“Катта Хоразм” илмий муаммосининг ўрганилиши тарихидан
Дунё цивилизациясининг муҳим марказларидан бўлган ва ўзбек давлатчилигининг дастлабки тамал тошлари қўйилган қадимги Хоразм тарихи жуда катта ва мураккаб илмий муаммо сифатида кўплаб олимларнинг эътиборини жалб қилиб келган. Бу нарсани биз узоқ ўтмиш садоси сифатида из қолдирган - “Катта Хоразм” давлати тарихини ўрганиш мисолида кўришимиз мумкин.

Амударё ва Орололди ҳудудида яшаётган хоразмликлар тарихи узоқ ўтмишга - IV минг йилликдан бошланган ва янги тош даври деб номланган неолитга бориб тақалади. Воҳа тарихининг билимдони академик С.П. Толстовнинг маълумотларига қараганда қадимги аждодларимиз Калтаминор, Тозабоғёп, Сувёрган, Амиробод каби улкан маданиятларни яратганлар ва узоқ ўтмишдан ёдгорлик сифатида қолдирганлар. Бу ноёб маданий мерос ва уни ўрганишга жуда кўплаб олимлар ўз ҳиссасини қўшганлар.

Дунё цивилизациясининг муҳим марказларидан бўлган ва ўзбек давлатчилигининг дастлабки тамал тошлари қўйилган қадимги Хоразм тарихи жуда катта ва мураккаб илмий муаммо сифатида кўплаб олимларнинг эътиборини жалб қилиб келган. Бу нарсани биз узоқ ўтмиш садоси сифатида из қолдирган - “Катта Хоразм” давлати тарихини ўрганиш мисолида кўришимиз мумкин.

Мазкур давлат бирлашмаси ҳақидаги дастлабки маълумотлар грек ва форс ёзма манбаларида учрайди. Мил. олд. VII–VI асрларда Қуйи Амударё, Зарафшон ва Тажан дарёси ҳавзаларида яшаётган қабилалар “хорасмийлар” номли халқ атрофига бирлашишган ва конфедерация (уюшма) шаклидаги дастлабки давлатлардан бирини ташкил этишган. Ҳарбий демократия принципларига асосланган бу давлат аҳолиси узоқ йиллар давомида Ассирия, Мидия ва Эрон аҳмонийлари ҳуружларига қарши кураша олган.

“Катта Хоразм” конфедерациясида етакчи бўлган “хорасмийлар” ҳақидаги маълумотлар Кичик Осиёлик тарихчи Гекатей Милетскийнинг “Ер тасвири” асарида учрайди. Бу халқ Эрон давлати ҳудудидаги парфийлардан шарқдаги ерларда яшаган ва уларнинг “Хорасмия” номли шаҳри бўлган экан.

“Тарих отаси” деб тан олинган ва 9 қисмдан иборат “Тарих” номли асар ёзган Геродот (480-425) аҳмонийлар давлатининг XVI сатрапиясига (вилояти) кирган халқлар орасида парфияликлар, сўғдлар, арийлар билан бирга хоразмийлар ҳам борлигини кўрсатади . Бу халқнинг номи Доро I томонидан мил. олд. 517-515 йилларда Беҳистун қоя тошига туширилган ёзувларда ҳам қайд қилинган.

Буюк Геродот хоразмийлар ерларини сув билан таъминлайдиган йирик дарё ҳақида маълумотлар қолдирган. “Атрофи тоғлар билан ўралган водийдан Акес дарёси оқиб ўтади - деб ёзади у. - Бу водий қачонлардир хоразмликлар қўлида бўлган, у парфийлар, саранглар, фамонийлар чегарасида бўлиб, уларнинг ерларини суғорган. Ҳокимиятга форслар келгач, бу водий подшо қўлига ўтган” . Қадимги Акес дарёсининг ҳозирги номи ҳақида олимлар орасида ягона бир фикр йўқ. Уларнинг айримлари бу дарёни Тажан, Герируд, яна бошқа бирлари эса - Амударёнинг номи билан боғлайди.

