Хоразм давлати қадимдан сунъий суғоришга асосланган деҳқончилик, чорвачилик, хунармандчилик ривожланган худудлардан бири бўлган. Қадимги даврларда бу худуднинг ривожланишининг аосисй омиллардан бири буюк ипак йўлининг бу худуддан ўтганлиги эди. Хоразмшоҳлар давлати даврида -йирик сиёсий бирлашманинг вужудга келиши билан давлатнинг сиёсий мавқеи ошди. Бу эса ўз навбатида ҳунармандчиликнинг, савдонинг ривожланишига, шаҳарларнинг юксалишига замин яратди. Улкан минтақада сиёсий яхлитлик ва барқарорликка эришилиши натижасид ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг ривожланишида ҳам ижобий ўзгаришлар юз берди. Археологик изланишлар, ёзма манбалар гувоҳлигига кўра сунъий суғоришга катта эътибор берилиб, воҳалар имконидан иложи борича кенг фойдаланишга ҳаракат қилинган. Натижада деҳқончиликнииг ривожланишида узилиш бўлмаган. Турли ҳил қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари етиштирилган. Улардан юқори ҳосил олинган. Шаҳарларда ҳаёт қайнаб, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик ривожланган. Мамлакатда ишлаб чиқарилган турли хилдаги газламалар, заргарлик буюмлари, кийим- кечаклар, гилам, поёндоз, тери, жун, ёғ-мой, совун, қурол-аслаҳа, эгар-жабдуғлар, ҳўл мева, қуруқ мева, ипакликлар, жавоҳирлар ва бошқа кўплаб маҳсулотлар ҳам ички бозорда, ҳам ташқи бозорда харидоргир эди. Албатта, бунда тегишли давлат идораларининг ҳиссаси ҳам катта бўлган. Чунончи, доим бўлганидек мухтасиблар бозорлардаги нарх-наво, маҳсулотларнинг сифати, тошу тарозунинг аҳволидан хабардор бўлишни тўхтатмаганлар. Карвон йўлларида тўхташ жойлари, сув омборлари, ҳавзалари қурилган ё борлари таъмирланган, катта карвонларни қўриқлаб боришга ҳатто султоннинг шахсий паҳлавонлари ҳам жалб этилган.
Хоразмшохлар давлати маркази -Гурганж йирик савдо ва маданий марказга айланган. Шунингдек, Хазарасп, Кат, Хушмусан, Дарғон, Савағон, Манғишлоқ, Нузкат каби шахарлари обод шахарлар қаторига кирган. Хоразмшоҳлар давлатида раият, яъни оддий аҳолининг ижтимоий турмуш тарзи яши бўлиши учун ҳукмдорлар алоҳида аҳамият берганлар. Жумладан, Хоразмшоҳ Такаш ўз фармонларидан бирида раиятга нисбатан адолатли бўлшга, деҳқонларнинг манфаатини ҳимояга қилишга, солиқларни олиш жараёнида қонунларга тўлиқ риоя этишга амр қилган. Жалолиддин Хоразмшоҳ ҳам уруш натижасида қийин аҳволга тушиб қолган аҳолини солиқлардан озод этган.
Хоразмшоҳлар даврида деҳқонларнинг турмуш тарзи анча юқори бўлган. Хукмдорлар ва иқто эгалари ҳам деҳқончиликдан юқори ҳосил олиш учун деҳқончиликка кўп маблағ сарфлаб, қишлоқнинг иқтисодиётиин қўтаришга ҳаракат қилганлар. Такашнинг муншийси -шахсий котиби Мухаммад Бағдодий Ат-тасвири ила-т-тарассул (Мухим номалар битиш йўл-йўриқлари) асарида ўша даврдаги ахволни ёзиб қолдирган.
