Алоиддин Муҳаммад Отсиз (вафоти 1156 йил)
Пичоқ суякка бориб етганда хоразмшоҳ ўзи каби, балки ўзидан кўп ожиз бандага тобе бўлишдан қутулиш ва юрт мустақиллигига узил-кесил эришишга қарор қилди.

Тарихий манбаларда Отсиз шоҳлик қилган салкам 30 йиллик даврга катта ўрин ажратилган. Муаррихлар уни турли қиёфада ва ҳолатда тасвир этишади. Гоҳ у ҳақиқат ва адолат истаган раҳнамо, илму-ижод, дин аҳлининг ҳомийси, гоҳ қаттиққўл ва ғазабнок ҳукмдор сифатида намоён бўлади. Аммо барча тарихнавислар хоразмшоҳнинг ноёб фазилатли ва истеъдодли инсон бўлганлигига тан беришади. «Ануштагин хоразмшоҳлар давлати (1097-1231)» асарида жумладан шундай таъкидланади:

«Отсиз мусулмонлар» подшоҳига хос ислом динига ва илоҳиёт олимларига ҳомийлик қилишдан ташқари, турли фанлар ва санъат аҳлини қадрлар, ўзи ҳам рубоийлар ёзар, жуда кўп буюк шоирларнинг байтларини ёддан билар эди. У Хоразм аҳолисига ғамхўр, адолатли подшоҳлик қилди. Фуқаролар хоразмшоҳ Отсизни яхши кўрар, унинг замонида ҳавф-хатардан ҳоли тинчлик ва осойишталикда, адолатда яшашди».

Беиҳтиёр шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур эсга тушади. Отсизни ҳам бир қўлда қилич, яна бир қўлда қалам билан тасаввур қилишда унинг сиймоси мададкор бўлади. Афсуски, Отсизнинг қасида ва рубоийлари сақланиб қолмаганлиги сабаб, улар ҳақида сўз юритишнинг имконияти йўқ. Аммо у ҳам Бобур сингари шеърий асарларида Ватан меҳру-муҳаббатини, садоқат ва вафони, гўзалликни мадҳ этганлигини, унинг ҳаёти тадрижидан келиб чиққан ҳолда ҳис этиш мумкин. Шунингдек, Отсизнинг меҳру-муҳаббати илоҳий муҳаббатдан куч олганлигини, шу куч уни жасорат, мардонаворликлар кўрсатишга даъват этиб турганлигини ҳам англаш қийин эмас.

Отсизнинг асосий ғаними беҳад катта кучу қудратга эга бўлган салжуқий султон Санжар, агар таъбир жоиз бўлса, фақат ёндиришни билгувчи оловга менгзарди. Олисроқдан бу оловнинг иссиғидан фойдаланиш мумкин эди. Отсиз ўз даврига келиб, ота боболари сингари бу ўтдан наф кўриш илинжидан воз кечди ва оловга қарши курашишга отланди. Охир-оқибат беқиёс кучу қудрат соҳиби бўлиб танилди. Бунга у кўпгина мамлакатларни гўёки ўтда ёнмас қалқон бўлиб, султон Санжардан ҳимоя эта олганлиги, ҳалқларнинг эзгу мақсадларини бирлаштиришга муваффақ бўлганлиги сабабли эришди. У салжуқий султондан ўзининг кўп жиҳатлари билан фарқ қилди. Гўёким ҳаётбахш оби-ҳаёт бўлиб бутун Ўрта Осиёга, Форс кўрфазигача етиб борди. Охир оқибат олов устидан ғолиб келди.

1130 йилда юз берган бир воқеа Отсизнинг руҳият иқдидоридан ҳам дарак сифатида тарихий манбаларда қайд этилган. Вазирлар фитна уюштириб султон Санжарни ўлдиришга қасд қилганликлари Отсизга тушида аён бўлади. У ёрдамга шошилиб, султонни ўлимдан сақлаб қолади.

Тарихда бундай руҳий қувватга эга бўлган инсонлар, йўлбошчи-раҳнамолар кўп бўлган. Шу жиҳатдан бу воқеа ишончсиз туюлмайди. Қолаверса, хоразмшоҳ султоннинг энг ҳавфли душманлари ўз ичидан чиққан, сарой амалдорлари кеча-кундуз фитна ниятида эканликларини сезган ва доим шуни ўйлаб юрган. Отсиз фитнани тушида ҳам кўрган бўлса не ажаб.?