“Катта Хоразм” муаммосини ўрганиш бир неча даврларга бўлинади. Унинг дастлабки босқичи - ёзма манбалар, биринчи навбатда “Авесто”ни ўрганиш билан боғлиқ бўлган. 1873 йилда Венада “Хоразм тарихи ва хронологиясига доир” номли китобни нашр қилдирган немис тилшунос олими Эдуард Захау “Авесто”да кўрсатилган “Кайризао” мамлакати қадимги Хоразм деб таъкидлаган. Яна бир немис олими Йожеф Маркварт паҳлавий анъаналарида зардуштийларнинг Хоразмга кўп эътибор берганликларини инобатга олиб, бу ер “Авесто”да бир марта тилга олинишига қарамай, у бошқа ном остида берилган деган ҳулосага келади. Олим “Авесто”даги “Аръянем Вайчах”нинг географик ўрнини Хоразм билан солиштиради ва бу афсонавий мамлакат ўзига бир неча қабилаларни бирлаштирган Хоразм подшоҳлиги, яъни “Катта Хоразм” деган илмий тахминни 1901 йилда илгари суради . Й.Марквартнинг фикрини В.В.Бартольд, Киссилинг, С.П.Толстов, Я.F.Fуломов, М.Г.Воробьева ва бошқа олимлар қувватлашган ҳамда географик жиҳатдан мазкур давлат ҳудуди Хоразм ерларига тўғри келиши ҳақидаги тахминни илгари сурганлар.

“Катта Хоразм” муаммосини ечиш учун европалик олимлар олиб борган тадқиқотларда икки йўналиш кўзга ташланади. Бир қатор олимлар “Катта Хоразм” давлат бирлашмаси ҳозирги Хоразм воҳасида вужудга келган бўлиб, унинг таъсир доираси Шимолий Афғонистон ва Шарқий Эронга қадар ёйилган деб ҳисобласалар (Маркварт, Киссилинг, Томашек), иккинчи йўналиш тарафдорлари (Тарн, Альтхайм, Гершевич, Хеннинг) эса хорасмийлар дастлаб Марв ёки Ҳирот атрофида яшаган, сўнгра эса форслар тазйиқи остида шимолга — Қуйи Амударё бўйларига кўчишга мажбур бўлганлар деган фикрни қувватлайдилар.
1938 йилда Й.Маркварт ва В.Тарн исмли олимларнинг янги йирик илмий ишлари нашр қилинди. Й.Маркварт ўзининг олдинги ғоясини чуқурлаштириб, “Авесто” маълумотларини грек ёзма манбалари билан таққослайди ҳамда Геродотнинг фикрлари асосида Ўрта Осиё ва Хуросоннинг кенг ҳудудларида аҳмонийлардан олдин қудратли Хоразм подшоҳлиги мавжуд бўлган деган фикрни исботлайди.

И.Марквартнинг тадқиқотларидан беҳабар бўлган шарқшунос В.Тарн “Хорасмия” деб номланган подшоҳлик мавжуд бўлган, деган ғояни илгари суради. У географ Страбоннинг парслари, Гекатей Милетский, Геродот ва Аррианнинг асарларидаги хорасмийлар ҳақидаги фикрларни бир бири билан боғлаб, хорасмийлар Парфия ва Бактрия оралиғида, аниқроғи Марв ёки Ҳирот атрофларида яшаганлар деб хулоса чиқаради.

“Катта Хоразм” ҳақидаги тасаввурларни шарқшунос Ф.Альтхайм кенгайтирган. У хорасмийлар дастлаб Хуросон тоғлари водийларида яшаганлар ва уларнинг энг яхши ерларини форслар тортиб олганларидан сўнг, Амударё бўйларига кўчишга мажбур бўлганлар деган фикрни илгари сурган.