Бу даврдаги воқеа-ҳодисаларни ўз кўзи билан кўрган ва тўғри холис хулосалар чиқариши мумкин бўлган инсон Шаҳобиддин Ан-Насавий Султон Муҳаммаднинг ҳукмронлигини юксак баҳолаб шундай дейди: «Унинг амалга оширган ишлари ниҳоятда улуғ эди, отаси унга Хуросон ва Хоразм ҳукмдорлигини мерос қолдирди, у бунга Ироқ ва Мозандаронни ҳам бирлаштирди. Шу билан бирга, қўл остига Кирмон, Кеш, Сейистон, Ғур, Ўазни, Бомиён мамлакатларини, Ҳиндистоннинг водийларига қадар масканларни қўшиб олди. Бу ишларнинг ҳаммасини қиличлар қиндан чиқарилмасдан, ҳатто қинлар елкаларга осилмасдан амалга оширилди, бу мамлакатларни ортиқча кучсиз, курашсиз, зўравонлик ва вайронагарчиликсиз, фақат таҳдид ва қўрқитиш билан босиб олди. У ўз қўл остига тўрт юзга яқин шаҳарларни бирлаштирди. Бошқа биров бўлганда бу даражада муваффақиятга эришиши қийин кечарди, у эса бир оғиз сўз билан қўл остига шунча миқдордаги мулкни тўплади». Ануштегинлар даврида мадрасалар барпо этиш, кутубхоналар очиш, уларни китоблар билан тўлдириш, истеъдод эгаларининг бошини силаш, асраб-авайлаш одати сақланибгина қолмай, янада ривож топди. Зиё маскани бўлмиш кутубхоналар фаолиятига катта эътибор берилган. Масалан, Бухоро вилоятидаги шаҳарлардан бирида фуқаролар, яъни умумий кутубхона мавжуд бўлиб, унда сақланадиган қўлёзма асарлар ғоятда ноёб ҳисобланган. Худди шундай кутубхоналар ўлканинг бошқа ерларида ҳам, масалан, Хоразмда бўлгани маълум. Мадрасаларга келсак, манбаларда ёзилишича, бундай билим масканлари салтанат маркази Хоразмдан ташқари Нишопур, Исфаҳон ва бошқа шаҳарларда ҳам қад кўтарган. Уларда ўқиш жараёнига жуда катта масъулият билан қаралганини шундан ҳам билиб олса бўладики, Мадраса раҳбари ва мударрислар олий ҳукмдор ё унинг жойлардаги ноибининг махсус буйруғи билан тайинланганлар. Чунки ҳар қандай жамият, у қанчалик турли имкониятларга эга бўлмасин, агар шу имкониятларни юзага чиқаришга қодир мутахассислар бўлмас экан, улар оғизда қолаверади. Мутахассислар эса тарбияланади, парвариш этилади. Хоразмшоҳлардан Оциз, Такашларнинг шу маънодаги буйруқларини таҳлил қиларканмиз, улар мазкур ҳақиқатни жуда тўғри англаганликлари намоён бўлади. Шунинг учун ҳам улар таълим ва тарбия, фан соҳаларига мутасаддиларнинг илмли, иймонли, ҳурматли, ҳалол бўлишларига катта эътибор билан қараганлар. Мазкур сиёсат ўз мевасини ҳам берган. Баҳовиддин Марвазий, Абу Али Ҳасан Бухорий, Заҳириддин Ғазнавий, Исмоил Журжоний, Фахриддин Розий, Махмуд Замаҳшарий, Абулфатҳ Хоразмий, Абулқодир Журжоний, Сирожиддин Хоразмий, Рашидиддин Вотвот, Сайфи Исфарангий, Зиё Хўжандий, Нажмиддин Кубро, Мажидиддин Хоразмий каби ўнлаб математиклар, юлдузшунослар, табиблар, тарихчилар, шоирлар, файласуфлар, адиблар, тилшунослар, мутассаввуф олимлар шулар жумласидандир. Албатга, биз ва ҳамкасбларимиз мазкур рўйхатни янада давом эттириб, уларнинг ҳар бири ҳақида кўплаб қоғоз қоралашимиз мумкин. Аммо бу алоҳида тадқиқот учун мавзу бўлгани сабабли қуйида уларнинг баъзи бирларининг эътиборга молик жиҳатларига диққатни жалб этмоқчимиз. Қутбиддин Муҳаммад ва Оциз замонларида машҳур тиббиёт олими Саййид Исмоил Журжоний фаолият кўрсатиб, бир қатор қимматли асарлар яратган. Улар орасида Қутбиддин Муҳаммадга бағишланган «Заҳирайи Хоразмшоҳий» асари алоҳида ўрин эгаллайди. Бу асарнинг қиммати шу қадар бўлганки, Жолинус (Гален), Муҳаммад Закариё, Ибн Сино, Абу Саҳл Масиҳий асарлари билан бир қаторда тиббиёт соҳасидаги энг муҳим асар ва манбалардан бири сифатида қабул қилинган. Ўн икки жилддан иборат бу асар тиббиётнинг барча йўна- лишлари, ташриҳ, оддий ва мураккаб дорилар ҳақидаги тадқиқотларни ўз ичига олган. У араб ва турк тилларига таржима қилинган. Исмоил Журжонийнинг энг катта хизматларидан бири шундаки, у Ибн Синодан кейин тиббиёт соҳасидаги барча йўналишларни янги тадқиқотлар асосида қайтадан баён қилиб чиққан. Олим фаолиятининг биз учун қадрли томонларидан яна бири шундаки, Ибн Сино юртимиздан «бир чиқиб» қолган ягона буюк тиббиёт олими эмас, балки бу соҳа ундан кейин ҳам бизда юксак даражада тараққий қилиб келганлиги маълум бўлади. Зеро, ўтмишдаги олиму фозилларимиз илму тафаккурга доимо содиқпик билан хизмат қилиб келганлар. Уларнинг содиқлик тўғрисидаги тушунчалари ватанга нисбатан ҳам юксак даражада эди. Буни биз машҳур мутасаввуф олим ва шоир Нажмиддин Кубро мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.