Бу воқеа хоразмшоҳнинг мардлиги, ҳалол курашиш истаги, одамга зарур пайтда ёрдам беришга ҳозир турганлигини англатиш билан бирга, узоқни кўзловчи сиёсатчи ва дипломат бўлганлигини ҳам кўрсатади.

Аслини олганда, султон Санжардан холос бўлиш, унинг айни муддаоси бўлиши керак эмсамиди.? Аммо султоннинг ҳалокати шу пайтда бутун Шарқдаги ҳукмрон кучлар мувозанатини издан чиқариб юборар эди . Бу эса турли тарафда фурсат кутиб турган ёвуз душманларнинг Маворауннаҳрга, албатта Хоразмга, мурў малаҳдай ёприлиб келиши учун имкон туғдирарди. Султон Санжар эса вақтинча уларнинг олдини тўсиб турибди. Бу муваққат қалқонини олиб ташлайдиган вақт албатта келади. Хоразмшоҳ ана шулар ҳақида чуқур мулоҳаза қилганлиги табиий.

Кўп ўтмай султон Санжарни ўз вазирларининг қўли билан бартараф этишга муваффақ бўлмаган Бағдод ҳалифаси султон билан хоразмшоҳнинг орасини бузишга жиддий харакат қилиб кўрди. Ҳалифа Отсизга султонга қарши курашда мададкор бўлишга, сўз берди-ю ҳуфёна тарзда султонни ҳам хоазмшоҳга қарши курашга рағбатлантириб турди. Бунинг оқибатида Отсиз Хоразмдан Балхга бадарға қилинди. У яхшилик учун жазони жону танида чуқур ҳис этди.

Ниҳоят султон Отсизни ўз юртида бирёқли қилиш ниятида Хоразмга қайтарди. Муаррихлар аниқ ва тиниқ ҳолда ёзиб қолдирган бир гап кўп нарсага аниқлик критади: «Бу одамни энди бошқа кўрмайман».

Султон Санжарнинг шу бир гапи ҳам у кўпчиликнинг кўзи олдида мурувватли ва ҳимматли , ўзига қилинган яхшиликни унутмайдиган ҳукмдор сифатида кўринишни жуда истаганини, аммо, аслида хоразмшоҳдан қутулишнинг қулай фурсатларини кутаётганлигини англатади. Агар хоразмшоҳ бирор фитна қурбони бўлишини билганида султон уни сира ҳам тушида кўрмаган, кўрса-да ёрдам беришга шошилмаган бўлар эди.

Пичоқ суякка бориб етганда хоразмшоҳ ўзи каби, балки ўзидан кўп ожиз бандага тобе бўлишдан қутулиш ва юрт мустақиллигига узил-кесил эришишга қарор қилди. У султонга бўйсунмаслигини баралла айтди. Хоразмликлар ва истибдодда эзилаган мамлакатларнинг ҳалқлари унинг қарорини маъқулладилар. Алоиддин Отсиз шу пайтда қирчиллама қирқ ёшида эди. Султон Санжар билан курашишни бирёқли қилгунча унга яна йигирма йилдан кўпроқ вақт керак бўлди. Жасур ва донишманд, одамлар қалбини тушунадиган, руҳияти юксак инсоннинг бу йигирма йиллик умри охир – оқибатда юрт тарихида мунаввар саҳифалар очди.

Отсиз ўзи ғалаба билан кириб борган мамлакатларда ноибларини қолдириб, яна она юрт дийдорига шошиларди. Ўзи билан эса таниқли олим ва орифларни олиб қайтарди. Бу унинг Хоразмни йирик фан, маданият марказига айлантириш истагидан дарак берарди.

Хоразмшох саркарда сифатида мағлубият аламларини ҳам тотиб кўрди. Аммо у мушкул вазиятлардан чиқиб кетиш йўлини топа оларди. Энг тасирчан сўз ва иборалар қўллаб битилган номалар унинг дўсту душманлари қалбларини забт этади.

Отсиз ўз даврининг машҳур шоирлари, олим ва орифларига саройдан муносиб ўрин берганлиги тарихий ҳақиқат. Хусусан бутун Шарқ тан олган Рашидиддин Вотвот сингари алломанинг унга асдойдил ҳайриҳоҳ бўлиб битган номалар ва қасидалар ҳам шундан дарак беради.

Хоразмшох Алоиддин Отсиз вафотидан сўнг унинг ўғли Эл Арслон тахтга ўтирди.

Сотим Аваз.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

КЎП ЎҚИЛГАНЛАР