиб, ўзи тахтга чиқди.
Ҳарб илми, қилич чопиш, камондан отиш, паҳлавонлик, диний таълимдан яхшигина хабардор Элтузархон давлатда қаътий тартиб ўрнатди. Уруғлар ўртасида низо чиқмаслиги, маҳаллийчиликка йўл қўймаслиги учун сарой амалдорларига ҳар бир уруғ, бекликлар учун тенг ўрин ажратди. Шунингдек, солиқлар миқдорини камайтирди. Бу эса ички адоватга, низоларга чек қўйди. Шундан кейин у пойтахтнинг Ўр маҳалласида мадраса барпо эттирди. Айни пайтда Ичан қаъланинг нураётган шарқий Полвон дарвозасини қайта қурдирди.
Ана шундай ободонлаштириш ишлари кечаётган палласида, Хоразм савдогарларидан 200 кишилик карвон Машҳаддан қайтаётган эди. Марвдан чиққанларида уларни Бухоро амирлигига тобе ёвмудлар таладилар. Элтузархон ёвмудларни жазолашни амирдан талаб қилганида, амир Ҳайдархон яна хивалик савдогарларни атайин ёвмудларга талатирди.
Амир Ҳайдарнинг бундай қилишига сабаб бор эди. Сал аввалроқ бухоролик савдогарлар Эрондан қайтаётганида Хоразмга тобе ёвмудлар карвонни талаганди. Шунда Элтузархон амир Ҳайдархон талабига кўра, ёвмудларни жазолаб, таланган молларни Бухорога жўнатиб юборди. Амир эса, моллар тўла қайтарилмади, Хива хони қароқчиларнинг шериги, дея гап тарқатди. Буларнинг бари Элтузархоннинг Бухорога юриш қилишига сабаб бўлди.
1806 йилда бошланган уруш кўплаб инсонларни ҳаётдан олиб кетди. Амир Ҳайдарнинг тиш қайраб, иғво чиқарганича бор экан. Унинг қўшини қудратли бўлиб чиқди. Элтузархон енгилиб, ортга чекинди. Бухороликлар қўшини уларни қувиб, Амударёнинг ўнг соҳилидаги Шоббоз беклигигача келишади. Бу ерда ҳам беаёв жанг бўлади.
Ана шундай оғир вазиятдаги жангда 300 тача навкари ўлиб, 500-600 нафар йигити қолган Элтузархон дарёдан ўтиб, Урганч-Хивага чекинишга қарор қилади. Дарёдаги кемага дастлаб хон, амалдорлари, айрим навкарлар мингач, бошқа одам сиғмай қолади. Кема уларни ташлаб, яна қайтгунича, амирлик қўшини кўпайиб, жанг кучая бошларди. Шунинг учун дарға кемани юргизмоқчи бўлади.
— Навкарлар жангда мен ва хонлик учун курашдилар. Шу сабаб, уларни ташлаб кетсак бўлмас. Бир қарич жой қолгунча чиқинглар! — буюрди Элтузархон.
Натижада кемадагилар сони 350 тага етди. Аксига олиб, бу пайтда шамол кучайган, дарё оқими тезлашган эди. Шундай оғир ҳолатда дарға нажот кемасини бошқаролмай қолади. Шу сабаб оқибатда уч-тўрт кишидан ташқари хон ва навкарлар сувга ғарқ бўлишади.
Ана шу тахлит 1806 йили хонликда Қўнғиротлар сулоласига асос солган Элтузархон икки йилу уч ой, йигрма икки кунлик ҳукмдорлигидан сўнг ўттиз етти ёшида дарёга чўкиб ҳалок бўлди.
Ундан иккита ўғил, бир қиз, қурдирган мадрасаси ва сулола асосчиси, деган ном хотира бўлиб қолди.
Калланинг нархи канча?
Қассоблар томонидан сўйилган мол калласининг сотилиши ва унинг баҳоси ҳар вақт турлича бўлиши ҳаммага маълум. Аммо инсон бошининг нархи қанча бўлади, деган банда борки, бир сесканиб тушади. Бироқ ўтмишда, хонликлар даврида инсон калласига маълум бир нарх қўйилиши одатий ҳол бўлган…
Ўша даврларда Ўрта Осиёдаги учала хонлик ўртасида бўлиб турган ички низолар, қўшни давлатларнинг босқинчилик юришлари боис хонликларда мунтазам ҳарбий қўшин мавжуд эди. Гарчи уларда саноқли тўп, милтиқлар бўлсада, доимий равишда қилич ва ёйлар билан машқлар олиб борилган. Хива хонлигидаги қўшин сафида хизмат қилаётган навкарларга давлат томонидан йигирма таноб ер берилган бўлиб, бундан келадиган даромад навкарники эди.У ўзи хизмат билан банд бўлганлиги учун ерини чорикорга бериб ишлатарди.