Улкан ҳудудда марказлашган давлатнинг ташкил топганлиги турли халқлар ўртасидаги савдо-сотиқ ва маданий алоқаларни ниҳоятда ривожланишига олиб келди, ўзаро урушларга чек қўйилиб, халқнинг тинчлиги таъминланди. Мирзо Улуғбек бу ҳолатни шундай ифодалайди: «Мўтабар тарихларда битилмиш ва зикр этилмишким, Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ замонида эрон ва Турон давлати бағоят осойишталикда ва солим эди. Чунончи, агар кўзи ожиз кампир қизил олтин тўла таштни бошига қўйиб Машриқдан Мағрибга жўнайдиган бўлса, бирор жонзот унга дахл қилмаган. Шоҳ шу даражада кучайдики, мамлакатда бирорта ҳам ўғри қолмади».
Мўғуллар босқини арафасида Хоразмда бўлган араб сайёҳи ва географи Ибн Ёқут ҳам Хоразмнинг юксак даражада тараққий этган ўлка эканлигини қайд қилиб ўтган эди.
Ғарб, хусусан, рус тарихчилари Султон Алоуддин Муҳаммад ҳукмронлиги даврини ўзига хос «Ренессанс» даври, яъни «Хоразм Уйғониш» даври деб атаганликларини ҳисобга олсак, унинг нақадар буюк ҳукмдор бўлганлигини кўрамиз.
Султон Алоуддин Муҳаммаднинг юксак маданиятли ва маърифатли шахс бўлганлиги шубҳасиздир. У ёшлигиданоқ салжуқийлар давлати пойтахти Марвда, шунингдек, ўша даврда Шарқнинг энг гўзал ва катта шаҳари ҳисобланган хоразмшоҳлар пойтахти Гурганжда замонасининг буюк алломаларидан етарли билим олган.
Хоразмшоҳлар даври фан ва маданият юксалган, чунки Хоразм анъанавий равишда фан ва маданият бешиги бўлиб келган. Шунингдек, Хоразмшоҳлар даврида иқтисодий-ижтимоий тараққий этган ва давлат арбоблари ҳам илм-маърифатли бўлган. Хоразмшоҳлар замонида айни шу икки омил ўзаро уйғунлашган эди. Хоразмшоҳларнинг барчаси чуқур билим эгаси эдилар. Улар ҳам дунёвий, ҳам диний билимларни эгаллаганлар. Масалан, Оциз қасидалар, рубоийлар ёзган, кўплаб назм намуналарини ёддан айтиб бера олган, санъат ва илмга катта ихлос билан қараган. Рубоийларидан бирида у шундай дейди: «Дунё белига урилган тамға менинг фармонимдир, фалак қулоғидаги ҳалқа менинг паймонимдир. Бугун шундай салтанатни қўлда туцамда, дўст ризолигига эришиш менинг иймонимдир». Такаш, эл- Арслон, Султон Муҳаммад ва хоразмшоҳларнинг бошқа намояндалари ҳам кенг билимли, шеър ва санъатни қадрловчи бўлганлар, назмда ижод қилганлар. Такаш эса айниқса уд чалишни ўрнига қўйган.
Улуғ қобилиятли саркарда, моҳир дипломат ва маърифатпарвар ҳукмдор бўлмаганида, Султон Алоуддин Муҳаммад бу қадар юксакликка кўтарилмаган, ўзи эса, буюк ҳукмдорга, Марказий Осиё, жумладан Хоразм ва Мовароуннаҳр юксак фан ва маданият марказига айланмаган бўларди. Буларнинг барчаси Султон Алоуддин Муҳаммаднинг адолатли ҳукмдор ҳамда фан ва маданият ҳомийси бўлганлигидан далолат беради. Унинг вазири Шаҳобиддин Хивақий ўз даврининг энг билимли, маърифатли давлат арбобларидан бўлган. Ислом дини қонунларини мукаммал билган. Давлат бошқарувининг барча масалаларида ўзига хос мустақил фикрга эга бўлиб, доим адолат юзасидан иш кўрган. Ан-Насавийнинг ёзишича, Хоразмшоҳ Султон Муҳаммад барча ишларда доно вазири Шахобиддин Хивақий билан маслаҳатлашган ва унинг фикрларига қулоқ солган.
Мўғуллар ҳужуми жараёнидаги воқеалар бу улкан салтанатнинг сиёсий асослари анча бўш эканлигини кўрсатди. Мамлакатдаги турли сиёсий кучлар ўртасидаги ҳокимият учун кураш, халқ миллат учун оғир кунларда душманга қарши якдил бўлиб бирлаша олмаслик, аксинча, ўзаро низо, фисқу-фасодларнинг янада кучайиши, охир-оқибат салтанатни ҳалокатга олиб келди. Замондошларини ва кейинги авлод вакилларини ҳайрон қолдириб, жуда қисқа муддатда (уч йил давомида) мағлуб бўлган бу улкан салтанатнинг ва унинг ҳукмдори Хоразмшоҳ Султон Муҳаммаднинг аччиқ тақдири ҳозирги авлод учун аччиқ сабоқ бўлмоғи лозим. Зеро, тарих сабоқ олиш учун манбадир.