Бу тахминни европалик олимлардан В.Хеннинг ва И.Гершевич қўллаб-қувватлашган. Лингвинист В.Хеннинг “Авесто” тили билан Хоразм тилини бир бири билан таққослаб, уларнинг яқинлигини аниқлаган. “Авесто”даги сўзлар ғарбий Эрон тилига ҳам, шарқий Эрон тилига ҳам ўхшамас экан. Шу боисдан олим “Авесто”даги дастлабки муқаддас мадҳиялар - “Гатлар” Марв ёки Ҳирот атрофларида, кейингилари эса Сейистонда яшаган халқлар тилига яқин шевада ёзилган деб ҳисоблайди.
“Катта Хоразм” мавзусининг ўрганишдаги иккинчи босқич - археологик тадқиқотлар билан бевосита боғлиқ бўлган. Бу муаммони ўрганишга академик С.П.Толстов катта ҳисса қўшган. У “Катта Хоразм”нинг мавжуд бўлганлигини исботлаш учун дастлаб ёзма маълумотларга, хусусан Хитой ва араб манбаларига ҳам мурожаат қилди. Натижада “Авесто”да тилга олинган “Қанға” ва “Айръянем Вайчах” ҳудудлари Хоразмнинг географик ўрнига мос келишини аниқлади. Олим Хоразм ҳудудидаги мил. олд. VII-VI асрларга оид йирик ирригация иншоотлари - Давдон, Чермонёп, Гавҳўра каналлари ва уларнинг яқинидаги Кўзалиқир ва Қалълиқирдан топилган моддий манбаларни “Катта Хоразм” давлати тарихи билан боғлашга харакат қилди. Натижада у “Авесто”да мавжуд “Квадрат Вара”нинг тасвири билан қадимги Хоразм қалъаларининг қурилиш услубидаги ўхшаш томонлар борлигини аниқлашга муваффақ бўлди.

Аммо барча олимлар ҳам С.П.Толстовнинг фикрини ёқлашмаган. Ҳусусан, Жанубий Туркман археологик экспедицияси бошлиғи, академик В.М.Массон кўп йиллик тадқиқотлари асосида Хоразмда давлат шаклидаги қабилалар уюшмаси бўлганлиги ҳақидаги фикрларини шубҳа остига олади.

Академик С.П.Толстовнинг “Катта Хоразм” давлати ва унинг суғориш иншоотлари ҳақидаги ғояларини қадимги Хоразмнинг суғориш тарихини чуқур ўрганган олим Я.F.Fуломов қўллаб-қувватлади ва уни янги археологик тадқиқотлар хулосалари билан тасдиқлади. Олимнинг фикрича, Геродотнинг Акес дарёси ҳақидаги маълумоти ноаниқ бўлиши билан бирга, бўрттириб ҳам берилган. Чунки Акес дарёси ҳозирги жанубий Туркманистондаги Тажан ёки Атрек дарёси водийларига ўхшайди. Ҳолбуки ўз навбатида хоразмликлар ундан фойдалана олмаганлар. Геродот тасвирланган сувни каналларга бўлувчи мураккаб тўғоннинг аҳмонийлар ҳукмронлиги даврида Амударёда қурилганлиги ҳам шубҳа туғдиради. Хоразмда йирик каналлар мил. олд. I минг йиллик ўрталарида, яъни “Хоразм-Массагет” иттифоқи ташкил топгандан кейинги даврда бунёд этилган. Хоразмликлар Жанубий Туркманистон ерларини босиб олиб, бу ҳудуд учун аҳмонийлар Эрони билан кураш олиб борганлар.

“Катта Хоразм” муаммосини ўрганишга И.М.Дьяконов ва М.Г.Воробьева катта ҳисса қўшган. Хоразмнинг архаик маданиятига оид 300 дан ортиқ манзилгоҳлар мавжудлиги ва уларнинг жанубий Туркманистон маданиятига ўхшаш умумий томонлари борлигини аниқлаган археолог М.Г.Воробьева “Катта Хоразм” давлати чегараларини белгилашга муваффақ бўлди. Олиманинг фикрича бу давлатнинг чегараси жанубда Амударёнинг ўрта оқимида жойлашган Қўшқалъа ва Одойтепа оралиғидан, шимолда - Орол денгизи “ва ғарбда - Сариқамиш кўли яқинидан ўтган.