Навкарлар солиқлардан ва қазув каби турли мажбуриятлардан озод қилиб қўйилгани учун, қолаверса, босқинчилар ватанини эгалласа, ўзига бериладиган ердан ҳам бенасиб қолишини ўйлаб, урушларда фаол қатнашарди.
Бундан ташқари ҳукмдорлар урушда навкарларни рағбатлантиришнинг бошқа бир усули—калла пулини ҳам ўйлаб топишган эди. Унга кўра, хонлик навкари ўзи ўлдирган ҳар бир душман учун мукофотланарди. Бунинг учун навкар душманнинг калласи, қулоғини кесиб келиши керак эди.
Агар Хива хонлари архивининг 1866 йил ражаб ойидаги маълумотларига таянадиган бўлсак, шанба куни Илонлидан Аннамурод деган бир калла олиб келганида ўн тилло берилди, дейилган. Ёхуд 1867 йил шаъбон ойининг чоршанбасида ёвмудлардан Яна икки калла кесганга икки латта сарупой берилди, олти тилло, калла пулига йигирма тилло берилди, деган маълумот бор.
Табиийки, урушда ёхуд душман тарафга қўққисдан ҳужум қилиб, калласини кесиш ва унга мукофот пули олиш, унга тўланган юқоридагича миқдор 10 ва 20 тилло ўз даври учун катта пул эди. Бу пулга навкар бир ой бемалол каттагина оиласини озиқ-овқат билан таъминлаши, ҳўкиз ёки сигир сотиб олиши мумкин бўлган.
Бироқ ҳаётини хатарга қўйиб, ўлим билан юзма-юз туриб, урушда қатнашгудек бўлса, навкар ўз калласидан ҳам ажралиб қолиши мумкин эди. Шундай бўлган тақдирда, ўлдирилган навкарнинг бева хотинига Хива хонлари бир йўла нафақа, баъзан бу бевага пул ўрнига бир қул инъом қилишарди.
Шунингдек, отлари ярадор бўлган навкарларга ҳам пул билан ёрдам берардилар. Шу каби навкарларга урушда кўрсатган жасорати учун чопонлар кийгазиш ҳам кенг тус олган бўлиб, айрим ҳолларда пичоқ тақдим этилган. Хонлар сулоласининг вакиллари, машҳур амалдорлар эса фахрий мукофот тарзида олтин ва қимматбаҳо тошлар қадалган камар олар эдилар.
Ушбу навкарларнинг Хива хонлигида бошқа давлатларнинг ҳарбий қўшинлариники сингари махсус ҳарбий кийимлари, давлат мукофоти нишонлари ва медаллари йўқ эди. Фақат инъом тарзида берилган калла пули, чопон кийгазиш, олтин ёхуд қимматбаҳо тош қадалган камар бериш давлат мукофоти тусини олганди.
Урушлар давомида ярадор бўлган жангчилар даволаниш учун ўзлари табибга мурожаат қилар, даволаниш учун кетадиган пул хонлик хазинасидан сарфланарди. Яъни , навкар ватан ҳимояси учун бўлган урушларда ярадор бўлди, деган қараш бор эди.
Агарда хонлик ичкарисида ўз фуқаролари томонидан исён, қўзғолон, фитна юз берган тақдирда навкарлар хон томонидан бекаму кўст ҳамма эҳтиёжлар билан таъминланар, ҳатто, ўша норозилик ҳаракатини неча кунда бостиришганига қараб пул тўлашарди.
Қўшни давлатлар—Эрон ёки Бухорога ҳужум қилинган тақдирда хон навкарларига маош тўламаган. Урушда ўлжа киритган навкар қўлга киритган нарсасининг бешдан бирини хон ҳазратларига инъом қилиши шарт эди.
ХIХ аср ўрталаридаги маълумотга кўра, Ҳазорасп, Бешариқ ва Питнак мавзеларида 2396 навкар, қолган ҳудудларда эса 6445 навкар бўлиб, уруш ҳаракатлари бўлиб қолган тақдирда қўшин юзбоши, мингбоши, ясовулбоши ва амирулумаро бошчилигида бирлашиб, ягона буйруққа бўйсунувчи армия ҳолатига келарди.
Тинч даврларда хонлик чегарасини қўриқлайдиган навкарлар қўшини эса яримчилар орқали ердан келадиган даромад эвазига кун кўрар, чегара хизматининг бошлиғи—қоровулбеги эса хазинадан 50 тилла маош оларди.
Хуллас, хонлик қўшини гарчи оз сонли тўп ва милтиқлардан иборат бўлсада, қилич ва ёйлар билан мудом жангга шай турарди.
давомида: Алибобо майдонидаги бандаргоҳ