“Қадимги Хоразм” муаммоси тадқиқотчилари орасида хоразмликларнинг асли ватани қаерда бўлган деган масалада ҳам ягона фикр йўқ. Хусусан, бир гуруҳ олимлар (С.П.Толстов, Я.F.Fуломов, И.М.Дьяконов, М.Г.Воробьева) хоразмликлар Амударёнинг қуйи оқимидаги Хоразм воҳасида яшаб, жанубий Туркманистонгача бўлган ҳудудда ҳукмронлик қилганлар деб ҳисобласалар, яна бирлари (В.М.Массон, И.В.Пьянков, Б.F.Fофуров, Б.И.Вайнберг, А.С.Сагдуллаев, Л.С.Толстова) хоразмликлар Тажан–Герируд дарёлари ҳавзаларида яшашган ва кейинчалик қандайдир тазйиқ остида шимолга - ҳозирги Хоразм ҳудудига кўчиб келганлар, деб таъкидлайдилар.

“Катта Хоразм” тарихига оид янги маълумотларни профессор Б.И.Вайнберг ўрганди. У мил. олд. 674 йилга оид Асарҳоддон ёзувларида Оссурия давлатига қарам бўлган шарқдаги энг узоқ ўлка - Хореана (Хоразм) ҳақида ёзма маълумот борлигини аниқлади. Олим Хореанадаги Колес–Мура дарёсининг тасвири Геродотнинг Акес дарёси ҳақидаги маълумотларига мос келиши, шимолий Эрон ҳудудида яшаган хоразмликлар ассирияликлар тазйиқи остида Ўрта Осиёнинг жанубий вилоятларига кўчишга мажбур бўлганлар деган фикрни илгари сурди.

Мил. олд. VII асрнинг биринчи ярмига тўғри келган бу кўчиш вақтида хорасмийларнинг бир қисми Қуйи Амударё ҳавзасига, аксарияти эса - Оқчадарё атрофига келиб ўрнашган. Б.И.Вайнбергнинг бу тахминлари грек географи Страбоннинг маълумотлари билан тасдиқланади. Маҳаллий массагет ва улар яшаган ҳудудга келган хорасмийларнинг ерли аҳоли билан аралашиб кетиши натижасида бир-бирига ўхшамайдиган икки маданиятни - амиробод ва қуйисой маданиятини вужудга келтирган.

Этнограф Л.С.Толстова хоразмликларнинг янги ерларга кўчиб келиш ҳақидаги маълумотларни ўзбек ва қорақалпоқлар орасидаги ривоятлар билан боғлаб ўрганган . Дастлаб Марв атрофларида яшаган хоразмликлар Амударё бўйларига кўчиб келганларидан сўнг, мил. олд. VII асрда (ал-Беруний маълумотларига қараганда мил. олд 1202 йилда) кайёнийлар сулоласи вакили Сиёвушнинг ўғли Кайҳусров бошчилигида илк давлатга асос солганлар.

“Катта Хоразм” ҳақидаги европалик олимлар томонидан илгари сурилган фикрни таҳлил қилган археолог А.С.Сагдуллаев Хоразм давлати бирлашмасининг пойтахти деб тахмин қилинаётган Кўзалиқир қалъаси мудофаа деворлари билан Бактриядаги қадимги Қизилтепа девори орасида ўхшашлик борлигини исботлади. Олим Хоразмнинг архаик давр маданияти объектив асосда Ўрта Осиёнинг жанубидаги халқлар ёдгорликларига яқин деб кўрсатади.

Кўриниб турибдики, қадимда “Катта Хоразм” қабилалар конфедерацияси мавжуд бўлганлигини кўпгина тадқиқотчилар эътироф этсалар–да, улар орасида ягона бир фикр йўқ . Янги манбаларнинг тадқиқ қилиниши Хоразм тарихида из қолдирган аждодларимиз ўтмишини ҳаққоний ёритиш ва маданий қадриятларимизни тиклашга хизмат қилади.

Мадраҳим Махмудов, тарих фанлари доктори, профессор
“КАТТА ХОРАЗМ” ИЛМИЙ МУАММОСИНИНГ
ЎРГАНИЛИШИ ТАРИХИДАН


КЎП ЎҚИЛГАНЛАР